Туркия Бош вазири: Ислом Каримов вафот этди

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов оламдан ўтганини билдирди. Ўзбекистондаги расмий манбалар президентнинг ўлими ҳақидаги хабарни тасдиқлаганлари йўқ.

Ўтган ҳафта 78 ёшли Каримов мияга қон қуйилиши билан касалхонага ётқизилгани хабар қилинганди.

Жума куни Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси президентнинг саломатлиги "ўта оғир аҳволда"лигини билдирди.

Шунингдек, 3 сентябрда Каримовнинг она шаҳри Самарқандда халқаро аэропорт махсус рухсати бўлмаган учоқлар учун буткул ёпилгани аниқ бўлди.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим

"Ўзбек Президенти Ислом Каримов оламдан ўтди. Аллоҳ уни раҳматига олсин. Туркия Республикаси ўзбек халқининг қайғусига шерик", деб айтган жаноб Йилдирим Туркия телевидениесида жонли кўрсатилган вазирлар маҳкамасининг йиғилишида.

Олдинроқ Рейтер агентлиги уч дипломатик манбасига иқтибосан ўзбек раҳбари вафот этгани ҳақида хабар тарқатганди.

Бироқ бу хабар расман тасдиқланганича йўқ.

Россия Президенти Владимир Путин матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам бу борада ишончли манба фақат Ўзбекистон ҳукуматининг расмий хабари бўлиши мумкинлигини айтганди.

У шунингдек, Каримовнинг вафоти тасдиқланса, Владимир Путин дафн маросимига борадими, деган саволга ҳам изоҳ беришни истамаган.

Гуржистон раҳбари Георгий Маргвелашвили Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан таъзия изҳор этган.

Жаноб Каримов раҳбарлиги Ўзбекистоннинг ривожланиш йўлидаги энг мураккаб даврига тўғри келди ва ютуқларга эришди. Мен халқим ва оилам номидан Ўзбекистон халқига чуқур таъзия изҳор этаман. Ўйлайманки, Ислом Каримов номи тарихда муносиб ўрнини эгаллайди, деб айтган Гуржистон Президенти.

Қандайдир муҳим тадбирга тайёргарлик

Халқаро парвозларни назорат қиладиган НОТАМ ташкилоти хабар тарқатишича, Самарқанд шаҳрининг аэропорти 3 сентябр куни парвозлар учун буткул ёпилади.

Бундан олдин кеча 1 сентябрдан бошлаб Самарқанд шаҳрида қандайдир муҳим тадбирга тайёргарликлар бошлангани хабарлари тарқалди.

Бугун Самарқанд шаҳрида хавфсизлик чоралари кучайтирилган, аксар кўчалар, шу жумладан, Регистон майдони ҳам ўраб олинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.