Ўзбекистон Яманни ҳам мағлуб этди: 1-3

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Футбол, жаҳон чемпионати 2018, Осиё Кубоги 2019: Осиё қитъаси 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувлари, ‘H’ гуруҳи, 8-тур учрашуви, Қатар, Доҳа, “Ал-Арабий” стадиони – Яман 1-3 Ўзбекистон:

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Яманга қарши навбатдаги тур учрашувини ҳам ғалаба билан якунлади.

Бу – Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларида бир мағлубият ортидан, кетма-кет қайд этган бешинчи ғалаба бўлди.

Доҳадаги сўнгги ғалабаси ортидан, Ўзбекистон 6 ўйиндан жаъми 15 очко жамғарган ҳолда гуруҳда 2-ўриндаги мавқеини янада мустаҳкамлаб олди.

Бугун кун аввалида ўз майдонида Баҳрайнни 2-0 ҳисобида мағлуб этган Шимолий Корея эса, етти ўйиндан 16 очко тўплаган ҳолда ҳануз ‘H’ гуруҳида пешқадамлик қилмоқда.

Ямандаги нотинчликлар боис, Қатар пойтахти Доҳада бўлиб ўтган ўйинда ҳисобни Ўзбекистон миллий терма жамоаси вакиллари очишди.

Учрашув 1-бўлими 7-дақиқасида киритилган илк тўпни Азиз Ҳайдаров ўз ҳисобига ёзди.

Орадан 25 дақиқа ўтиб, Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ сардори Сервер Жепаров ҳисобни 0-2 га етказди.

Учрашув 1-бўлими якунига қадар ушбу натижа ўзгармади.

Миллий терма жамоалар Ўзбекистоннинг ҳисобидаги устунлиги билан танаффусга чиқишди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Учрашув 2-бўлимининг 50-дақиқасида эса, Станислав Андреев ҳисобни янада мустаҳкамлади.

Аммо ўйин тугашига саноқли дақиқалар қолган бир паллада Яман ҳисобни биттага қисқартиришга муваффақ бўлди.

Учрашув асосий вақтига қўшиб берилган қўшимча икки дақиқа оралиғида Аҳмад Ал-Сарорий Ўзбекистон дарвозасига киритилган ягона тўп муаллифига айланди.

Ҳар учала голи ортидан, Ўзбекистон Яманни ҳам йирик ҳисобда мағлуб этишга муваффақ бўлди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийси Самвел Бабаян Яманга қарши ўйин ортидан берган матбуот анжуманида “Муҳим ғалабага эришганлари ва уни мухлисларга бағишлашлари"ни айтди.

Миллий терма жамоа навбатдаги тур учрашувини келаси йил 24 март куни Тошкентда Филиппинга қарши ўтказади.

‘H’ гуруҳи 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг ўзи эса, 29 март куни поёнига етади.

Худди ўша куни Ўзбекистон ўз майдонида якуний тур учрашувида Баҳрайнга қарши тўп суради.

Агар, кейинги босқич саралаш беллашувларига тўғридан-тўғри чиқмоқчи бўлса, Ўзбекистон ўз гуруҳида пешқадам мавқеъни эгаллаши шарт бўлади.

Лекин, шунда ҳам, таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон, ҳатто, жорий пайтнинг ўзида ўз гуруҳида энг яхши натижа билан иккинчи ўринни эгаллаб турган учта миллий терма жамоадан биттаси бўлиб турибди.

Эслатиб ўтиш жоиз, қитъанинг 40 та миллий терма жамоаси орасидан худди шу каби натижа қайд этолган учтаси ҳам 3-босқич саралаш беллашувларига ўтиш ҳуқуқига эга бўлади.

Яман-Ўзбекистон учрашуви олдидан Доҳадан суҳбат

'H' гуруҳининг Яман-Ўзбекистон учрашувига саноқли соатлар қоларкан, Би-би-си Ўзбек Хизмати миллий терма жамоа билан бирга Доҳада бўлган Ўзбекистон Футбол Федерацияси матбуот воизи Санжар Ризаев футболчиларнинг кайфияти, у ердаги об-ҳаво, ўйин бўлиб ўтажак "ал-Арабий" стадионининг аҳволи ва ишқибозлару, ишқибозлик ҳақида суҳбатлашишга муваффақ бўлганди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Эслатиб ўтамиз, икки рақиб миллий терма жамоа ўртасидаги 2-давра гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 8-тур учрашуви бугун - 17 ноябр куни Тошкент вақти билан кеч соат 20:30 да бошланади.

Ямандаги нотинчликлар сабаб, ўйин Қатар пойтахти Доҳадаги "Ал-Арабий" стадионида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон жорий пайтда 5 учрашувидан 12 очко жамғарган ҳолда ўз гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

Гуруҳ пешқадами Шимолий Корея ҳисобида эса, 16 очко бор. Аммо бу жамоа Ўзбекистондан иккита ўйин кўп ўтказган.

Бугун кун аввалида ўз майдонида ўтказган 9-тур учрашувида Баҳрайнни 2:0 ҳисобида мағлуб этган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов Қатарга жўнаб кетишлари арафасида Яманга қарши ўйиндан ҳам “асосийси – ғалаба ва уч очко” эканини таъкидлади.

Яманга қарши Тошкентда бўлиб ўтган дастлабки учрашув эса, кичик – 1:0 ҳисобида Ўзбекистон фойдасига ҳал бўлган.

Кеча душанба куни Доҳада бўлиб ўтган ўйинолди расмий матбуот анжуманида Бош мураббий Самвелл Бабаян Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркиби “оптимал” кўринишда эканини айтди.

Олдинда “қийин учрашуви кутиб тургани, аммо энг яхши ўйинларини намойиш этиб, керакли натижани қўлга киритиш умидида эканликлари”ни баён қилди.

Ўз навбатида, Яман миллий терма жамоаси Бош мураббийси Амин ал-Сунайни ҳам Ўзбекистонга қарши ўйин “қийин” бўлишини эътироф этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Эслатиб ўтиш жоиз, Яман сўнгги тур учрашувида сафарда Филиппинни 0:1, Ўзбекистон эса, Тошкентда Шимолий Кореяни 3:1 ҳисобида мағлуб этган.

Аммо Яман 6 ўйиндан бор-йўғи 3 очко жамғарган ҳолда гуруҳда энг сўнгги ўринни эгаллаб турибди.

‘H’ гуруҳида Ўзбекистон ва Ямандан ташқари, яна Шимолий Корея, Филиппин ва Баҳрайн саралаш босқич беллашувларининг кейинги даврасига чиқиш учун кураш олиб боришмоқда.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида ҳали бирор марта Яман терма жамоасига мағлуб бўлмаган.

Бу икки миллий терма жамоа ўртасида бирор марта дуранг натижаси ҳам қайд этилмаган.

Икковлон бир-бирларига қарши уч бор майдонга тушишган бўлса, уларнинг барчасида Ўзбекистоннинг қўли баланд келган.

Бу йилги гуруҳ босқич саралаш беллашувлари футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионати ва 2019 йилги Осиё Кубоги иштирокчиларини аниқлаб беради.

Агар, Ўзбекистон 2-давра саралаш беллашувларини ўз гуруҳида пешқадам мавқеъда якунласа, кейинги босқичга тўғридан-тўғри йўл олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи UFF

Шу пайтга қадар қўлга киритган натижалари кўзда тутилганда ҳам, Ўзбекистон иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқиш имкониятлари энг яхши бўлган учта миллий терма жамоадан биттаси бўлиб турибди.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига шу пайтгача жаҳон чемпионатига чиқиш насиб этмаган.

Жамоа ўзининг қисқа тарихида икки бор гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг Осиё миқёсидаги плей-офф босқичигача кўтарилишга муваффақ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ