Такилантнинг 135 миллион доллари мусодара этилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи video

Рейтер агентлиги ва АҚШдаги бизнес янгиликларига ихтисослашган Блумберг ахборот агентлиги хабар тарқатишича, Ҳолландия маҳкамаси Гулнора Каримовага тегишли экани айтиладиган Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Такилант ширкатининг 123 млн евро (135 млн АҚШ доллари)га тенг ҳиссаларини мусодара этишга ҳукм чиқарган.

Прокурорларга кўра, Такилант фирмаси икки телекоммуникация ширкатлари томонидан Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага пора бериш учун фойдаланилган.

Vimpelcom и Telia ABнинг Гулнора Каримовага пора беришдан мақсади Ўзбекистонда 4G лицензиясидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш бўлган, деб таъкидлаган Ҳолландия маҳкамаси.

Амстердам маҳкамаси ҳукмида айтилишича, Такилантга берилган пуллар эвазига Vimpelcom и Telia ABнинг шўъба корхоналари Unitel ва Ucell Ўзбекистон мобил бозорига кирган. TeliaSonera ширкати Гулнора Каримовага боғлиқ коррупция ишлари орқасидан ўз номини Telia сифатида ўзгартирган, ширкатнинг бир қанча мулозимлари вазифасидан кетган, Овроосиёдаги Ucell дохил қатор бўлимларини сотиш режасини билдирган эди.

Бундан ташқари Ҳолландия маҳкамаси Такилантга 1,58 миллион евро жарима белгилаган ва Telia ширкатининг шўъбаси Ucell нинг Такилантга тегишли 6 фоиз ҳиссаларини мусодара этиш ҳақида қарор чиқарган.

Маҳкамада Гулнора Каримованинг ўзи ҳақида сўз бормаган. Июн ойида ўтган маҳкамада прокурорлар ўзларнинг текширув объекти Такилант ширкати эканини айтганлар.

Швейцария, Швеция ва АҚШ ҳукуматлари эса Гулнора Каримовани 2012 йил коррупция бўйича ишда гумонланувчи сифатида тилга олганди.

Такилантга тўланган пулдан аслида Гулнора Каримова фойда кўргани ва унга яқин бўлган Авакян хоним фақат қоғозда Такилантнинг эгаси бўлгани айтилган.

Бундан ташқари 2013 йил Скандинавиядаги энг йирик банк Нордеяга Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакянга ҳисоб рақамини очишдан аввал, бу мижоз кимлигини етарлича текширмагани учун беш миллион доллар жарима солинган. Нордея банкидаги Такилант ҳисоб рақами музлатиб қўйилганди.

Айни пайтда Швецария ва Швецияда текширувлар давом этмоқда.

2016 йил феврал ойида VimpelCom ширкати коррупция айбловлари ортидан, Ўзбекистондаги шахсларга пора берганини тан олиб, 795 миллион доллар жарима тўлашга рози бўлганди. Бу маблағнинг 167 миллион доллари Америка қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси, 230 миллион доллар АҚШ Адлия вазирлиги, 397,5 миллион доллар Ҳолландия ҳукумати томонидан ҳисобланган.

Ҳолландия маҳкамасининг 20 июлда чиқарган ҳукми юзасидан тегишли ширкатлар ҳозирча изоҳ бермаганлар.

Маҳкамада Гулнора Каримова ва Такилант ширкати вакили ҳам иштирок этмаган. Рейтер агентлигига кўра, Гулнора Каримова маҳкама айбловлари тўғрисида қачондир изоҳ бериши ҳам номаълум. Шунга ўхшаш, Ўзбекистон ҳукумати бу мавзуда ҳеч қачон ошкор муносабат билдирмаган.

2014 йил коррупцияга алоқадор шов-шувли воқеалар орқасидан халқаро саҳнадан ғойиб бўлган Гулнора Каримова ҳозирда уй қамоғида деб ишонилади.

Унинг яқин шериклари ҳисобланган, Такилант ширкати номига расмийлаштирилган Гаяне Авакян бошида 9 йилга ҳукм этилган, аммо умумий авф қўлланилиб, 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланган.

Гулнора Каримованинг фуқаровий эри бўлган, қатор ҳужжатларда исми кўрсатилган Рустам Мадумаровга 10 йиллик қамоқ жазоси берилган. Аммо суд залида умумий авф қўлланиб, жазонинг учдан бир қисми бекор қилинган.

Таҳлилчиларга биноан, Ўзбекистондаги бу маҳкамаларга Оврўподаги Гулнора Каримова ҳамда шерикларига тегишли экани айтилган йирик маблағларни Ўзбекистон ғазнасига қайтариш деб қараш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.