"Тўйимга ароқ қўймаганим учун диний экстремист бўлдим"
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Тўйимга ароқ қўймаганим учун диний экстремист бўлдим"

Ўзбекистонда диний экстремизмда айбланиб, қидирувга берилган самарқандлик Алишер Жалилов Россияда ҳуқуқий ҳимоя излаётганини айтади.

Ўзининг сўзларига кўра, 32 ёшли Алишер Жалилов беш йил муқаддам Самарқандга уйланиш учун борган пайт "тўйига ароқ қўймагани боис" ҳуқуқ тартибот идораларининг назарига тушган.

"Намоз ўқирдим. Бир-икки масжидга борган пайтим кузатишган. Мени чақириб, учётга олишди.Россияга кетсанг, бизга хабар бер, дейишди. Аммо мен хабар бермасдан чиқиб келдим. Шундан сўнг 2012 йилда қидирув эълон қилиб, расмларимни ҳамма жойга осиб қўйишган",- дейди Би-би-си билан суҳбатда ҳозирда Санкт-Петербургда яшаб, ишлаётганини айтган меҳнат муҳожири.

У Ўзбекистонга қайтгани тақдирда ҳибсга олиниши ва қийноққа тутилишидан хавотирда.

Алишер Жалиловнинг айтишича, Самарқанд милицияси у билан Россияда танишган ҳамюртларини ўзига қарши кўрсатма беришга мажбурлаган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Россиядан қайтган меҳнат муҳожирларини диний экстремизм айблари билан қамаш ҳоллари кўпайган.

Тошкентлик ҳуқуқ фаоли Сурат Икромовнинг сўзларига кўра, шу кунларда аввалроқ Россиядан депортация қилинган самарқандлик меҳнат муҳожири устидан маҳкама бошланиши кутилмоқда.

"Айблов хулосасини ўқидим. Россиядан қайтганларнинг кўрсатмаси асосида ушлаб, депортация қилинган. Бунақалар ҳозир жуда кўп. Судлар бир кун ҳам тўхтагани йўқ", - дейди ҳуқуқ фаоли.

Унинг айтишича, Россиядаги меҳнат муҳожирлари орасида радикаллашиш ҳоллари мавжуд, аммо ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари қидирувга бераётганларнинг кўпчилиги ё оддий намозхонлар ёки муқаддам диний экстремизмда айбланиб, қамалган ва озодликка чиққач, рўзғор тебратиш учун Россияга ишлагани кетган ўзбеклардир.

Россиялик фаоллар ўтмишда диний экстремизмда айбланган ўзбекистонликларнинг ноқонуний ҳибсга олиниб, депортация қилиниши билан боғлиқ ўнлаб ҳолатлар ҳақида хабар тарқатишган.

Улар шунингдек, Россия махсус хизматларини ўзбек муҳожирларининг ўғирлаб кетилишига алоқадорликда айблаганлар.

Алишер Жалилов билан суҳбатни тингланг.