МДҲ саммитига Мирзиёев бормайди

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёев. Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон ҳукумати хабар тарқатишича, 16 сентябр кунига мўлжалланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг Бишкек саммитига Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев бормайди.

Ўзбекистон ҳайъатига Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов етакчилик қилади.

МДҲга асос солинганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити Қирғизистон пойтахти Бишкекда режаланган.

Ўзбекистон расмийлари президент вазифасини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев нима сабабдан Бишкекка бораётгани юзасидан тушунтириш бермаган.

14 сентябр куни Бишкекда ташкил қилинган матбуот анжуманида Қирғизистон президенти маъмуриятининг масъули Сапар Исақов Шавкат Мирзиёевнинг нега саммитга келмаётгани борасида изоҳ беришига тўғри келган.

"Бу Ўзбекистоннинг муайян ички ишлари - президентлик сайловига тайёргарлик билан боғлиқ", деб айтган Қирғизистон президенти маъмуриятининг ташқи сиёсат бўлими мудири Сапар Исақов.

Исақов сўзларига кўра, Ўзбекистон муваққат раҳбарининг Қирғизистондаги саммитга бормасликка қарор қилгани Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларга боғлиқ эмас.

"Ташқи ишлар вазирининг келиши бу бизнинг муносабатларимизга боғлиқ дегани эмас. Кеча икки мамлакат бош вазирлар ўртасида жуда илиқ суҳбат бўлди. Эртага Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири билан учрашув бўлиб ўтади. Бизнинг муносабатларимиз ҳеч қачон ёмонлашган эмас", деб айтган Сапар Исақов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги таранглик бир ой олдин ўзбекистонлик милиционернинг Қирғиз чегарачилари томонидан ҳибсга олинишидан бошланган.

Кейин маълум бўлишича, 13 август куни Ўзбекистон Косонсой сув омбори деб биладиган, Қирғизистон эса ўзининг Орто-Токой сув омбори деб айтадиган сув ҳавзасини қўриқлаётган Косонсой туман милиция ходими Қирғиз расмийлари томонидан қўлга олинган.

Қирғиз тарафи косонсойлик милиционерни ноқонуний чегарадан ўтишда айблаган.

22 август куни Ўзбекистон Ўнғортепа деб атайдиган, Қирғизистон эса Унгар-Тоо деб биладиган ва Қирғизистоннинг телерадиосигналларни узатадиган "Кербен" станциясига Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигига тегишли вертолёт қўнган.

Ўзбекистон милицияси ходимлари радиостанциянинг Қирғизистон фуқароси бўлган тўрт ходимини ҳибс қилганлар.

Шундан кейин икки мамлакат чегара хизматлари вакиллари учрашдилар.

Учрашувдан кейин қўлга олинган ўзбекистонлик милиция ходими қўйиб юборилган.

Қирғиз расмийларига кўра, милиционер устидан маҳкама бўлиб ўтган, маҳкама уни айбдор деб топиб жаримага тортиш ҳақида қарор чиқарган.

Шундан кейин у Ўзбекистон тарафига топширилган.

9 сентябрда Ўзбекистон Қирғизистон фуқароларини озод қилди.

Ўзбекистонга тегишли бўлган Сўх ва Шоҳимардон анклавлари аҳолиси ҳам бир неча ҳафталардан буён Ўзбекистонга ўтолмай қийналаётганларини айтмоқдалар.

Бишкек саммити Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти этиб тасдиқланганидан кейинги МДҲ раҳбарларининг биринчи саммитидир.

Ўзбекистонни 27 йил давомида бошқариб келган 78 ёшли Ислом Каримовнинг 2 сентябр куни мияга қон қуйилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинди.

Ислом Каримов 3 сентябр куни Самарқанд шаҳридаги ота-онаси кўмилган қабристонга дафн этилди.

Каримовнинг дафн маросимига МДҲга аъзо мамлакатларнинг аксар раҳбарлари келмадилар.

59 ёшли Шавкат Мирзиёев 8 сентябр куни Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида президент вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.