‘Профессионал боксчиларда ҳам армон қолмасин’

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик номдор боксчи Муҳаммадқодир Абдуллаевга кўра, профессионал боксчиларнинг ҳам ҳаваскорлари қаторида Бразилиядаги Ёзги Олимпиада Ўйинларида беллашишларига изн берилиши кўп маъқул қарор бўлган.

Бу ҳақдаги қарорни Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмаси (AIBA) Швейцарияда бўлиб ўтган олиймақом йиғини ортидан берган.

Уюшма қарорига мувофиқ, профессионал бокснинг бир неча таснифида ўз вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони бўлган Тайсон Фьюрига ўхшаш боксчилар ҳам энди бемалол Рио-де-Жанейрода Олимпиада чемпионлиги учун рингга чиқишлари мумкин бўлади.

Аммо Ўйинларга йўлланмани қўлга киритиши учун 40 ёшгача бўлган истаган профессионал боксчи Венесуэладаги саралаш босқич беллашувларида иштирок этиши керак бўлади.

Бу галги Ёзги Олимпиада Ўйинлари шу йилнинг 5 август куни старт олади.

Халқаро уюшма қарорига муносабат билдираркан:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Мана, дейлик, “Мэнни” Пакьяо дунёда энг тенгсиз боксчи. Аммо у инсон Олимпиада чемпиони бўлмаган. Унинг орзуси – Олимпиада чемпиони бўлиш. Мана, шунинг учун ҳам, бу қарор профессионал боксчиларга ҳам катта имконият беради. Ким кучли бўлса, ҳаваскор бокс бўйича ҳам Олимпиадада иштирок этиб, ўзини кучини бир синаб кўрса...ажабмас...”, - дейди ўзи бокс бўйича Сидней Ёзги Олимпиада Ўйинларининг олтин медали соҳиби бўлган суҳбатдошимиз.

Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, агар, ёши изн берганида, шахсан ўзи ҳам албатта бу имкониятдан жон, деб фойдаланган ва яна бир олтин камарни Ўзбекистонга келтирган бўларди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бундан аввал украиналик донгдор боксчи, яқин-яқингача профессионал бокс “қироли”, деб саналиб келинган Владимир Кличко ҳам худди шундай истакни изҳор этганди.

Аммо Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмасининг сўнгги қарори барча профессионал боксчилар томонидан ҳам бир хилда қарши олинмаган.

Улардан бирига кўра, бу – профессионал рингда пишиб етилган боксчи билан ҳаваскор ғўри ўртасидаги хавфли қарама-қаршилик бўлади.

Яна бошқасининг айтишича, халқаро уюшманинг қарори мантиқсизликдан бошқа нарса эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

“Бу – худди бадминтончи теннис ўйнаётганига ўхшаш бир гап бўлади”, - дейди, жумладан, британиялик профессионал боксчи Карл Фрэмптон.

Аммо, Муҳаммадқодир Абдуллаевнинг айтишича, бу каби фикр ва хавотирларга қўшилмайди.

“Йўқ, йўқ, йўқ. Биз – профессионаллар тушадиган бўлсак, ҳаваскор бокс тартиб-қоидаларига мувофиқ бокс тушамиз...Бошқа томондан, профессионал боксда биз битта жангга уч ой тайёрланиб, кейин рингга чиқамиз. Ҳаваскор боксда эса, бир ойда бешта-олтита жанг бўлади. Биз профессионал боксчилар ҳамма кучимизни битта жангга берворамиз. Кейинги жангга эса, кучимиз етмайди. А ҳаваскор боксчилар бугун, эртага, яъни жангдан жангга ўсиб боради. Профессионал ва ҳаваскор бокс ўртасидаги фарқ фақат шунда”, - дейди номдор боксчи суҳбатдошимиз.

Халқаро Ҳаваскор Боксчилар уюшмаси раҳбари Чинг Куо Вунинг айтишича, жорий пайтда қанча профессионал боксчининг Риодаги Ўйинларда иштирок этиш истагида эканликлари борасида аниқ бир гап айтиш қийин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Руслан Чагаев, Баҳодир Мамажонов каби жорий пайтда профессионал боксда катта ном қозонган ўзбекистонлик боксчилар эса, оз эмас.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02#
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ