"Телефонда гаплашган пиёдани жазолаш керак"

Расмийларга кўра, Ўзбекистонда пиёдаларнинг мобил телефонда суҳбатлашиши кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда, ҳалокатлар олдини олиш мақсадида телефонда сўзлашган пиёда учун жазони кучайтирмоқ лозим.

Бундай таклиф мамлакат парламенти олдига ҳам қўйилган.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, парламент қуйи палатаси қатор қонунларга ўзгартириш киритиш лойиҳасини тайёрлаган.

Лойиҳада, хусусан, Йўлларда ҳаракатланиш қоидаларини бузган шахсни жаримага тортиш таклифини Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик кодексига киритиш кўзда тутилган.

"Газета.уз" веб-сайти хабар қилишича, мобил телефондан фойдаланиб хавфли вазиятни юзага келтирган инсонларга жавобгарликни кучайтириш эҳтиёжини Қонунчилик Палатаси депутати Алия Юнусова пиёдалар аксар автоҳалокатлар сабабчиси бўлаётгани билан изоҳлаган.

"Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жами йўл-транспорт ҳодисаларининг 54 фоизидан кўпроғини пиёдаларни уриб кетиш ташкил этади. Буларнинг асосий сабаби - пиёдалар томонидан йўл белгилари, йўлни ажратиб турувчи чизиқларга риоя қилинмаслиги, кўчанинг ўтиш қисмида ноқонуний туриш, эҳтиётсизлик ва эҳтиёт чораларини писанд қилмасликдир", дея Қонунчилик Палатаси вакилидин иқтибос келтиради "Газета.уз".

Оқибатда 2014 йили автомобиллар уриб юборган пиёдаларнинг 506 мартасида айб пиёдаларда бўлган.

Ана шундай ҳодисаларда 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 431 киши жароҳатланган.

Худди шундай манзара ўтган йил давомида ҳам кузатилган.

Йўлларда ҳаракатланишнинг бошқа қоидаларини бузганлар учун жавобгарликни янада қаттиқлаштириш таклифларини Ўзбекистон Сенати 24-25 август кунларига мўлжалланган мажлисида кўриб чиқилиши кутилаётгани хабар қилинмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook - BBC UZBEK

◾Google+BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - uzbekbbclondon

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.