Президентларни рақсга нима ундайди?

Президент Каримов рақс тушмоқда.
Image caption Президент Каримов рақс тушмоқда.

Деярли барча Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари омма ўнгида ўзларининг "санъаткорона" қобилиятларини намойиш этиб улгуришган.

Туркманистон Президенти Бердимуҳаммедов гитара ва аккордеон чалиб қўшиқ айтган.

Қирғизистон раҳбари Атамбаев яқинда "Тақдирга қасдма-қасд" қўшиғини ёзиш баробарида куйлаб ҳам берди. Энди эса албом чиқарадиган бўлди.

Қозоғистон Президенти Назарбоев дўмбира чалиши билан ажралиб турса, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов эса раққослигини ҳар байрам намойиш этади.

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон қўшиқ ҳам айтади, рақсга ҳам тушади.

Нима сабаб давлат раҳбари ўз истеъдодини оммага намойиш этишга ҳаракат қилади?

Социолог-тадқиқотчи Алишер Илҳомовнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, президентларнинг ўз ижодий маҳоратларини намойиш этишлари ортида асосан икки омил ётади.

Алишер Илҳомов: Уларнинг бири қандайдир "пиар" стратегиялари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, агарда омма билан ишлаш бўйича маслаҳатчилар мамлакат раҳбарининг легитимлигини ошириш йўлида ишлаётган бўлсалар, "келинг бир нарса яратинг ёки омма ўнгида рақсга тушинг, обрўингизни ва шу билан бирга легитимликни ҳам оширади", дея маслаҳат беришлари мумкин. Лекин бу каби амалдан бирон жиддий натижа чиқадими - йўқми ва ҳақиқатан ҳам юз берадими-йўқми, бунисини айтиш қийин. Чунки Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ҳақиқий сиёсий муқобиллик мавжуд бўлмаган йўлда қудратга эришган шахслар бўлиб, эркин сайловлар юз бермайдиган шароитда бу каби пиар стратегияларига у қадар ҳам муҳтож эмаслар. Қайсидир маънода Қирғизистон раҳбари бундан мустасно, чунки у нисбатан эркин сайловлар натижасида қудратга келган. Энди бошқа томондан агардаки раҳбарлар халқ томонидан "содиқлик" кризиси рўй бераётганини ҳис қилсалар ҳам, бундай қадамларга боришлари эҳтимоли бор.

Би-би-си: Яъни президентлар халқ орасида ўз обрўларини ошириб олиш учун рақс тушиб, қўшиқ айтишга ҳаракат қиладилар, деб ўйлайсизми?

Алишер Илҳомов: Йўқ, у қадар ҳам эмас. Чунки бу президентлар пиар стратегиялари ёки халқ орасидаги обрў даражасидан қатъи назар, барибир қудратни қўлдан бой бермасликка ҳаракат қиладилар. Улар асосан репрессив аппарат, давлатнинг асосий ташкилотлари устидан мутлақ назорат каби усулларга кўпроқ таянадилар. Лекин балким баъзида "келинг ҳамиша бу йўлларга таянавермайлик, инсонийроқ бир йўлни ҳам қилиб кўрайлик" деган фикрлар ҳам билдирилар. Яъни, ҳеч бўлмаса "халқ орасида обрўли" деган "ниқобни" яратиш учун. Лекин барибир обрў масаласи уларнинг ички сиёсатларининг муҳим қиррасини ташкил қилади, деб айтмаган бўлардим. Буни бир пиёла сувга камгина бир ширин сиропни қўшиш уринишига ўхшатса бўлади, менимча.

Би-би-си: Мана шу сиз айтаётган озгина ширин сувнинг самараси не қадар деб ўйлайсиз? Ҳақиқатан ҳам рақсга тушган президентнинг обрўси бирданига ошиб қоладими?

Алишер Илҳомов: Буни айтиш қийин. Чунки Марказий Осиё давлатларида раҳбар обрўси даражасини кўрсатувчи ҳақиқий омма фикрини ўрганиш сўровлари деярли ўтказилмайди. Масалан Ўзбекистон, ёки Туркманистонда раҳбарлар обрўсини аниқлаш учун ҳақиқий сўров ўтказишга уринсангиз, бу албатта махсус хизматлар эътиборини ўзига тортади. Ё бу сўровларни тақиқлашади ёки натижаларини сохталаштиришади. Ўзбекистондаги "Ижтимоий фикр" маркази сўровлари натижалари президент девони ёки ҳукуматга қандай манзара керак бўлса, ўша манзара асосида ишлаб чиқилади. Бу мамлакатларда ҳатто эркин сайловлар йўқ, халқда танлов йўқ-ки ўзи хоҳлаган ёки инсоний ҳусусиятларини ёқтирган шахсни танласа. Бошқа томондан ижодини кўз-кўз қилаётган раҳбар учун балки бу шунчаки қизиқишдир... Баъзи президентлар, масалан Нурсултон Назарбоев шунчаки кичик даврада дўмбира чалиб қўйган бўлса, бошқа раҳбарлар ёки раҳбарликка интилган шахслар бу йўлда анчайин узоққа кетадилар. Масалан, Гулнора Каримова ҳам қўшиқчи, ҳам дизайнерлик соҳасида ўзини анчайин юқори даражада кўрсатишга ҳаракат қилган. Лекин имтиёзли мавқеда бўлган шахс қўл остида бу каби вазиятда жуда кўп ресурслар мавжуд бўлгани учун бу албатта кўплаб саволларни туғдира бошлайди. Масалан, ҳамма ижодни ўзи қиляптими ёки унга бу нарсаларни кимдир яратиб беряптими, деган саволлар. Масалан Ўзбекистонда ҳатто манфаатлар тўқнашуви деган тушунчанинг ўзи деярли мавжуд эмас ва қонунчиликда кўрсатилмаган.

Би-би-си: Лекин президентлар ҳам инсон-ку, балким шунчаки рақс тушгиси, қўшиқ айтгиси келиб қолар баъзида. Балким бунинг ортида ҳеч қандай мужда йўқдир...

Алишер Илҳомов: Ҳа, албатта улар президент бўлишларидан ташқари инсон ҳамдирлар. Инсонга тааллуқли ҳамма нарса, жумладан мақтовга чанқоқлик ҳам уларга ёт эмас. Яъни шуҳратга эҳтиёж ҳаммада бор, жумладан президентларда ҳам. Ҳамма кўпларга ёқишни истайди. Мана ҳозирги ижтимоий тармоқларни олинг. Ҳамма "лайк" йиғишга иштиёқманд. Яъни шуҳратга, кўпроқ одамларга ёқиш интилиши бу табиий нарса ва президентлар ҳам бундан истисно эмас. Бундан ташқари ҳаммада ўз-ўзини намоён қилиш истаги ҳам бор. Лекин мана Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти форумида жаноб Каримовнинг рақса тушгани ортида қандайдир стратегик бир интилиш ёки пиар ҳаракати бор эди, деб ўйламайман.

Би-би-си: Жаноб Каримовнинг Шанхай анжуманида рақсга тушгани шунчаки аввалдан режаланмаган ва ортида хушчақчақликдан бошқа нарса йўқ амалга ўхшаб кўринмайдими?

Алишер Илҳомов: Ҳа, бу бир ҳиссиётга берилиб қилинган ҳаракатга ўхшади. Менимча жаноб Каримов анжуман вақтида Тошкент деярли жаҳон марказига айланиб, ҳамма нарса ўта силлиқ кечганидан хурсанд бўлиб кетган. Мен бу рақснинг ортида турган муждани қидирмаган бўлардим.

Би-би-си: Лекин жаноб Каримовнинг илк бор омма ўнгида рақсга тушгани унинг соғлиги ҳақидаги миш-мишлар тарқалаётган йилларга тўғри келганди. Бу билан у "мен соппа- соғман, ҳеч қаерга кетмаяпман" деган муждани беришга интилмаганмикан?

Алишер Илҳомов: Ҳа, тўғри. Раҳбар омма ўнгида кўринмай қолса, турли миш-мишлар тарқалади. Чунки мамлакатда ҳамма нарса бир шахсга боғланиб қолган, ҳамма нарсани у ҳал қилади. Бу бир шахс устига қурилган авторитар тузум. Бу шахс омма ўнгида икки-уч ҳафта кўринмай қолса, бутун тизим ва барқарорлик савол остига олина бошлайди. "Эшик ортида ўйинлар", "кўрпани ўзига тортиш" бошланади, мамлкатнинг келгуси йўналиши қандай бўлади, деган шубҳа-гумонлар пайдо бўлади. Мана шу каби вазиятда албатта бу шахс ўзининг ҳақиқий соғлиғи қандай бўлишидан қатъи назар, омма ўнгига чиқиб бир жилмайиб ёки рақс тушиб, гап-сўзларни даф қилишга ҳаракат қилади. Бунинг учун эса албатта катта соғлик талаб қилинмайди аслида. Яъни, омма ўнгида бир неча дақиқа пайдо бўлишга касал одам ҳам қобил. Мен бу билан кимдир соғ- саломат ёки касал демоқчи эмасман. Лекин беқарорлик ҳақида хавотирга тушганларни тинчлантириш йўлларидан биридир. Буларнинг ҳаммаси эса қудрат алмашинувининг ошкор ва демократик йўллари йўқлиги туфайлидир.

Ижтимоий тармоқлар, хусусан, Facebook - BBC UZBEKмуштарийларининг фикрлари:

Farkhod Abdurakhmonov: Агар масалага умумий ёндашадиган бўлсак, Президентлар ҳам биз каби инсонлар, уларда ҳам ҳиссиёт бор, уларнинг орасида кимнидир санъатга мойиллиги бўлиши, қўшиқ айтишни хуш кўриши ёки айрим мусиқа асбобини чалишни ёқтириши мумкин. Шу нуқтаи-назардан ёндашилса, қайси бир мамлакатни Президенти бўлсин ва у раҳбар айнан ким бўлишидан қатъий назар рақсга тушишини, қўшиқ айтишини ёки мусиқа чалишини табиий деб қабул қилмоғимиз керак ва ушбу ҳолатни муҳокама қилишга ҳақли эмасмиз деб ҳисоблайман. Энди масаланинг иккинчи томони ҳам бор, яъни популизм. Агарки, давлат раҳбарлари мазкур ишларни ички ҳиссиёт, қизиқиш, истеъдод ва холис ният билан эмас, шунчаки кўзбўямачилик учун, халқнинг олқишини олишни кўзлаб қилсалар буни оқлаб бўлмайди. Ким қайси мақсадга қилаётганлигини эса ҳамма вақт ҳам аниқ айта олмаймиз. Айни пайтда бу ишларни улар қилишмасин дейишга ҳаққимиз йўқ ва бу ишларни қилиш ҳеч уятли эмас. Кулгули бўлса ҳам ичимдагини ёзмоқчиман. Масалан, мен ўзим ёқтирган мусиқани эшитсам ё қўшилиб айтаман ёки беихтиёр рақсга тушиб кетаман. Мабодо мўжиза юз бериб қайсидир лавозимни эгалласам бу ишимни давом эттираман, чунки бу ички ҳиссиётим, қизиқишим билан боғлиқдир, асло кўз-кўз қилиш учун эмас. Биз раҳбарларга баҳо беришда уларнинг зиммаларига юклатилган вазифаларини қандай бажараётганликларини мезон қилиб олишимиз зарур деб ҳисоблайман.

Насибуллох Хамзаев: Хожи отахонимиз сог булсин нима килса хам ярашади юртимиз тинч осмонимиз мусаффо тинчликка нима етсин уйнаш керак

Манзура Турсунова: Биз Юртбошимиз билан фахрланамиз. Улардан мингдан минг розимиз осмонимиз мусаффо юртимиз тинч тукчилик рахмат уларга!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.