Нега Ўзбекистон терма жамоасининг 'кетмони учмаяпти?'

Мустақил журналист
Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мухлислар таъбирича, футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоалар маркази сўнгги 2 ҳафта ичида "қовун кетидан қовун туширмоқда".

Аввалига ён қўшни ва “жон” қўшни Қирғизистон билан халқаро ўртоқлик ўйини номаълум сабабга кўра бекор қилинди.

Кейин икки кун ичида шошма-шошарлик билан Африка қитъасидан топилган рақиб ҳам “дам бериб юборди”.

Энди эса, ўтказилмаган ўйин учун сотиб юборилган чипталарни қайтариш ҳам машмашага айланди.

Сабаби - чипта сотиб олинаётганда талаб қилинмаган паспорт пулни қайтариб беришда талаб қилинмоқда.

Камига пропискасини кўрсатиши, далолатнома тузиш ва ариза ёзиш сўралмоқда.

Бунинг ҳаммаси севимли жамоасининг мағлубиятларидан кўзи пишиб кетган ишқибозларнинг кинояли кулгуси ва ғазабнок фикрларига сабаб бўлмоқда.

Мэмлар

Ижтимоий тармоқларда бу қарорга бағишланган турли мэмлар пайдо бўлган.

Бир неча йилдан бери мухлисларнинг нишонига тушиб келаётган ЎФФ қошидаги Терма жамоалар маркази директори Асқар Толибжонов яна бош қаҳрамонга айланди.

Бир фотоколлажда у қирғизчалаб қирғизистонлик ҳамкасбига юзланса, яна бир расмда фильмдаги қаҳрамон қизнинг юзини эгаллайди.

“Терма жамоалар маркази ходимларидан команда тузиб ўйнаб қўйишса бўларкан. Камчиқим ва белатти пули ёнига қолади”, дейди мухлислардан бири.

Кун.узда чиққан хабар эса ёниб турган оловга ёғ сепгандек бўлди.

Кейинчалик ўчириб ташланган хабарда, рақибларсиз қолган терма жамоа 2 июн куни Ўзбекистон клубларида ўйнаётган легионер футболчиларга қарши ўйнаши ҳақида ёзди.

Одатда белгиланган ўйин қолдирилгач, Ўзбекистон термаси оқлар ва кўкларга бўлиниб ёки маҳаллий клублардан бири билан ўйнаб қўярди.

Хабарнинг кулгили жиҳати, Ўзбекистонда легионер дарвозабонга рухсат йўқлиги боис, рақиб томон дарвозасини ким эгаллаши номаълум, деган ёзув бўлди.

Мухлислар, демак бу ўйин ҳам қолдирилиши мумкин, дея кулишди.

«Анекдот устига анекдот, Федерация ва терма жамоа марказига душманнинг кераги йўқ, улар ўзларига ўзи душман. "Аммо дарвозани ким эгаллаши ҳозирча номаълум". Битта дарвозага ўйнаса ҳам бўлади-ку», дея киноя қилади мухлислардан бири.

Кетма-кет қолдирилган ўртоқлик ўйинлари ёки нима учун менинг кетмоним учмаяпти?

Ён қўшни Қирғизистон билан 2 июн куни Тошкентда ўртоқлик ўйини ўтказилиши борасида хабар чиқди.

Аммо ўйин қолдирилди.

ЎФФ ушбу ўйин қолдирилганини миллий терма жамоанинг режаларга ўзгартириш киритилгани билан изоҳлади.

Бироқ қандай ўзгариш киритилгани очиқланмади.

Кузатувчилар ушбу ўйин қолдирилишига сиёсий сабаб бўлиши эҳтимоли кучлилигини айтишади.

Ўзбекистон ўз қўшнилари билан ҳамма соҳада бўлгани каби спорт соҳасида ҳам мустаҳкам алоқаларга эга эмас.

Айниқса, Қирғизистон билан сув, транзит ва чегара борасида келишмовчилик доимо долзарб.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз қўшнилари орасида фақат Туркманистон билан 2002 йилда халқаро ўртоқлик ўйини ўтказган.

Орадан икки кун ўтар-ўтмас, ЎФФ қошидаги Терма жамоалар маркази кўпчилик ўзбекистонликлари борлигидан ҳам бехабар Эквотариал Гвинея терма жамоаси билан келишувга эришилганини хабар берди.

Африка қитъаси вакили билан бўладиган учрашув чипталари сотувга чиқарилди.

Аммо

Бироқ ўйинга икки кун қолганида - 31 май куни ЎФФ расмий сайти “Ўзбекистон - Экваториал Гвинея халқаро ўртоқлик учрашуви Экваториал Гвинея футбол федерациясининг ташаббусига кўра бекор қилинди”, дея хабар тарқатди.

Ўйин бекор қилинишига Экваториал Гвинея Футбол федерацияси Бош котиби Тадео Нсуе Онва имзолаган хат асос сифатида келтирилди.

Унда Африка Конфедерациясининг йўриғига кўра, Африка Давлатлари Кубогининг саралаши доирасида ўтказилиши керак бўлган Экваториал Гвинея-Бенин ўйини 3 июн куни ўтказилиши мумкинлиги айтилган.

“Шу сабабли Экваториал Гвинея Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик учрашувини ўтказиш учун Тошкентга кела олмаслигини маълум қилди”, деб ёзади Ўзбекистон Футбол федерацияси расмий сайти.

Ўзбекистон терма жамоасининг халқаро ўртоқлик учрашувлари биринчи маротаба бекор қилинмаяпти.

Бундан олдин Туркия миллий жамоаси билан ўртоқлик ўйини ҳақида хабар берилган ва Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ушбу ўйин қолдирилган эди.

7 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси яна бир рақиб Канада билан ўртоқлик ўйини ўйнаши ҳақида хабар берилган.

Ҳозирча Австрияда бўлиб ўтадиган ушбу ўйиннинг бекор қилингани борасида хабар чиққани йўқ.

Лекин мухлислар ўйиннинг бекор қилинишига руҳан тайёр кўринади.

“Канаданиям отмен қиворинглар-ей! Кайп кайпдай бўлсин энди!”, -дейди бир мухлис.

Яна бир ишқибоз, “Канада билан ўйин бекор қилинганини ҳеч қурса Австрияга етиб олингандан кейин очиқлаш керак. Йигитлар бир Оврўпо кўриб келишсин”, - дейди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02#
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Бу мавзуда батафсилроқ