Ўзбекнинг ўртача бўйи қанча?

Сўнгги 100 йил мобайнида дунёнинг турли мамлакатларидаги эркак ва аёлларнинг бўйи ўсган-ўсмаганига бағишланган янги тадқиқот эълон қилинди.

Бу тадқиқотга кўра, голланд эркаги дунёнинг энг баланд бўйли эркаги ва латиш аёли жаҳондаги энг узун бўйли аёл деб топилган.

Сўнгги 100 йилдаги баланд ва паст бўйлар ҳақидаги тадқиқотни eLife журнали эълон қилган.

Тадқиқот, бундан 100 йил олдин голланд эркаги бўйининг узунлиги бўйича 12-ўринда эди, ҳозирга келиб 1-ўринга кўтарилди, дейди.

Ҳозир Нидерландияда яшайдиган эркакларнинг ўртача бўйича 183 сантиметрни ташкил этар экан.

Латвияда истиқомат қилаётган аёлларнинг ўртача бўйича 170 сантиметр деб кўрилмоқда.

Тадқиқот 1914 йилдан буён энг кучли ўзгариш Эрон эркаклари ва Жанубий Корея аёллари ўртасида кузатилганини қайд этади.

Эронлик эркакнинг ўртача бўйи 16 сантиметр, корейс аёлининг ўртача бўйи 20 сантиметрга кўтарилган, дейди eLife журнали.

АҚШ эркаги 1 аср мобайнида атиги 6 см, америкалик аёл эса 5 смга ўсгани айтилади.

1914 йили АҚШ эркаги бўйи узунлиги бўйича 3-ўринни, аёли эса 4-ўринни эгаллаган бўлса, ҳозирга келиб 37- ва 42-ўринга тушиб кетганлар.

100 йил олдин энг пакана аёл Гватемалада истиқомат қилган экан, ўшанда уларнинг ўртача бўйи 140 сантиметрни ташкил этган бўлса, бугунга келиб ҳам гватемалалик аёл энг паст бўйли ва унинг ўртача бўйи 150 см деб кўрилади.

Жаҳоннинг энг пакана эркаклари(160 см) Шарқий Тиморда деб кўрилади,

Шарқий Осиё мамлакатларида яшайдиган аёл ва эркакларнинг бўйи анча ўсган.

Айниқса, Япония, Хитой ва Жанубий Корея халқлари бўйчан бўлиб кетганлар.

Инсонлар бўйидаги ўзгаришнинг бир сабаби ген билан боғлиқ, дейишади мутахассислар.

Атроф-муҳитдаги ўзгариш, тиббий хизмат даражасининг юқорилиги, санитария ва овқатланиш халқларнинг бўйи ўсишига таъсир кўрсатаётган асосий омиллар сифатида тилга олинмоқда.

Шунингдек, онанинг ҳомиладорлик пайтидаги саломатлиги мустаҳкам бўлиши ва овқатланиши ҳам фарзандларининг бўйи баланд бўлишига олиб келиши тасдиқланган.

Мана 2014 йилдаги эркагининг энг бўйи баланд 10 мамлакат(қавсда 1914 йилдаги ўрни берилган):

1. Нидерландия(12)

2. Белгия(33)

3. Эстония(4)

4. Латвия(13)

5. Дания(9)

6. Босния ва Ҳерцеговина(19)

7.Хорватия(22)

8. Сербия(30)

9. Исландия(6)

10. Чехия Республикаси(24)

2014 йилдаги аёлининг энг бўйи баланд мамлакатлар(қавсда 1914 йилдаги ўрни берилган):

1. Латвия(28)

2. Нидерландия(38)

3. Эстония(16)

4. Чехия Республикаси(69)

5. Сербия(93)

6. Словакия(26)

7. Дания(11)

8. Литва(41)

9. Беларус(42)

10. Украина(43)

Ўзбекларнинг бўйи секин ўсаяптими?

eLife тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда эркакларнинг ўртача бўйи 100 йил олдин 161 см бўлган ва бугунги кунда 169, 4 смни ташкил этади.

Ўзбек аёлларининг бўйи эса ўртача 157,8 смни ташкил этади, бу бир аср олдинги бувиларга нисбатан қарийб 7 сантиметр баланд деганидир.

1914 йилда Ўзбекистон 118-ўринда бўлгани ва 2014 йилга келиб 128-ўринни эгаллагани айтилади.

1980 йиллардаги қайта қуриш эпкинлари билан юзага келган матбуот эркинлиги замонида Ўзбекистон матбуотида пахта яккаҳокимлиги, Шўроларнинг пахта етиштиришни кўпайтириш мақсадида Орол денгизининг қуришига олиб келган сиёсати танқид қилинган кўплаб мақолалар эълон қилинди.

Пахтага ишлов бериш учун қўлланган кимёвий дориларнинг миллат генофондига салбий таъсир кўрсатгани ва оғир меҳнат ўзбек фарзандларининг бўйи пасайиб кетишига олиб келгани, оқибатда Совет армиясига ўзбекларни фақат "стройбатальон"ларга ҳарбий хизматларга сафарбар қилганлари ҳақида ёзилган мақолаларни ҳозир ҳам кўпчилик эслайди.

Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида ҳам расмий мулозимлар Оролбўйида одамларнинг ўртача бўйи 6 сантиметрга пасайиб кетгани ҳақида гапирардилар.

Сўнг бу мавзу ҳам Ўзбекистонда тақиқланди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.