Ўзбекистон ҳукумати сизни қандай кузатади?

Интернет орқали кузатув Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Шу кунларда давлат ўз фуқароларини яширинча кузатиши мақсадида фойдаланадиган юқори технологиялар билан боғлиқ яна бир можаро авж олаяпти, бу можаро марказида ҳам Ўзбекистон турибди.

Гап давлат ўз фуқаросининг телефон сўзлашуви, Интернет орқали хат-хабар юбориш ёки мулоқот қилишини кузатиб бориш, шунингдек, давлат ўзига душман деб билган инсонларнинг компютерларига хакерлик хуружларини уюштириш мақсадига хизмат қиладиган софтверлар ҳақида бормоқда.

АҚШнинг "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги хабар қилишича, бирор бир давлат томонидан кузатув учун зарур компютер дастурларини сотиб олиш ва ўрнатиш нақадар осонлиги батафсил ёзилган маълумотни қўлга киритган.

АҚШ-Исроил ҳамкорлигидаги Verint Systems ширкати ўз маҳсулотини дунёнинг қатор мамлакатлари қатори Ўзбекистонга ҳам сотган.

Verintнинг софтвери овозли суҳбатларни, эмейл ва SMS хабарларни "тутиш" имкониятини беради.

Қароргоҳи Лондонда жойлашган Privacy International ташкилоти тадқиқотларидан маълум бўлишича, Verint билан бирга унинг асосий рақиби деб кўрилган Nice Systems ширкати ҳам ҳали 2000 йиллардан буён Ўзбекистон ҳукуматига жуда кўп кузатув маҳсулотларини сотган.

Бу икки ширкатнинг мутахассислари Тошкентга мунтазам қатнайдилар, махсус хизматлар ходимларини бу дастурларни қандай ўрнатиш, улардан қандай фойдаланиш борасида йўл-йўриқ берадилар.

Privacy Internationalдан ушбу мавзуни ўрганган Мари Басташевскининг айтишича, Verint ва Nice Systems Қозоғистонга ҳам ўз кузатув жиҳозларини сотган.

"Ассошиэйтед Пресс" ёзишича, Ўзбекистон ҳукумати сотиб олган софтверларини ишга солиб телефон сўзлашувлари махфий эшитилган, электрон мактублари ўқилган ёки Скайп суҳбати тингланган инсонлар ҳибсга олинганлар, калтакланганлар, қийноқларга солинганлар.

АП мисол тариқасида Ўзбекистон ҳукумати қамаган Қудрат Расулов фаолиятини келтирган.

Қудрат Расулов Ўзбекистон режими танқидчиси бўлган.

У ўзининг танқидий мақолаларини тахаллус остида эълон қилиб борган.

Ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Тўлқин Қораев ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch ташкилоти вакилларининг фикрича, ўта эҳтиёт бўлганига қарамасдан, Қудрат Расулов Ўзбекистон махсус кучларининг кузатуви остида бўлган.

Қудрат Расулов ёзаётган ҳар бир янги мақоласи учун янги эмейл очган ва четга жўнатган.

Тўлқин Қораев ва Қудрат Расулов Скайп орқали мақолаларни муҳокама қилганлар.

Шундай бўлса-да Қудрат Расулов олти ойдан кейин ҳибсга олинган ва 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

"Улар Скайпини ўқиганлар. Улар унинг телефон суҳбатларини тинглаганлар. Шунинг учун улар жиноят ишини қўзғаганлар", деб айтган ўзининг сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдалангани учун қамоқда ўтирган Қудрат Расуловнинг иши ҳақида Human Rights Watch ташкилотининг вакили Стив Свердлоу.

"Ассошиэйтед Пресс" агентлиги "ўз фаолиятингиз билан сиз репрессив режимларни қудратлантирмаяпсизларми", деган савол билан Verint ва Nice Systems ширкатларига мурожаат қилган.

Verintда ҳеч қачон журналистлар билан мулоқот қилмасликларини айтишган.

Nice Systemsдан айтишларича, ширкат ўзининг фаолиятида "бошқарувнинг энг юқори мезонларига таянади ва бизнес келишувларида ахлоқий ўзини тутишга кучли эътибор қаратади".

Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларини қаттиқ кузатиши янгилик эмас.

Бундан олдин Телиасонера ширкати Ўзбекистон ҳукуматига мижозларининг мобил суҳбатларини тинглашига изн берганини тан олган, буни терроризмга қарши кураш эҳтиёжи билан тушунтирган.

Ўзбекистон ҳукумати Интернетга тўсиқ қўйиш мақсадига йирик маблағлар сарфлаши хабар қилинган.

2015 йил ёзидан Ўзбекистон ичкарисидаги инсонлар билан Скайп орқали мулоқот йўли тўсиб қўйилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.