Ўзбек матбуотида нима гаплар?

Август ойи бошида Ўзбекистонда чоп этилган рўзномаларда Япония бош вазирининг рафиқаси Акиэ Абэни Ўзбекистон президенти рафиқаси Татяна Каримова кутиб олгани ва Тошкент шаҳри бўйлаб Абэ ва Каримова хонимларнинг турли жойларга ташриф буюрганлари хабар қилинади. Бундан ташқари, ўзбек олимпиячиларининг Риога қараб йўл олганлари ва у ерда Ўзбекистон байроғи кўтарилгани хабар қилинади.

Олий ўқув юртларига кириш мавсумида чоп этилган мақолалар эса мамлакатдаги "юксак марраларни кўзлаган" ёшларнинг "энергия" манбаси - Red Bull - зарарлари; уларнинг 11.4 нафаридан ортиғи ўқув юртларидаги биргина жойга рақобат қилаётган бир пайтда дуч келадиган порахўр "фирибгар"лар; тўйда вальс тушишга келиша олмаган бўлажак келин-куёв ўз тўйларини бекор қилганлари ҳамда "Made in Uzbekistan" тамғаси билан глобус экспорт қилаётган ёш тадбиркор ҳақида сўзлайди.

"Юксак марраларни кўзлаган ёшлар" (O'zbekiston Ovozi, 2 август)

Юқоридаги каби сарлавҳалар остида, матбуот 1 август куни мамлакат олий ўқув юртларида бўлиб ўтган тест синовларини ёритди. Ушбу мақолада жорий йилда олий ўқув юртларига 663 минг 298 абитуриент ҳужжат топширгани, ўз ўрнида бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 57 минг 462 нафарга кўплиги айтилади. Бу абитуриентлар ажратилган 57,907 жойга рақобат қилишлари айтилади хабарда.

"Ёшларнинг олий маълумот олишга иштиёқи муттасил ўсиб бораётгани ҳамда "маънан ва жисмонан баркамол авлод соғлом ота-она, соғлом муҳит меваси" эканлиги урғуланади ЎзАдан олиб чоп этилган мақолада.

"Ўқишга киритиб қўяман', деб..." (Huquq, 4 август)

Рўзномада кириш имтиҳонлари пайтида қўлга тушган фирибгар - Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгашининг бош ҳисобчиси Қ. Бериев фирибгарлик қилаётган вақтда қўлга тушгани айтилади.

Маълум бўлишича, Бердиев ўз хизмат хонасида фуқаро Т. Бухоровдан уч минг АҚШ долларини "фирибгарлик йўли" билан олган пайтда ушланган. Бердиев шу миқдордаги пул эвазига Бухоровни Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг нефть ва газ йўналишидаги факультетга ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.

Бердиевга нисбатан Қарши шаҳар суди "тегишли" жазо қўллагани айтилади қисқа мақолада.

"Энергетик ичимликлар, фойдалими ё зарарли?" (Milliy Tiklanish, 3 август)

Аҳмад Юсупов ҳозирги кунда Ўзбекистонда оммавий равишда истеъмол қилинаётган, айниқса ёшлар орасида оммавийлашган, қувватбахш ичимликлар зарарлари ҳақида гапиради.

"Қўшимча қувват бахш этадиган ичимликларни истеъмол қилиш билан инсон турли касалликларни ўзига чақиради. Қон босими, юрак-қон томир тизимида муаммоси борларга бундай воситаларни қабул қилиш қатъиян ман қилинади. Дунёнинг бир қатор мамлакатлари, хусусан, Франция, Дания ва Норвегияда энергетик коктейллар тақиқланган. Аниқроғи, уни фақат дорихоналарда, шифокор тавсияси билан сотишга рухсат этилган. Энергетик ичимликлар АҚШнинг барча ҳудудида сотувдан тўлиқ олиб ташланган, Литвада ўтган йилдан бошлаб вояга етмаганларга сотиш тақиқланди. Баъзи мамлакатларда эса фақат 16 ёшга етганларга бундай турдаги ичимликларни сотишга рухсат берилади," дейди муаллиф.

Муаллиф мақолани тайёрлаш жараёнида ижтимоий тармоқда ёшлар ўртасида мазкур ичимликларга муносабатини билиш юзасидан сўров ўтказганида, ёшларнинг аксарияти энергетик ичимликларни зарарли деб билиши ва истеъмол қилмаслигини таъкидлаганларини айтади. "Сўровда иштирок этганларнинг тўртдан бир қисми эса бундай ичимликлар фойдали, деган фикрда," дейди муаллиф.

Хулоса ўрнида Ўзбекситонда етиштирилган мева-сабзавот, полиз маҳсулотларини ичтеъмол қилишга чақирилади мақолада.

"Беруний бобонинг Қибрайлик набираси" (Тошкент ҳақиқати, 3 август)

Мақолада рўзнома мухбири Юлдузхон Муҳиддинова Қибрай туманидаги, Турин политехника университети талабаси Бобур Зокировнинг фаолияти ҳақида сўздайди. Бобур бошчилик қилаётган "Зиё глобус" корхонаси "Goldenote", яъни "Олтин эслатма" номи остида "Made in Uzbekistan" белгиси билан глобуслар ишлаб чиқариб, дунёнинг кўплаб мамлакатларига экспорт қилаётгани айтилади мақолада.

"У 2012 йилда 'Зиё глобус' масъулияти чекланган жамияти шаклидаги корхона фаолиятини йўлга қўйди. Дастлаб 3 нафар оила аъзолари меҳнат қилган ушбу корхона шу йилнинг ўзида "Ekstremum Press" компаниясига шартнома асосида 1000 дона глобус етказиб берди. Айни кунларда 20 нафар ёшлар меҳнат қилаётган жамоа саъй-ҳаракати билан таълим муассасалари учун 10 хил турдаги глобус ҳамда 20 турдан ортиқ ўқув-услубий анжомлар ишлаб чиқарилмоқда. Шуниси эътиборга лойиқки, глобуслар уч тилда - ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланмоқда ва ўз харидорларини топиб бормоқда," дейди мақола муллифи, Бобурнинг фаолиятига тўхталиб.

"Бобурнинг айтишича, бугунги кунда глобус ишлаб чиқариш жаҳоннинг саноқли мамлакатларидагина йўлга қўйилган. 'Зиё глобус' Марказий Осиё да глобус ишлаб чиқарувчи ягона корхона бўлиб, Италия, Германия, Россия, Хитой мамлакатларидаги шу турдаги маҳсулот тайёрлаётган корхона ва фирмалар билан тенгма-тенг беллашмоқда," деб қўшимча қилади мақола муаллифи.

"Мустақиллик куни - мамлакат фуқаролари бирлигининг ёрқин рамзи" (Халқ сўзи, 3 август)

Мустақилликнинг 25 йиллиги байрами арафасида "Жаҳон" ахборот агентлиги бир қатор ўзга юртлар элчилари билан сухбат қуришга улгурди. Бу сафар марказий рўзномада Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Владимир Тюрденевнинг фикр-мулоҳазалари чоп этилади.

Элчи Ўзбекистондаги "чуқур ислоҳотлар" ҳамда тараққиётнинг "ўзбек модели"ни олқишлайди. "Шубҳа йўқки, бу муваффақиятлар - меҳнаткашлиги, юксак маънавияти, аниқ мақсад сари интилувчанлиги ҳамда қийинчиликларни бартараф қилиш қобилияти билан ҳурмат ва ном қозонган ўзбек халқининг хизмати. Айнан ана шундай сифатлар давлат ҳамда жамият барқарор тараққиётининг гарови ҳисобланади," деб қўшимча қилади Россия элчиси.

"Изчил мустаҳкамланиб бораётган" Россия - Ўзбекистон муносабатлари ҳақида тўхталиб, элчи халқлар ўртасидаги "асрий дўстлик ҳамда ўзаро кўмаклашиш анъаналари" янада "шитоб билан" ривожланишига умид билдиради.

"Калтабинликдан яралган 'анъана' миллат маънавияти кушандасидир" (Жамият, 5 август)

Журналист Шаҳзода Акбарова "меъёрдан ортиб бораётган ширин орзу-ҳаваслар аксар ҳолларда фаровон турмушга зиён етказиб, отиқча ташвиш, муаммоларни келтириб чиқармоқда" деб таъкидлайди.

Муаллиф аллақачон анъана тусига кириб қолган меъёрдан ортиқ тўйларга, жумладан, " тўқликка шўхлик қилиб, ким ўзарга, ўзини, бойлигини кўз-кўз қилиш учун тўй қилаётган калтабин кишиларнинг ўйлаб топаётган 'урф-одатлари' бир кун келиб анъанага айланиб қолмасмикан" деб ташвишга тушади.

Муаллиф тўйда вальс тушишга келиша олмаган бўлажак келин-куёв ўз тўйларини бекор қилганлари мисолини келтириб, бундай "иллат"ларга болта уришга ундайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.