Ўзбекистонлик чемпион: 'Кличко яна ўзини кўрсатади'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик таниқли боксчи, Ёзги Олимпиада Ўйинларининг ягона олтин медали совриндори, ҳаваскор боксда бир неча карра жаҳон чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаевга кўра, шов-шувли ютқизиғи ортидан, амалга ошса, Владимир Кличко-Тайсон Фьюри реванш жанги осон бўлмайди.

У бу ҳақда украиналик номдор боксчи, профессионал бокснинг, агар таъбир жоиз бўлса, сўнгги ўн йилдаги "қироли" Владимир Кличконининг британиялик рақибига кутилмаган ва шов-шувли мағлубияти ортидан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида билдирди.

Владимир Кличко Тайсон Фьюрига қарши 28 ноябр куни Олмонияда рингга тушган ва унга профессионал бокснинг WBA, IBF, WBO таснифида энг оғир вазн тоифасидаги жаҳон чемпионлиги камарларини бой бериб қўйганди.

Ҳам ўзи ва ҳам натижаси катта гап-сўзга сабаб бўлган жанг очколар ҳисобига (115-112, 115-112 ва 116-111) британиялик 27 яшар боксчининг фойдасига ҳал бўлганди.

Ўзбекистонлик номдор боксчининг айтишича, жаҳон бокс оламидаги аксарият каби, Владимир Кличкодек тажрибали, маҳоратли ва юлдуз боксчининг бу каби ютқизиғи ўзларини анча хафа қилган.

Суҳбатдошимизга кўра, Владимир Кличко-Тайсон Фьюри ўртасидаги жанг ўзбекистонлик бокс мухлислари орасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлган.

Жанг маҳаллий вақт билан ярим тунга тўғри келганига қарамай, аксарият уни томоша қилган ва кўпчилик Владимир Кличконинг ғалаба қозонишига ишонган.

"Ўзингизга ўхшаш ноқулай бир рақиб бўлса, худди шанба кундагисидек кутилмаган, ҳеч ким ўйламаган натижа билан туговчи жанг юзага келади. Менимча, қандай қилиб ютқазиб қўйганини Владимир Кличконинг ўзи ҳам тушунмади. Спортда бунақа ҳоллар бўлиб туради", - дейди Муҳаммадқодир Абдуллаев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

39 ёшли номдор рақибининг устидан эришган ғалабаси ортидан британиялик боксчи Тайсон Фьюрининг иддао қилишича, шунда ҳам, "Владимир Кличкога қарши жангда бор-йўғи 65 фоиз маҳоратини намойиш этган, холос".

Дюссельдорфдаги ғалабасини кўзда ёш билан нишонлаган бу боксчига кўра, бундан-да яхшироқ бокс тушишга қодир ва реванш жанги бўлгудек тақдирда, унда ҳам албатта ўзининг қўли баланд келишига ишончи комил.

Шанба кунги жанги арафасида реванш жанги эҳтимолини назардан соқит этмаган Владимир Кличко эса, ҳозирча, собиқ рақибига расман бундай таклиф билан чиқмаган.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи суҳбатдошимиз Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг айтишича, амалга ошса, икковлон ўртасидаги бу реванш жанги осон бўлмайди.

"Реванш жангида бу икки боксчининг ғалаба қозониш имкониятлари 50-50 бўлади. Тайсон Фури, агар, бошқа рақиб билан рингга тушиб, бу жангини нокаут билан ютса, ундан кейин бу боксчини ҳеч ким енголмайди. Чунки у ўзида ишонч ҳосил қилади", - дейди у.

Муҳаммадқодир Абдуллев, ўз ўрнида, боксчи ўлароқ Тайсон Фьюрининг ўзини қойил қолдирган жиҳатлари борлигини ҳам инкор этмайди.

"Жангда Владимир Кличкога битта аниқ зарба бергани йўқ. Лекин, қойил қолганим, ундаги ички куч, ишонч, вазни 110 кг, бўйи икки метрдан ошган спортчи 12 раунд оёқда ишлаб, зўр жанг тушгани бўлди", - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Аммо, энг сўнггида, ўзбекистонлик номдор суҳбатдошимизнинг ишонч билан айтишича, кутилмаган ва шов-шувли мағлубияти ортидан, Владимир Кличко барибир ўзини ўнглаб олади ва 100 фоиз Тайсон Фьюрини ютишга ҳаракат қилади.

"Мен Владимир Кличконинг 2003 йил Лас-Вегасда бўлиб ўтган жангини ўзим шахсан кўрганман. Ўшанда Кличко, агар, адашмасам, учинчими-тўртинчи раундда африкалик рақибидан нокаутга учраб, жангни бой берганди. Ўша жангдан кейин ҳам кўпчилик Владимир Кличконинг ортиқ ғалаба қозонишига ишонмай қўйганди. Лекин тишини-тишига қўйиб, машаққатли меҳнатдан тўхтамади. Мана, ўзингиз ҳам гувоҳсиз, ўн йил профессионал боксдаги ўрнини ҳеч кимга бергани йўқ. Унинг бу қилган ишини деярли ҳеч бир спортчи қилолгани йўқ", - дейди Муҳаммадқодир Абдуллаев.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, 2008 йилда ўзининг профессионал карьерасини бошлаган Тайсон Фьюри шу пайтгача 25 та жанг ўтказган ва шанба кунгиси дохил уларнинг барчасида ғалаба қозонган.

39 ёшли Владимир Кличко эса, профессионал рингда 2004 йилдан буён мағлубият аламини татимаган.

Профессионал бокснинг IBF, WBO, IBO таснифларида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпиони, WBA таснифида эса, суперчемпион саналиб келинган.

Энг сўнгги хабарлардан аён бўлишича, америкалик боксчи, профессионал бокснинг WBC таснифида энг оғир вазн тоифасидаги амалдаги жаҳон чемпиони Деонтей Уайлдер аллақачон британиялик янги чемпион билан рингга тушиш, ўз вазн тоифасида барча таснифдаги чемпионлик камарларини ўз белига боғлашга аҳд қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ