Ўзбекистоннинг аҳолиси қанча?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Умида Аҳмедова

Ўзбекистон статистика қўмитаси мамлакат аҳолиси 32 миллион кишига яқинлашгани ҳақида хабар тарқатди. Президент Каримов эса бундан икки йил олдин 31 миллиондан ортиқ ўзбекистонлик ҳақида гапирган эди.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасининг Ахборот хизмати хабар тарқатишича, 2016 йилнинг 1 июлида Ўзбекистон аҳолиси 31 миллион 800 минг кишига етган.

Статистика қўмитаси ўзининг "Ўзбекистон Республикасининг демографик ҳолати" деб номланган хабарида доимий аҳоли деган иборани қўллайди.

Қўмитага кўра, 2016 йил бошидан буён Ўзбекистон аҳолисининг сони 231700 кишига ёки 0,7 фоиз кўпайган.

Қўмита жорий йил бошида Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 миллион 575300 киши эди, дейди.

Бу рақам Стастистика қўмитасининг stat.uz расмий веб-сайтида келтирилган.

Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2016 йил бошидан буён Ўзбекистонда 318000 минг чақалоқ туғилган.

Статистика қўмитасининг рақамлари Ўзбекистондан четга чиқиб кетаётганлар сони ҳали ҳам кўп эканини тан олади.

Қўмита маълумотларига кўра, Ўзбекистонга кўчиб келганлар сони 72 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 84400 кишини ташкил этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Умида Аҳмедова
Image caption Кимга ишонса бўлади?

Давлат Статистика қўмитаси, 2015 йил бошида мамлакат аҳолисининг сони 31 миллион 22 минг 500 киши, 2014 йил бошида 30 миллион 492 минг 800 киши эди, дейди.

Бироқ 2014 йил 16 июлида Президент Каримовнинг Ўзбекистон ғаллакорларига табригида ўзбекистонликларнинг рақами 31 миллиондан ошгани айтилган эди.

"Бундан 23 йил олдин биз 21 миллиондан зиёд аҳолимизнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган 5 миллион тонна ғаллани четдан, катта-катта маблағлар эвазига, кимларгадир муҳтож бўлиб, ялиниб-ёлвориб олиб келишга мажбур эдик. Бугунги кунда эса биз 31 миллиондан ортиқ аҳолимизни ўз донимиз, ўз беминнат нонимиз билан тўла таъминлабгина қолмасдан, балки чет элга ғалла экспорт қиладиган мамлакатга айландик", деб ёзилган Президент Каримовнинг рекорд даражада кўп дон тўплангани хабар қилингани муносабати билан матбуотда эълон қилиинган табригида.

Ўзбекистон ҳукумати мунтазам эълон қилиб келадиган йиллик 7-8 фоизлик иқтисодий ўсиш, ҳар йили 1 миллион янги иш ўрни ташкил этилаётгани, аҳолининг яшаш шароити тобора яхшиланиб бораётгани ҳақидаги юқори минбарлардан айтиладиган баёнотларга шубҳа билан қараш янгилик бўлмай қолган.

Халқаро молиявий ташкилотлар ўзларининг ҳисоб-китоблари Ўзбекистон ҳукуматиники билан тўғри келмаслигини расман тан олганлар.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан буён аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш ишларини ўтказмаган.

Энг охирги рўйхатга олиш Шўролар замонида - 1989 йилда олиб борилган.

2011 йил 21 мартидан 30 апрелигача Ўзбек ҳукумати аҳоли сони билан бирга халқнинг аҳволини ўрганишга қарор қилган, бироқ бу ўрганишлар натижалари жамоатчиликка маълум қилинмаган.

25 йил мобайнида аҳолини рўйхатга олиш ишлари ўтказилмагани сабабини айрим кузатувчилар бунинг учун катта маблағ талаб қилиниши билан изоҳлашади.

Аммо тўлақонли рўйхатга олиш Ўзбекистон ҳукуматининг аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволига оид расмий маълумотларини савол остига қўйиши ҳам мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг