Вазир болаларни пахтага чиқармасликдан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Web

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 28 июлда ўтган селектр мажлисида бу йилги пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланмаслик тўғрисида гапирган.

Унга кўра, пахтага чиқадиган бюджет ташкилотлар ва теримчилар сони ҳозирдан ҳал қилиниши лозим. Ҳосил болалар меҳнатисиз териб олинишини таъкидлаган.

Бош вазир мажлисда қатнашган вилоят ва туман ҳокимларини болалар меҳнатидан фойдаланганлар қаттиқ жазоланишидан огоҳлантирган.

Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор йирик хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишган.

Бир неча йиллардан бери халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳукуматига болалар меҳнатидан фойдаланмаслик талаблари ва дунёда Ўзбек пахтасини бойкот қилиш чақириқлари орқасидан мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш расман тўхтатилишига эришилган.

Бироқ маҳаллий ва халқаро ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳамон мавжудлигини айтишади.

Ўтган йили ҳам Елена Урлаева дохил кам сонли ҳуқуқ фаоллари далаларда болалар меҳнати давом этаётгани тўғрисида хабар беришган. Унинг исботи сифатида фотосуратларни ҳам тарқатишган.

Бунга жавобан, расмийлар болалар оила аъзоларига қўшилиб, ихтиёрий тарзда далага чиққанини билдиришган. Шунингдек, Би-би-си гаплашган баъзи вилоятликлар ҳам пахта мавсумида оилавий қатнашиш оилага моддий ёрдам бўлишини таъкидлашган. Болаларимиз пахта териб олган пулларига мактаб учун ўзларига кийим-бош сотиб олиб берамиз, дейишган улар.

Ҳуқуқ фаолларининг қайд этишича, бош вазирнинг бу каби мурожаатига ҳар йилги чақириқ сифатида қараш керак.

Аслида уни бажаришдан бажармаслик кўпроқ аниқроқдир. Шундай бўлсада, маҳаллий расмийлар томонидан юқорининг топшириғи амалга оширилаётганининг исботи сифатида баъзан болалар меҳнатидан фойдаланаётганларни жазолаш ҳоллари ҳам учраб туради.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда тўртинчи ўринда.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев бир неча йил олдин 2016 йилга бориб мамлакатдаги пахтанинг 90 фоизи комбайнлар ёрдамида териб олинишини ваъда берганди.

Бироқ ҳозирча пахта ҳосили асосан қўлда териб олингани боис, катта сондаги ишчи кучига талаб ҳар доим мавжудлигича қолаверади.

Болалар ва талабалар меҳнатидан фойдаланиш кескин камайгани орқасидан икки йилдан буён мактаб, касалхона каби қатор бюджет ташкилотлари оммавий равишда пахта теримига жалб қилиб келинади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.