'Каримовнинг ўлими билан инсон ҳақлари топталишига чек қўйилмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар Ислом Каримов сиёсий саҳнадан кетгани билан Ўзбекистондаги вазият ўзгармаслиги мумкинлигини айтишади

Халқаро Амнести ташкилотига кўра, Президент Каримовнинг ҳаётдан кўз юмиши мамлакатдаги инсон ҳақларига боғлиқ вазиятни ўнглайдиган кўринмайди.

"Ислом Каримовнинг ўлими Ўзбекистонда бир давр якун топганини билдиради, аммо буюк эҳтимол билан инсон ҳуқуқи топталишига нуқта қўймайди. Афтидан, Каримовнинг ўринбосари унга энг яқин доирадан бўлади. Айни доирада эса ўзгача қарашларга тоқат қилинмайди", дейди Amnesty Internationalнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича лойиҳалари директор ўринбосари Денис Кривошеев.

"27 йиллик ҳукумронлик даврида ҳуқуқ ва эркинлик масаласи кенг миқёсда четга суриб келинди. Ҳар қандай қарама-қарши фикр бостирилди, қийноқ ва асоссиз ҳибслар мамлакат адлия тизимининг ажралмас қисмига айланди. Биргина Андижон қирғинида юзлаб инсонлар нобуд бўлди ва масъуллар ҳеч қачон жавобгарликка тортилмади. Кўп минглаб одамлар адолатсиз маҳкамалар ортидан қамоққа ташланди", дейди ташкилот.

Халқаро Амнести ташкилоти мамлакатда адолатни қарор топтириш кескин сиёсий ўзгаришлар ва Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорларининг янгича ёндашувига боғлиқлигини урғулайди.

Ташкилотга кўра, йиллар давомида айнан шундай ёндашув етишмади.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов: "Ислом Каримов чорак асрлик шафқатсиз қатағонни мерос қолдирди", дейди.

Дунёдаги қудратлар ўз таъсир доирасининг ғамида экан, фаоллар Ўзбекистонда инсон ҳақлари қандай ўнгланиши мумкин деган саволга жавоб топишгани йўқ.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.