Беш кун бекор, икки кун дам

Европалик ўзи ўзбек инглизнамою французнамо бир олифта дўстим сўраб қолди: Ўзбекистонда ёз соз ўтяптими деб. Бу ҳақда ўйламаган эканман, ишсиз одам дам ҳақида ўйламайди, биринчидан. Иккинчидан, ишсиз одам ишлаган одамдан кўра кўп "ишлайди"- асабийлашади, маблағи йўқ, вақти хуш ўтмайди ва хоказо. Қисқаси, беш кун бекор, икки кун дам.

Аммо хусусий сектор вакиллари ёзнинг иссиқ кунларида европоликлардан қолишмайдиган даражада дам олишади. Пойтахтликлар учун кейинги 10 йил ичида Чорвоқ тоғида дам олиш урфга кириб бўлди. Бу йилнинг ёзида Чорвоқ сув омбори жойлашган ҳудудда вилоятликларнинг ҳам келиши кузатилган. Пирамида деб аталадиган бу ҳудуд, айниқса, водийликларнинг севимли масканига айланиб улгурган.

Чорвоқ сув омбори ён атрофида жойлашган хусусий ҳовли жой эгалари ижара нархларини яхшигина оширишган. Масалан, ҳовлисида бассейни ҳам бор икки хонали уйнинг бир суткалик ижара нархи 350 мингдан 400 минг сўм атрофида бўлса, теннис, билярд залию бассейни бор яхши жиҳозланган ҳовлиларнинг бир суткалик ижара нархи 7 миллиондан- 8 миллионгача кўтарилган.

Ушбу нархлар тижоратчилар учун чўт эмас, хамир учидан патир! Айниқса, якшанба кечидан душанба оқшомигача Чорвоқ дам олиш масканларини "Отчопар" улгуржи савдо марказининг тижоратчилари тўлдириб ташлайди. "Отчопар"га яқин жойлашган "Ўрикзор" улгуржи савдо маркази тижоратчилари бир йил мобайнида фақат янги йил, икки ҳайит, Наврўз ва Мустақиллик байрами кунигина дам олишар экан, қизиқ.

Бюджет соҳасидагилар, масалан, ўқитувчилар ёзги таътилни фақат уйларида ўтказишни маъқул кўришади, кўп ҳаражатни чўнтак кўтармаслиги табиий. Ўқитувчилар ёз ойида дам олиш ҳақида эмас, кўпроқ даволаниш ҳақида ўйлашади.

Жиззах вилоятининг Бахмалдаги тоғли ҳудуд дам олиш масканларига Тошкентликлар кам боришади. Асосан, Сирдарёликлар, Жиззахликларнинг ўзи ва Хоразмликлар бу гўзал ҳудудга кўп келишади. Чорвоқ ёки Билдирсойдагидай Бахмалда сервис нархлари баланд эмас экан.

Бухороликлар, асосан, Шаҳрисабзнинг Мираки дам олиш масканига келишар экан. Шаҳрисабзликларнинг айтишича, ёз ойларида Бухоро рақамидаги машиналар Китоб ва Шаҳрисабз тумани йўлларини тўлдириб ташлайди.

Ўзбекистоннинг қишлоқ аҳли учун дам олиш масканларига бориш ғалати, тўғрироғи, ғайритабиий бўлиб туюлса керак. Ўзбек деҳқони учун энг яхши дам бу- меҳнат!

Қишлоқдагилар ёппасига, одатда, ёз фасли бошланиши билан "ҳаво алмаштириб келиш учун" Россияга кетишади. Россияликлар эса одатда, ёппасига Туркия, Болгария, Малайзия, Таиланд ва бошқа ерларга дам олгани кетишади. Ўзбеклар ҳам Туркия ёки Таиланд, Хитойга сайёҳ мақомида боришмоқда, албатта. Лекин россияликлардай ёппасига эмас, сабаби моддий аҳвол билан боғлиқ. Иккинчидан, четга чиқиш учун паспортга овирдан муҳр уддириш масаласининг тез кунда ечилмаслиги ҳалақит берса керак.

Россияликлар бу йил Туркияга деярли боришмади. Сабабини биламиз. Аксинча, Қора денгизнинг Қримдаги соҳилларини забт этишди. Ўзбеклар учун Қримга бориш бирмунча қийинлашди. Аввал Москвага учуш лозим бўлади, сўнгра Москвадан Симферополга. Қрим аннексия бўлмасдан олдин Тошкентдан тўғри училарди. 4 соат ўтиб ўзингизни Қримда кўрардингиз. СССР қулагандан кейин ўзбеклар Қримга кам сонда боришади, чунки Туркиянинг денгиз бўйлари урфга кириб бўлди.

Ўткан йил ва бу йил қишлоқдагиларнинг Россияга оммавий кетиши бирмунча секинлашди. Ҳаво алмаштиришга борган мардикорлар ёз мобайнида дам олиш кунисиз ва тонгдан кеч тушгунча қурилишларда ишлашади. Тил билмайдиган ва содда ўзбек мардикорларининг меҳнатсеварлигидан россияликлар лол қолишган, албатта.

Тушуниш керак, мардикорлар емай-ичмай ва кам ҳаражат этиб кўпроқ маблағ билан уйларига қайтишни исташади. Асосан, октябр ёки ноябр ойида ватанларига қайтишади. Қиш фаслини беш кун бекор икки кун дам қабилида ўтказишади. Ёз фасли келишини интизор бўлиб кутишади, қишлашади.

Қишлоқ хўжалиги саноатида ислоҳот шабадалари эсмагунча шу зайлда давом этса керак. Яхшиси, яхши ният қилайлик! Эрону Ҳиндистонга, бу ёғи Хитою Россияга, кун келиб, ўзбек деҳқони тез юрар поездга миниб сайёҳ мақомида борса, ажаб эмас! Ҳозирча, қиш фаслида беш кун бекор, икки кун дам.

(Суратларда тошкентликларнинг ёқтирган дам олиш маскани)

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio