GM Uzbekistan ижтимоий тармоқлардаги қаллобликдан огоҳлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи GM Uzbekistan

GM Uzbekistan ширкати Facebook фойдаланувчиларини ижтимоий тармоқлардаги турли-туман акция ва тадбирларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш ҳақида огоҳлантирган.

Facebook саҳифасида чоп этилган билдиришда GM Uzbekistan охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда кечаётган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомобиллар билан боғлиқ хабарларнинг кўпчилиги ҳаққоний эмаслигини айтган.

"Шу муносабат билан маълум қиламизки, биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, биз ўтказаётган акция ва бошқа тадбирлар ҳақидаги барча ҳаққоний маълумотлар фақат www.uzautosanoat.uz ва www.chevrolet.uz, шунингдек, бизнинг "Facebook"даги расмий саҳифамизда чоп этилади", дейилади GM Uzbekistan хабарида.

Ширкат ижтимоий тармоқлардаги бундан бошқа саҳифаларда тарқатилаётган ҳар қандай хабарнинг GM Uzbekistan фаолиятига алоқаси йўқлигини таъкидлаб, фойдаланувчиларни огоҳ бўлишга чақирган.

Ижтимоий тармоқлардаги қаллобликлар билан боғлиқ расмий билдириш Ўзбекистон автомобил бозорининг монополиячиси бўлган GM Uzbekistan ўзининг янги русумдаги автомобилларини хорижий бозорларга олиб чиқаётган пайтга тўғри келган.

Ўтган ҳафта Ravon номи остида чиқаётган янги русумдаги Nexia автомобилларининг биринчи партияси Россияга юборилган.

Аммо янги Nexia нинг Россиядан қачондан бошлаб сотилиши айтилмаяпти.

Россия матбуотининг ёзишича, янги Nexia нинг нархи 40 минг рублга қимматлаган.

Ўтган ҳафта Ravon бренди Украинада ҳам тақдим этилганди.

Сентябр ва октябр ойларида ширкат Озарбайжон, Беларус ва Туркманистон бозорларига чиқишни режалаётгани айтилади.

Ўзбекистоннинг ўзида эса бугун янги Nexia биринчи эгаларига етиб боргани хабар қилинган.

Ширкатнинг расмий хабарида айтилишича, янги автомобиллар Тошкентдаги "Driver's Village" марказидаги тантанали маросим чоғида эгаларига топширилган.

Уловидан тушови қиммат

Ҳиссаларининг 75 фоизи Ўзбекистон ҳукуматига тегишли бўлган 'GM-Uzbekistan' автомобиллари Ўзбекистон аҳолисининг ўзига хориж бозорларидаги нархдан қимматга сотилади.

Ҳукумат хорижда ишлаб чиқарилган автомобилларга йирик бож солиш орқали 'GM-Uzbekistan'нинг ички бозордаги мутлақ монополиясини муҳофаза қилиб келади.

Ички бозорда ўзбек автомобиллари нархларининг қимматлиги ва мамлакатда ўртача маошнинг 200 АҚШ доллари атрофида эканига қарамай, 'GM-Uzbekistan' автомобилларига талаб таклифдан юқорилигича қолмоқда.

Бўлажак автомобил эгалари автомобил қийматининг 85 фоизини аввалдан тўлашлари ва бир йилгача кутишлари керак.

Улар бу бир йил ичида доимо қимматлаб борадиган автомобил нархидаги фарқни ҳам тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига олишади.

Дилерлар расман сўмда ҳисоб-китоб қилишса ҳам, амалда ўзбек автомобилларига фақат АҚШ долларининг қурби етади, холос.

Таҳлилчиларга кўра, ўзбек автомобил бозорида сунъий равишда яратиладиган юқори даражадаги талаб турли-туман порахўрлик ва шубҳали молиявий схемаларга йўл очган.

Шу йил апрелида ширкат раҳбари Тоҳиржон Жалиловнинг ҳибсга олингани ва йирик молиявий қаллобликларга доир жиноий текширувлар бошлангани хабар қилинган.

'GM-Uzbekistan' ўз маҳсулотларини сотишга доир махфий схемалар амал қилиши ҳақидаги даъволарни рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг