Туркия ҳам Мессининг жажжи афғон ишқибозини сийлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Unicef

Бир воқеа ривожи: Мессидан кейин Туркия ҳам афғонистонлик жажжи футбол ишқибозини сийлади

Туркия жаҳон футболи юлдузи Лионел Мессиникига ўхшатиб, ўзининг елим дўкон халтасидан ясалган қўлбола футболкаси билан яқинда интернет юлдузига айланган шарқий Ғазний вилоятилик 5 яшар Муртазога “Тинчлик тўпи лойиҳаси”нинг ҳадясини юборди.

Ўтган ой охирида эса, Аргентина миллий терма жамоаси ва Испаниянинг наҳанг “Барселона”си юлдузи Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ЮНИСЕФ Болалар жамғармаси воситасида бу жажжи футбол ишқибозининг орзусини амалга оширган, Муртазога ўзининг дастхати битилган ростмана футболкасини юборганди.

Агар, турк нашрларига таянилса, Муртазо Туркиядан олган сўнгги ҳадя “Тинчлик Тўпи лойиҳаси” мувофиқлаштирувчиси Фират Университети профессори Себаҳаттин Девежиоғлў махсус кампаниясининг бир қисми бўлган.

Бу лойиҳанинг асосий мақсади эса, спорт – ирқи, дини ва тилидан қатъиназар, бутун инсониятнинг умумий қадрияти эканини урғулашдир. Чунки спорт – тинчлик, дўстлик ва биродарликни тарғиб этади”, - деб айтган профессор айни хабар манзарасида турк нашрларига берган суҳбатида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Unicef

Январ ойи охирларида Афғонистон Футбол Федерациясининг Лионел Месси билан боғланишга муваффақ бўлишгани ва тез орада уни Муртазо билан учраштириш ниятида эканликларига оид хабарлар ҳам пайдо бўлганди.

Бунинг ортидан ЮНИСЕФнинг расмий веб саҳифасида Муртазонинг Мессининг “футболка”сида кулиб тургани акс этган фотосурати пайдо бўлганди.

Муртазони “интернет юлдузи”га айлантирган илк фотосуратни эса, унинг тўнғич акаси Ҳумоюн олиб, “Facebook”ка жойлагани маълум бўлганди.

Жажжи футбол ишқибозининг ўзи Ғазний вилоятининг Жағўрий туманилик оддийгина деҳқон оиласидан.

Агар, отасининг сўзларига таянилса, “Мессини қанчалик яхши кўришини билмасин”, қўли калталик қилгани боис шу пайтгача ўғилчасининг орзусини ўзи амалга ошира олмаган.

Туркия томонининг ҳадяси тўплам экани айтилса-да, бу хусусдаги хабарларда уларнинг айнан нималардан иборат экани тафсилотлари очиқланмаган.

Аммо бу кампанияга бошқаларни ҳам қўшилишга даъват қилган профессор Девежиоғлўнинг айтишича, юборган "совғалари билан Муртазони футбол ва бошқа спорт турлари билан кўпроқ шуғулланишга руҳлантириш" ниятини кўзлашган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter BBC UZBEK
  • Odnoklassniki BBCUZBEK
  • Facebook BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - uzbekbbclondon

Бу мавзуда батафсилроқ