Ўзбекистонда жазирама энг юқори даражага етган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Umida Ahmedova

Ўзгидромет марказига кўра, пойтахт Тошкентда 26 июл куни ҳаво ҳарорати +41,6 даражагача кўтарилиб, мазкур кўрсаткич бўйича 103 йил олдин шу кун кузатилган даража янгиланган.

Шаҳар тарихидаги июлнинг энг иссиқ куни эса бундан 19 йил аввал - 1997 йил 18 июл куни кузатилган. Ўшанда ҳаво ҳарорати +44,6 даражагача етган.

Самарқанд шаҳрида эса бир кун олдин ҳаво ҳарорати +39,4 даражани ташкил қилган, хабарларга кўра, бу Самарқанд шаҳрида кузатилган энг юқори ҳароратдир.

54 йил муқаддам Самарқандда 25 июл куни 37,9 даража- энг иссиқ ҳаво ҳарорати сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон жануби Термезда 25 июл куни ҳаво даражаси расмий маълумотларга биноан, +44,1 даража жаziрaма бўлиб, 1983 йилги 43,3 даража иссиқ рекорд янгиланган.

Қаршилик баъзи яшовчиларнинг Би-би-сига айтишларича, айни пайтда иссиқ ҳаво ҳароратидан "дод" деб юборгилари келяпти.

"Кўчада юриб бўлмайди. 50 градуслар боров. Кундузи уйдан чиқмай ўтирибмиз. Тинмай елпиймиз. Кондиционер, вентилятори йўқларга жуда қийин ҳозир. Болалар тинмай чўмилиб чиқишяпти ҳовузда", дейди уй бекаси.

Шунга қарамасдан, бозор, идоралар ишлаяпти. Даладагилар далада ишини давом эттиряпти. Ҳеч кимга уйда ўтиринглар иссиқда, дейишгани йўқ. Бундай деб ҳеч қачон дейишмаса ҳам керак бизда. Бундан иссиқларга ҳам чидаганмиз, деб айтади яна бир суҳбатдош.

"Тошкентда эса бироз салқин бугун, лекин тинмай сув ичганимиз-ичган. Нафас олиш қийин айниқса домларда, ишхоналарда ҳар ҳолда кондиционерлар бор", дейди биз телефонда боғланган киши.

Хабарларда айтилишича, 28 июлдан бошлаб Тошкентда ва бошқа минтақаларда ҳаво ҳарорати бироз пасайиши кузатилади.

Июл ойи бошида Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги ахборот хизмати экстремал об-ҳаво шароити билан боғлиқ баёнот тарқатганди.

Иш вақти қуйидаги шахсларга нисбатан иш ҳақи сақланган ҳолда камайтирилиши айтилган:

18 ёшга етмаган ишчиларга; I ва II гуруҳ ногиронларига; Ноқулай меҳнат шароитларида ишловчиларга; Жиддий мазмунга эга ишларда фаолият юритувчилар; Давлат бюджети томонидан молиялаштирилаётган ташкилот ва корхоналарда ишлаётган 3 ёшгача бўлган фарзанди бор аёллар.

Қонунчиликка кўра, хавфли ва ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётганлар, шароит даражасига мувофиқ қўшимча равишда 3-24 кунгача меҳнат таътилига чиқишлари мумкин.

Меҳнат кодексининг 219 моддасида эса, ишчи ўз саломатлиги ёки ҳаётига таҳдид солувчи ишни бажаришдан бош тортишга ҳақли экани белгилаб қўйилган.

Бу ҳолатда, ишчи меҳнат жараёнида унинг саломатлиги ва ҳаётига хавф солувчи ҳолат вужудга келганидан иш берувчини зудлик билан огоҳлантириши керак бўлади. Бу ҳолатлар тасдиқланса, иш берувчи уларни бартараф этиш чораларини кўради. Агар, зарурий чоралар кўрилмаса, ишчи токи унинг соғлиғи ва ҳаётига таҳдид солувчи ҳолат бартараф этилгунича, ишламасликка ҳақли. Бу давр мобайнида, унинг иш ҳақи сақлаб қолинади.", дейилади баёнотда.

Бу Ўзбекистон расмийларининг жазирама ёки аёз ҳаво шароитида ишлашга оид аҳолига эълон қилган илк маълумотидир.

Ушбу маълумотда ёпиқ биноларда қайси ҳаво ҳароратида ишлаш ёки ишламасликка ойдинлик киритилган.

Очиқ ҳаводаги жазирама остида ишлашига тўғри келаётган инсонлар қандай йўл тутишлари ҳақида изоҳ берилмаган.

Шу билан бирга, Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 219-бандига асосланиб ишчининг ишдан бош тортишга ҳаққи борлигини эслатганди.

Бироқ Ўзбекистонда далада ишлаётган деҳқоннинг ёки давлат идораларидаги ходимларнинг айнан иссиқ туфайли ишга чиқмагани ҳоллари ҳали кузатилмаган.

Аксар Араб мамлакатларида ёз пайти иш соатлари расман эрталаб соат 6 дан туш соат 2 гача қилиб белгиланган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ёзишларича, 60 градус бўлсаям ишлайди ўзбек, тепада ўтирганларнинг бу билан иши йўқ...

Ёки унга тескари

"Далада ишлаётганларга иш соатини белгилаш шартмас. Улар ўзлари хоҳлашса эрталаб 5 да хам ишлаши мумкин, иссиқ пайт дам олса ҳам бўлади" каби изоҳларни ҳам ўқиш мумкин.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.