Гус Ҳиддинк Лондонда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Англия футбол оламидан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, голландиялик номдор мураббий Жозе Моуриньонинг ўрнига Лондоннинг “Челси” жамоасига вақтинчалик Бош мураббийлик қилиши мумкин.

Россиялик миллиардер Роман Абрамовичнинг бойвачча мовийлари кеча – 17 декабр куни асли португалиялик Бош мураббийнинг баҳридан кечишга қарор қилишганди.

Бунга “Челси” жамоасининг бу йилги омадсиз ўйини сабаб бўлганди.

Би-би-сига аён бўлишича, Гус Ҳиддинк жорий футбол мавсуми якунига қадар “Челси”ни бошқариши мумкин.

Хабарларга кўра, аллақачон Лондонга етиб кетган голландиялик мураббий ҳозир бу хусусда мовийлар раҳбарияти билан музокаралар олиб бормоқда.

69 ёшли мураббий 2008/2009 йилда ҳам “Челси”га вақтинчалик асосда Бош мураббийлик қилган.

Гус Ҳиддинк ўша пайтда бразилиялик номдор ҳамкасби Луис Фелипе Сколарининг ўрнини эгаллаган ва мовийлар билан бирга Англия Кубогини ютиб, Оврўпо Чемпионлар лигасининг ярим финалига қадар борганди.

“Челси”га қадар голландиялик мураббий Россияники дохил қатор давлатлар миллий терма жамоаларини ҳам бошқарган.

Россия миллий терма жамоаси билан 2008 йилги Оврўпо чемпионатининг бронза медалини ҳам қўлга киритган.

Хабарларга кўра, ўшандан буён “Челси” клуби соҳиби, россиялик миллиардер Роман Абрамович билан яхши муносабатда.

Гус Ҳиддинк, бундан ташқари, 2012/2013 йилларда Россиянинг бошқа бир футбол клуби – Махачқалъанинг “Анжи”сига ҳам муайян муддат Бош мураббийлик қилган.

"Анжи"га россиялик бошқа бир миллиардер Сулаймон Керимов соҳиблик қилади.

Энг сўнггида, агар, журналистларнинг тахминларига таянилса, “Челси” клубининг доимий Бош мураббийлик ўрнига испаниялик Хуанде Рамос, Хосеп Гвардиола, британиялик Брендан Рожерс ва аргентиналик Диего Симеонеалар даъвогарлик қилишлари мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ўтган йили айнан Жозе Моуриньо билан Англия чемпионлигини қўлга киритган “Челси” жамоаси жорий футбол мавсумида 16 учрашувдан 15 очко жамғарган ҳолда 16-ўринда бормоқда.

Клуб Англия премьерлигасидаги 16 ўйинидан тўққизтасини мағлубият билан якунлаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ