Россия матбуоти: 'Ўзбекистонда инқилоб бўлмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Нима учун Тошкент ўзбек раҳбарининг соғлиги тўғрисида ҳеч нарса демаяпти?

Ҳафталик "Ведомости" газети бу саволга жавоб қидиради. - "Ўзбек Президенти Ислом Каримовнинг саломатлиги сир қолмоқда... "Юртбоши"нинг соғлиги муқаддас қадриятга, давлат барқарорлигининг рамзига айлантирилмоқда... Бундай вазиятда некролог тўғрисида сўз бўлиши мумкин эмас, ҳатто шифокорларнинг хулосаси ҳам қачонки ички элитанинг ҳокимият учун можаролари ҳал қилиниб, меросхўр тайин бўлгач ва лавозимлар тақсимлаб олингач, ошкор этилиши мумкин", дейилади Павел Аптекарнинг "Саломатлик манбаси" сарлавҳали мақоласида.

"Каримовнинг ўлими президент аппаратидаги аноним манбалар томонидан айтилмоқда. Айни вақтда ҳукумат Каримовни тирик эканлиги тўғрисида видео чиқаришлари ва Мирзиёев мурожаат билан чиқиши мумкин эди.

Бироқ улар сукут сақлашмоқда... Кучлар бўлиб олинмоқда... Бунинг учун эса вақт зарур", дейди Фергана.ру сайтининг муҳаррири Данил Кислов кундалик "Московский комсомолец" рўзномаси журналисти Людмила Александровага берган "Бу клиник ўлим эди" сарлавҳали интерьвюсида.

«Ўзбекистон ҳукумати ҳокимият алмашинуви қандай амалга ошиши тўғрисида музокаралар қилмоқда, дейди МДҲ давлатлари институтининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Андрей Грозин РБК газетасида - ўзбек ҳукуматининг президентнинг соғлиги тўғрисида аниқроқ, кенгроқ маълумотни тақдим этмаслик истагига изоҳ берар экан...

Агар президент тирик бўлса, кейинги президент ким булиши ҳақида келишувга келинмаганлиги боис эълон қилинмаяпти, дейди таҳлилчи Полина Химшиашвили ва Евгений Овчаровнинг "Тахтга ким келади" мақоласида.

"Независимая газета"га гапирган таҳлилчи Александр Князевнинг фикрича, Ўзбекистондаги асосий сиёсий элита аҳоли орасида инқилобга уриниш эҳтимолидан хавотир олмайди. Мураккаб ўтиш даврида, албатта, ташқаридан мамлакат ичкарисида вазиятни беқарорлаштириш уринишлари бўлиши мумкин, бироқ ҳукумат уни тез орада бартараф этиш имконига эга...

" Ҳар қандай гипотетик-хаёлий беқарорлаштиришга қарши ҳаракат жамоатчиликни қувватловига сабаб бўлади", деб айтади Князев Виктория Панфилованинг "Ўзбекистонда инқилоб бўлмайди" мақоласида.

Ҳукумат ўзгарган тақдирда Ўзбек-Россия алоқаларининг истиқболи қандай?

"Ведомости" газетига кўра, - "Тошкент Хитой-Россия-АҚШ ўртасида кўп қиррали сиёсатни давом эттиради, бунда ғарбпараст векторни кўпроқ аниқлаб олиш керак бўлади, чунки мамлакат инвестиция ва янги технологияларга муҳтож, Москва эса уни таъминлашга имкони йўқ.

Ўзбекистон бундан олдин Москва умид қилган Овроосиё иттифоқига хам қўшилиши кутилмайди.

Ва албатта Тошкент ОДКБ- Коллектив Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига азалги муносабатини сақлаб қолади. Яъни, Тошкент кунлардан бирида унга кирган, кейин яна чиққан эди... Умуман олганда, Россия Тошкентдаги воқеаларни кузатиб турувчи роли билан чекланиб туради... дейди "Тошкентда ҳаммаси тинч" номли мақолада Москвадаги Карнеги марказидан эксперт Алексей Малашенко.

"Минтақавий масалалар институти бўлим раҳбари Дмитрий Журавлевнинг "Известия"га айтишича, Ўзбекистонда ҳокимият алмашинуви Россия- Ўзбекистон муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимолдан узоқ. Сабаби шуки, бу ҳамкорлик олдинлари ҳам жуда яқин бўлмаган. "Ўзбекистан Россия ҳамфикр деб бўлмайди, лекин шу билан бирга, унга қарши ҳам эмас. Ўртада масофани сақлашга ҳаракат қилади. Ўзбекистон учун қўшнилари ва Хитой билан ҳамкорлик муаммолари кўпрок муҳим, дейди Дмитрий Журавлев Андрей Онтиков ва Георгий Асатрянларнинг «Каримов клани Ўзбекистонда қудратдан ташқарида" мақоласида.

"Московский комсомолец" "Тамерлан меросини ким олади?" номли мақолада Михаил Ростовскийнинг "Фақат ҳозирги сиёсий амалдорлар ичидаги одам Тошкентда президент бўлиши мумкин. Бу ҳаммани қизиқтиради, жумладан, камида минтақада стратегик барқарорликни сақланишидан манфаатдор Россия учун ҳам муҳим. Албатта бу инсон Каримовдан кўра кўпроқ ҳаракатчан ва унга нисбатан Россия ортидаги сиёсий ўйинларга камроқ мойил одам бўлиши яхшироқ албатта. Бироқ Москванинг бу истакларига Ўзбек "сиёсий бозори"да эътибор қаратилишини кутиб ўтириш ҳам керак эмас", деган фикрларини келтиради.

"Президент ўзгариши билан Россия ва Ўзбекистон ўртасида қандайдир жиддий иқтисодий муносабатлардан умидвор бўлиш хам шарт эмас, деб айтади Олий иктисод институти эксперти Сергей Пухов РБК нинг rbcdaily.ru сайтига- ... Россия билан муносабатлар кўпрок сиёсий мазмунга эга, деб кайд килади у. Ўзбекистонда ҳокимият ўзгариши яқин вақтда Россиянинг бу мамлакатдаги бизнесига ижобий таъсир кўрсатиши даргумон", Антон Фейнбергнинг «Кўп муҳожирлар, кам инвестиция" маколасида.

Ўзбекистон Президентининг аҳволи ва мамлакатдаги вазият ҳақида шу кунларда Ғарб матбуоти ҳам кўплаб мақола ва таҳлиллар чоп этмоқда. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, шу вақтгача Ўзбекистондаги вазиятга деярли умуман эътибор қаратмаган нашрларда ҳам Ислом Каримов номи билан боғлиқ мақолалар пайдо бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.