Сиёсий маҳбусларни кўришга рухсат берилган

Ўзбекистон ҳукумати "Эзгулик" инсон ҳақлари жамиятига қамоқдаги сиёсий ва диний тутқунлар билан учрашувга рухсат берган.

Аввалроқ, 23-24 июнда Тошкентда бўлиб ўтган Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти саммити олдидан "Эзгулик" жамияти халқаро ташкилотлар, хорижий давлат элчихоналари ва Шанхай ташкилотига аъзо давлат раҳбарларига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ҳукуматидан қамоқдаги сиёсий ва диний маҳбусларни озод қилишга чақириш, тутқунлар билан учрашишга ва уларнинг саломатлиги борасида маълумот олишга рухсат берилишини сўраган.

"Эзгулик" жамияти яқинда тарқатган хабарига кўра, Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бошқармасидан ушбу сўровга ижобий жавоб қайтарилган.

Яъни, номлари илова қилинган 10 маҳкумни Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Навоийдаги қамоқхоналарга бориб кўриш, уларнинг аҳволи, сақланиш шароитидан хабардор бўлишга ҳуқуқ фаолларига 25 июлга қадар рухсат этилган.

Бироқ учрашув муддати қисқалиги ва ташкилотда ташрифни амалга оширишга етарли маблағ йўқлиги боис, "Эзгулик" жамияти халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари ҳамда маҳкумлар тақдирига бефарқ бўлмаган ўзбекистонликларга имконлари борича моддий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилган.

Йиғилган пуллар ҳуқуқ фаолларининг йўл харажати, маҳкумлар учун дори-дармон, озиқ-овқат ва кийими учун сарфланиши айтилган.

"Эзгулик" рўйхатида келтирилган маҳкумлар орасида Муҳаммад Бекжон, Ғайрат Михлибоев, Аъзам Фармонов, Исроилжон Холдоров, Йўлдош Расулов, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов, Дилмурод Саид, Ғанихон Маматхонов, Чўян Маматқулов бор.

Моддий ёрдам бермоқчи бўлганлар Рaypal ёки Western Union тизими орқали Франциядаги «Ўтюраклар клуби» фаоли Мўътабар Тожибоева номига юборишлари мумкинлиги, у орқали «Эзгулик» жамиятига етказилиши маълум қилинади.

Барча йиғилган пуллар нимага сарфлангани матбуотда эълон қилиниши билдирилган.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон қамоқхоналарида тақдири номаълум қолаётган бошқа сиёсий маҳкумлар билан ҳам учрашишга ҳаракат қилиш ниятида.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.