Кремл Ислом Каримовга боғлиқ хабарни изоҳлади

Россия Президенти Путиннинг матбуот котиби Песков олдинроқ Reuters агентлигининг уч дипломатик манбага иқтибосан Каримов вафот этгани тўғрисида тарқатган хабарини изоҳлаган.

"Ҳозирча маълумотлар келгани йўқ. Бундай вазиятда фақат Тошкентдан юборилган расмий хабаргина биринчи манба бўла олади", деб айтган Путиннинг матбуот сўзчиси Дмитрий Песков РБК мухбирига.

Агар Каримов вафот этган бўлса, Россия раҳбари дафн маросимига борадими?- деган саволга бунга жавоб бериш ҳозир ўринсизлигини айтган у.

78 ёшли Ўзбекистон раҳбарининг касалхонага ётқизилгани тўғрисида хабар 27 август шанба куни маълум бўлган эди.

Якшанба куни кечқурун эса Фергана.ру сайти ўзининг манбаларига асосан Ислом Каримовнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқатди.

Бироқ Ўзбекистон ҳукумати бу хабарни тасдиқламади, айни вақтда инкор ҳам этиб чиқмади.

2 сентябр, жума куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси Ислом Каримовнинг саломатлиги "ўта оғирлашган"и тўғрисида давлатга қарашли оммавий ахборот воситалари орқали маълум қилди.

Президент Ислом Каримовнинг ватани Самарқандда давлат раҳбарини дафн маросимига тайёргарлик ишлари бошлангани ҳақида хабарлар чиқди.

Reuters агентлиги ўзининг манбаларига таяниб хабар беришича, яқин вақтда Ислом Каримов Самарқандда дафн этилиши кутилади.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда Самарқандда ўтган тундан бошлаб шошилинч тозалаш ишлари кетаётгани акс этган суратлар пайдо бўлган эди.

Бундан ташқари, Reuters агентлиги Қозоғистон раҳбари Назарбоев 3 сентябрда Тошкентга боришини билдирган.

Самарқанддан келаётган хабарларга кўра, бугун жума намозида давлат раҳбарининг соғлигига "Ўзи қадари билан дард берди, ўзи шифосини берсин!", деб дуо қилишган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - http://bbc.in/2c00djI ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (http://bbc.in/2bHZ9nr)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.ан.