MTS Ўзбекистонни яна тарк этадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social Media
Image caption MTS

Россиянинг энг йирик мобил алоқа ширкати MTS яна Ўзбекистонни тарк этиш тадоригига тушган.

Бу ҳақда Reuters дохил бир неча ахборот агентликлари хабар бермоқда.

Интерфакс хабарига кўра, ширкат ўзининг 50 фоиз ҳиссасини маҳаллий ҳамкорларига "рамзий нархда" сотишга қарор қилган.

MTS нинг собиқ Шўро давлатларидаги фаолиятини АҚШ Адлия вазирлиги текшираётганига доир хабарлар ўртага чиққан эди.

Бундан икки ойча аввал 4 йил олдин камида 9 миллион мижозни мобил алоқасиз қолдирган МТС ширкати яна Ўзбекистондаги бизнеси улушларини сотиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганди.

Ўзбек расмий мулозимлари ҳам, Москвадаги МТС ширкати ҳам Россия ахборот агентликлари, рўзномалар ва Интернет нашрлари тарқатаётган хабарларга расман муносабат билдирмаганди.

2012 йилги можародан кейин 2014 йил 1 декабрида МТС Ўзбекистон мобил алоқа бозорига қайтган, Ўзбекистоннинг "Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение" давлат корхонаси билан бирга Universal Mobile Systems (UMS)га асос солган эди.

UMSнинг акциялар пакетида 50,01 фоиз МТСга, қолгани "Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение" корхонасига тегишли бўлган.

Бу АҚШ Адлия вазирлиги МТСга нисбатан олиб бораётган аксилкоррупция текширувини ҳал қилиш мақсадида талаб қилинаётган шартлардан бири бўлиши мумкин, деб айтган Ўзбекистон технологиялар ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлигидаги манба.

Ўтган йили АҚШ Оврўподаги беш мамлакатдаги жами 1 миллиард доллар атрофидаги маблағни ҳибс қилишни сўраб мурожаат қилган, бу активлар Ўзбекистоннинг телекоммуникация бозоридаги коррупция билан боғлиқ ишга алоқадор деб кўрилгани айтилган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, ўзларининг ўтказган тергови натижасида Россиянинг Vimpelcom ва MTC ширкатлари, Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги телекоммуникация шартномаларини қўлга киритиш учун Ўзбекистондаги амалдорларга пора берганлари аниқланган.

Vimpelcom Ltd ўз айбини тан олган ва Ўзбекистондаги "Билайн"нинг эгаси АҚШ Адлия вазирлиги, Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия ва Голландия прокуратураси билан коррупцион текширувни ҳал қилиш мақсадидаги битимларни имзолаган.

Vimpelcom 795 миллион доллар тўлашга рози бўлган.

Бироқ МТС Америка тарафи ҳибсга олишни сўраган Оврўподаги активлар ўзига тегишли эмаслигини айтган.

МТС баёнотида айтилишича, "Оврўпонинг қатор мамлакатларида АҚШ давлат органлари ҳибсга олишда кўмаклашиш сўровини юборган активларнинг соҳиби эмас".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар