‘Равшан ‘Энг зўр ҳакам’ бўлишини сезгандим’

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистонлик номдор ҳакам Равшан Эрматов кетма-кет қўлга киритган қўшалоқ юксак мукофот ортидан, бу ҳақда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида унинг отаси Сайфиддин ака Эрматов билдирди.

Равшан Эрматов 27 декабр куни 'Globe Soccer Awards” талқинида жаҳонда “Йилнинг энг зўр ҳаками”, деб топилган.

Орадан тўрт кун ўтиб, пойтахт Тошкентда бўлиб ўтган тантанали маросим чоғида эса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан “Буюк Хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

Бу – 38 ёшли Равшан Эрматов ўзининг ҳакамлик карьераси давомида қўлга киритган иккинчи ордени бўлганди.

Турли талқинларда бир неча бор жаҳоннинг ва беш бор “Осиёнинг энг зўр ҳаками” бўлган Равшан Эрматов бунгача “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий нишонига ҳам лойиқ кўрилган.

“Бирлашган Араб Амирликларидан келган хабарни эшитиб, ҳайратга тушганим йўқ. Чунки “Жаҳоннинг энг зўр ҳаками”, деб айнан Равшаннинг топилишини қандайдир кўнглим сезганди. Ҳиссиётларим алдамаганига хурсанд бўлдим. Хушхабарни бу гал ҳам оила аъзоларим ва ошна-оғайниларимиз билан бирга нишонладик”, - дейди Сайфиддин ака Эрматов.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Равшан Эрматов жаҳоннинг энг таниқли футбол ҳакамларидан бири саналади.

Равшан ўз ҳакамлик карьераси давомида футбол бўйича жаҳон ва қитъа миқёсидаги энг нуфузли турнирларда ишлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Жумладан, сўнгги икки жаҳон чемпионатида жаъми тўққизта ўйинни бошқариб, ҳакамлар ўртасида жаҳон рекордини янгилаган.

Бу каби ютуқларга эса, ҳозирча, бирор бир собиқ Шўро давлати ҳаками муваффақ бўлган эмас.

Ўзи ҳам таниқли ҳакам бўлган отаси Сайфиддин ака Эрматов ўғлининг катта футбол оламида эришаётган бу каби улкан муваффақияти сирини унинг меҳнаткашлигига боғлайди.

“Меҳнат, меҳнат ва яна бир бор меҳнат орқали Равшан бу каби ютуқларга эришиб келаяпти. Ўз устида тинимсиз ишлаши, оиладаги муҳит, ён-атрофидаги ошна-оғайниларининг мақбуллиги...шуларнинг барчаси унинг тўғри йўлдан бориб, кўзлаган мақсадларига етишишига ундаётган омиллар бўлаяпти-да”, - дейди Тошкентдан суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи amplifive.uz
Image caption Ўзбекистонлик футбол фахрийси Ахбор Имомхўжаев

Ўзбекистонлик футбол фахрийси Ахбор ака Имомхўжаев ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Равшан Эрматовни эришаётган ютуқлари билан чин кўнгилдан табриклаши, фақат омад тилаб қолишини айтаркан, унинг қанчалар меҳнаткашлигини алоҳида таъкидлайди.

“Равшаннинг энг катта ютуғи шундаки, биринчидан, у йигит ўта меҳнаткаш. Масалан, мен биламанки, улар график тузиб олиб, бир гал “Пахтакор”, бир гал “Бунёдкор”, бир гал “Локомотив”да машқ ўтказишади, югуришади, сакрашади, шуғулланишади. Баъзи бир ҳакамлар ўйин бўлмаса, шуғулланишни бир четга йиғиштириб қўйишади. У ўйин бўлаяптими, танаффус бўлаяптими, даврлар оралиғи бўлаяптими, бирор марта ҳам машғулотини қолдирмайди. Шунинг учун ҳам Равшан доимо спорт формасида”, - дейди ўзбекистонлик таниқли футбол мутахассиси.

“Қайси бир мамлакатда бўлмасин, дейлик, Ҳиндистонда ўтаётган катта бир турниргами, Малайзиядаги мусобақагами ва ёки бошқа бир жойдагисигами, ҳаммасига энг яхши спорт формасида боради. Нормативларни топшириш бобида эса, ҳозир Равшаннинг олдига тушадигани йўқ. У бизнинг бахтимиз”, - деркан, Ахбор ака Имомхўжаев унинг камтарлигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Суҳбатдошимиз Россия мезбонлик қилиши кутилаётган футбол бўйича 2018 йилги жаҳон чемпионатида ишлашга номзод ҳакамлар рўйхатида ҳам Равшаннинг борлиги, унинг лозим имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, бу гал ҳам ўзлари – Ўзбекистон футбол аҳлини хурсанд қилишига умид қилиб қолишини алоҳида урғулайди.

Ҳакамларнинг якуний рўйхатига тушган тақдирда эса, Россиядагиси Равшан Эрматов кетма-кет ишлаган футбол бўйича учинчи жаҳон чемпионати бўлади ва ўзбекистонлик номдор ҳакамда яна бир бор жаҳон рекордини янгилаш имконияти пайдо бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ