Руслан Чагаев: ‘Рингга ғалаба учун чиқаман’

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони, ўзбекистонлик донгдор боксчининг баён қилишича, австралиялик рақиби Лукас Браунга қарши шанба кунги жангига тайёр.

Бу – Руслан Чагаевнинг ўз профессионал карьерасидаги иккинчи жаҳон чемпионлиги камарини иккинчи бор ҳимоя этиши бўлади.

Суҳбатдошимизнинг жанг арафасида Чеченистон пойтахти Грознийдан Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, рингга Ўзбекистон байроғи ва давлат мадҳияси остида чиқади.

Худди шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, 2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган Руслан Чагаев қарийб уч йилдирки, Чеченистондаги Аҳмат Ҳожи Қодиров бокс клубини намоён этади.

Мунтазам жаҳон чемпионлиги камари учун жанг ҳам 5 март куни Чеченистон пойтахти Грознийдаги беш минг кишилик “Колизей” спорт аренасида бўлиб ўтади.

Чемпионлик камари
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Руслан Чагаев ўз жаҳон чемпионлиги камарини илк бор ўтган йилнинг июл ойида муваффақиятли ҳимоя қилганди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи Олмонияда бўлиб ўтган жангида италиялик рақиби Франческо Пьянетани биринчи раунддаёқ мағлубиятга учратганди.

Шундан сўнг Руслан Чагаевнинг ўша йилнинг 17 октябр куни реванш жангида асли пуэрто-рикалик рақиби Фрес Окендо билан рингга тушиши ҳам режаланганди.

Бироқ рақибининг елкасидан олган жароҳати сабаб, Олмониянинг Киль шаҳрида бўлиб ўтиши кутилган жанг бекор бўлганди.

Эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик таниқли боксчи ўзининг профессионал карьерасидаги иккинчи жаҳон чемпионлиги камарини 2014 йилнинг июл ойида Грознийда бўлиб ўтган жангида айнан Фрес Окендони мағлуб этиб, қўлга киритганди.

Хабарларга кўра, Чеченистон пойтахти Грознийнинг “Колизей” спорт аренасида шанба куни бўлиб ўтажак ва жаъми 13 жангни ўз ичига олувчи бокс кечаси дунёнинг 100 дан ортиқ давлатига олиб узатилади.

Руслан Чагаевнинг айтишича, Лукас Браунга қарши жангига Чеченистоннинг ўзида ҳам қизиқиш жуда кучли, чипталар аллақачон қўлма-қўл бўлиб кетган ва уни томоша қилиш учун Ўзбекистоннинг ўзидан ҳам бокс мухлисларининг келишлари кутилмоқда.

Жанг
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Лукас Браун эса, профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарига расмий даъвогар саналади ва худди шу боис ҳам, Жаҳон Бокс Уюшмасининг тартиб-қоидаларига мувофиқ, Руслан Чагаевнинг у билан жанг ўтказиши шарт, деб кўрилади.

Чеченистондан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, бўлажак рақиблар аллақачон Грознийда ва жанголди расмий матбуот анжумани беришга ҳам улгуришган.

Лукас Брауннинг 2 март куни Чеченистон пойтахтида бўлиб ўтган ушбу матбуот анжумани чоғида баён қилишича, “бу ерга фақат ғалаба қозониш учун келган ва бошқа нарса ҳақида ўйлаётгани ҳам йўқ”.

Австралиялик боксчи бунгача турли турли оммавий-ахборот воситаларига берган суҳбатларида профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида ўз мамлакати тарихидаги биринчи жаҳон чемпионига айланиш истагида эканини ҳам такрор ва такрор изҳор этиб келган.

Грознийдаги расмий қўшма матбуот анжумани чоғида журналистларнинг саволларига жавоб бераркан, Лукас Браун Грознийда эканидан бахтиёр эканини баён қилган.

“Бу – бокс ҳаётининг бир қисми экани, бунинг ҳеч бир ғайриодатий ери йўқ”лигини айтган.

Чеченистоннинг ўзидан туриб бўлмаса ҳам, шанба куни “интернет орқали жангни жонли томоша қилажак 25 миллион австралиялик ўзига далда беражаги”ни таъкидлаган.

Лукас Браунга кўра, йўл чарчоғини чиқариб юбориш, ўзини ҳар томондан тиклаб олиш, вақти, иқлимига мослашиш учун Грознийга жангдан 10 кун аввал келишган ва ҳозир ўзини яхши ҳис этмоқда.

Ўз навбатида, Руслан Чагаевнинг ҳам Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбатида айтишича, Аҳмат Ҳожи Қодиров клубини намоён этаётгани боис, Чеченистонда мухлислари ва ўзини қўллаб-қувватлаётганлар озмунча эмас.

“Кўп дўстларим бор, кўп танишларим бор. Мени яхши кўрадиган болалар бор. Билмайман, мен бу ерда ўзимни худди Ўзбекистондагидек ҳис қилаяпман”, - дейди Руслан.

Лукас Браунга қарши жангига ўтган йилнинг ўзидаёқ Американинг Флорида штатида тайёргарлик машғулотларини бошлаб юборган Руслан Чагаевнинг Грознийдан туриб айтишича, шанба куни рингга фақат ғалаба учун тушади ва навбатдаги рақибини ҳам мағлуб этишига ишончи комил.

“Ҳар бир боксчи рингга фақат ютаман, деб чиқади. Шу жумладан, мен ҳам. Иншооллоҳ, бу жангда ҳам ғалаба қозонамиз”, - дейди Руслан.

Суҳбатдошимизга кўра, Грознийдаги шанба кунги жангига ҳам қўш мураббийси - ўз даврининг энг номдор боксчиларидан бири бўлган асли ўзбекистонлик Артур Григорян ва яқинда ишга ёлланган кубалик бошқа бир таниқли мутахассис Педро Диаслар қўл остида тушади.

Ўзбекистонлик таниқли боксчининг Грознийдаги матбуот анжумани чоғида баён қилишича, шанба кунги жангида қўли баланд келса, “ўз ғалабасини Ер юзидаги барча одамларга бағишлайди”.

Бўлажак рақиблар

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, 37 ёшли Руслан Чагаев профессионал боксда шу пайтгача 37 та жанг ўтказган бўлса, шундан 34 тасида ғалаба қозонган.

Иккита жангини бой берган ва биттасида дуранг натижа қайд этган.

Русландан бир ёш кичик бўлган австралиялик рақиби Лукас Браун эса, профессионал боксдаги карьерасини 2009 йилда бошлаган.

Орада 23 та жанг ўтказган ва шунинг ҳаммасида ғалаба қозонган.

Сўнгги бор рингга шу йилнинг август ойида тушган ва америкалик рақиби Жулиус Лонгни енгиб, профессионал бокснинг энг оғир вазн тоифасида ўзининг EPBC ва WBA Intercontinental камарини муваффақиятли ҳимоя қилган.

Тарихча ўрнида

Руслан Чагаев 2007 йилда россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, профессионал карьерасида илк бор ўз таснифи ва вазн тоифасида жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритган.

2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган Руслан қарийб уч йилдан буён Чеченистондаги Аҳмат Ҳожи Қодиров номли бокс клубини намоён этиб келади.

Бу клуб амалдаги чечен раҳбарининг ташаббуси ва қарори билан 2013 йил охирларида жаҳон, Оврўпо ва Россия чемпионлари дохил жаҳон миқёсидаги спортчиларни тайёрлаб келган “Рамзан” клуби ўрнига ташкил этилган ва марҳум отасининг номи билан аталган.

Чеченистондан олинган хабарларга кўра, Руслан Чагаев-Лукас Браун ўртасида Грознийда бўлиб ўтажак шанба кунги жангни уюштиришда президент Рамзан Қодировнинг ўзи ҳам кўмак бермоқда.

2001 йилда тўлиқ профессионал боксга ўтган ўзбекистонлик номдор боксчи ундан олдин ўн йилча Олмониянинг Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келган.

Таъкидлаш жоиз, Руслан Чагаев ҳозир ҳам ўз оиласи билан Олмонияда яшаб, асосан ўша ерда бокс билан шуғулланиб келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ