Руслан Чагаев: ‘Мен рақиб танламайман’

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони Руслан Чагаевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, австралиялик рақиби Лукас Браунга қарши навбатдаги жанги келаси йил феврал ойи охирларида бўлади.

Жаҳон Бокс Уюшмаси икки ҳафтача бурун ҳар икки рақиб жамлоқ зиммасига бўлажак жангни қачон ва қаерда ўтказиш масаласида келишиб олиш масъулиятини юклаган, агар бунга муваффақ бўлишмаса, масалага ўзларининг аралашишларини баён қилганди.

Руслан Чагаевнинг айтишича, ҳозир ҳам ўзи ва рақибининг менежерлари бу хусусда музокаралар олиб боришмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли боксчига кўра, ўзаро мулоқотларнинг ижобий якун топишига умидбахшдир.

Руслан Чагаев шу йилнинг июл ойида ўзининг профессионал карьерасидаги иккинчи жаҳон чемпионлиги камарини илк бор муваффақиятли ҳимоя қилганди.

Руслан Олмонияда бўлиб ўтган жангида италиялик рақиби Франческо Пьянетани биринчи раунддаёқ мағлубиятга учратганди.

Шундан сўнг ўзбекистонлик боксчининг 17 октябр куни реванш жангида асли пуэрто-рикалик рақиби Фрес Окендо билан рингга тушиши режаланган, бироқ рақибининг елкасидан олган жароҳати сабаб, Олмониянинг Киль шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган жанг бекор бўлганди.

Хабарларда Руслан Чагаев ва Фрес Окендо ўртасидаги реванш-жанги бир неча ойлик маҳкама жараёни ортидан берилган қарор экани айтилганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик таниқли боксчи ўзининг профессионал карьерасидаги иккинчи жаҳон чемпионлиги камарини 2014 йилнинг июл ойида Грознийда бўлиб ўтган жангда айнан Фрес Окендони мағлуб этиб, қўлга киритганди.

Русланнинг австралиялик бўлажак рақиби Лукас Браун эса, профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарига расмий даъвогар саналади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Яъни, икки рақиб жамлоқ ўртасидаги музокаралар 30 ноябр кунига қадар қандай якун топишидан қатъиназар, Руслан Чагаев ва Лукас Браун ўртасидаги жангнинг албатта бўлиб ўтиши шарт кўрилади.

Русланнинг айтишича, агар, Лукас Браун жамлоғи билан айтилган муддатга қадар бир тўхтамга келиша олишмаса, кейин томонлар ўз шартларини илгари суришади ва шунга қараб, якуний қарорга келишади.

Унинг тахминларига кўра, бўлажак жангнинг муддати келаси йилнинг феврал ойи охирларига тўғри келиши мумкин.

Лукас Браунга қарши жангига аллақачон Америкада ўз тайёргарлик машғулотларини бошлаб юборган Руслан Чагаевнинг айтишича, рингга фақат ғалаба учун тушади ва навбатдаги рақибини ҳам енгиш умидида.

“Мен рақибларимни ҳеч қачон яхши-ёмон, деб ажратмайман. Мен учун уларнинг ҳаммаси бирдек кучли ва тайёргарлигим ҳам ҳар доим шунга яраша бўлади”, - дейди Руслан.

“Лукас Браун кучли рақиб. Вазни ҳам оғир, гавдасиям катта. Лекин, Худо хоҳласа, ютамиз. Уни ҳам енгишга ҳаракат қиламиз”.

Суҳбатимиз сўнггида Руслан Чагаевнинг баён қилишича, жорий пайтдаги тайёргарлигидан ҳам ҳар томонлама кўнгли тўқ ва ҳамма ишлари жойида.

Унга кўра, ҳозир машғулотлар пайтида асосий эътиборни асосан жисмоний тайёргарликка қаратишмоқда ва тез орада тактик ҳамда техник машқларни ҳам бошлаб юборишади.

Номдор суҳбатдошимиз, ўз ўрнида, Лукас Браун билан жангига иқлими сабаб, Олмония ёки Россия эмас, айнан Америкада тайёргарлик кўришни маъқул, деб топганини айтади.

Руслан Чагаев асли ўзбекистонлик ва ўз даврининг энг номдор боксчиларидан бири бўлган Артур Григорян ҳамда ўтган йилдан бошлаб кубалик яна бир таниқли мураббий Педро Диас қўллари остида шуғулланиб, ўз жангларини ўтказиб келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, 37 ёшли Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтгача 37 та жанг ўтказган бўлса, шундан 34 тасида ғалаба қозонган.

Иккита жангини бой берган ва биттасида дуранг натижа қайд этган.

Русландан бир ёш кичик бўлган австралиялик рақиби Лукас Браун эса, профессионал боксдаги карьерасини 2009 йилда бошлаган.

Орада 23 та жанг ўтказган ва шунинг ҳаммасида ғалаба қозонган.

Сўнгги бор рингга шу йилнинг август ойида тушган ва америкалик рақиби Жулиус Лонгни енгиб, профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида ўзининг EPBC ва WBA Intercontinental камарини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Аввалроқ спорт ва боксга ихтисослашган турли интернет нашрлари Лукас Брауннинг Руслан Чагаевга қарши истаган ерда жанг ўтказишга тайёр эканига оид сўзларидан иқтибос келтиришганди.

Орада икки рақиб боксчи ўртасидаги жангнинг Москва ёки Грознийда бўлажагига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Руслан Чагаев 2007 йилда россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, профессионал карьерасида илк бор ўз таснифи ва вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритган.

2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган Руслан икки йилдан буён Чеченистондаги Аҳмат Ҳожи Қодиров номли бокс клубини намоён этиб келади.

Бу клуб амалдаги чечен раҳбарининг ташаббуси ва қарори билан 2013 йил охирларида жаҳон, Оврўпо ва Россия чемпионлари дохил жаҳон миқёсидаги спортчиларни тайёрлаб келган “Рамзан” клуби ўрнига ташкил этилган ва марҳум отасининг номи билан аталган.

2001 йилда тўлиқ профессионал боксга ўтган ўзбекистонлик номдор боксчи ундан олдин ўн йилча Олмониянинг Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келган.

Таъкидлаш жоиз, Руслан Чагаев ҳозир ҳам ўз оиласи билан Олмонияда яшаб, асосан ўша ерда бокс билан шуғулланиб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ