Ўзбекистон: Президент сайловлари 4 декабрга белгиланди

Ўзбекистон Сенати

Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъати бугун - 9 сентябр куни расман эълон қилинди.

Сўнгги янгилик Ўзбекистон Сенати томонидан Бош вазир Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланишидан кун ўтиб ўртага чиқмоқда.

Сенат ўзининг худди шу қарори манзарасида Марказий Сайлов комиссиясига президент сайлови ўтказишни тавсия қилган, аммо бунинг аниқ қанча муддатда амалга оширилиши хусусида тўхталиб ўтмаганди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси президент Ислом Каримов вафотидан олти кун ўтиб, кеча пайшанба куни бўлиб ўтган.

Мажлис билан боғлиқ расмий хабарда айтилишича, Шавкат Мирзиёев номзодини Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг ўзи таклиф қилган.

Ўзбекистон конституциясининг 96-моддасида эса, марҳум президентнинг ваколатлари вақтинча Сенат раисига ўтиши ва шундан сўнг, келаси уч ой ичида президент сайловлари чақирилиши кўзда тутилган.

Аммо, хабарларга кўра, Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев вақтинча президент вазифасини зиммасига олишдан ўз ихтиёри билан воз кечган.

Шавкат Мирзиёевнинг муваққат президентлик баробарида Ўзбекистон Бош вазирлиги фаолиятини ҳам давом этдириши-этдирмаслиги ҳозирча маълум эмас.

Мажлис

Марказий Сайлов ҳайъатининг жума кунги йиғини марҳум президент Ислом Каримов хотирасига бир дақиқа сукут сақлаш билан бошланган.

Тошкентдан олинган хабарларга кўра, йиғинда ҳайъат аъзолари билан бир қаторда Ўзбекистондаги сиёсий партиялар раҳбарлари ҳам иштирок этишган.

Ўзбекистонда расман тўртта: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - ЎзЛиДеП, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси ва Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси фаолият юритади.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев 2004 йилда асос солинган ЎзЛиДеП партияси сиёсий кенгаши таркибига кириб, 2005 йил 28 январ ва 2010 йил 27 январда худди шу партия томонидан ҳукумат раҳбарлигига тавсия қилинган ва номзоди тасдиқланган.

Ўзбекистон тарихида биринчи марта унинг номзоди давлат раҳбари эмас, парламент сайловида ғалаба қозонган сиёсий ҳаракат - ЎзЛиДеП партияси томонидан илгари сурилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Аммо ҳозирча Ўзбекистонда расман фаолиятда бўлган партия лидерлари дохил айнан кимларнинг 4 декабрга режаланган президент сайловларига ўз номзодларини илгари суришлари маълум эмас.

Ўзбекистон Марказий Сайлов ҳайъатининг расман билдиришича эса, сайловолди кампанияси жорий йилнинг 9 сентябр куни бошланади.

Расмий хабарлардан аён бўлишича, Ўзбекистон президенти сайловларига ҳозирлик ва уни ўтказиш ишлари билан Марказий Сайлов ҳайъати шуғулланади.

"Ўзбекистон Республикаси президенти сайловлари тўғрисидаги" қонунга мувофиқ, барча тадбирлар "очиқ ва ошкора" амалга оширилади.

Ўзбекистондаги илк муқобил президент сайловлари 1991 йилда бўлиб ўтган, унда 1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан президент этиб тайинланган марҳум Ислом Каримов ғалаба қозонганди.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

Аммо орада кечган сайловлар, турли референдумлар ва президентлик муддатини узайтиришга оид амаллар ортидан, ўтган 25 йил давомида Ўзбекистонни фақат ягона президент - Ислом Каримов бошқариб келган.

Шу пайтгача бўлиб ўтган сайлов ва референдумларнинг бирортаси халқаро ҳамжамият томонидан адолатли ва эркин, деб эътироф этилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.