Гулнорага боғлиқ машмаша давом этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Рейтер агентлигининг хабар қилишича, АҚШ ва Ҳолландия ҳукуматлари Telia AB Company ( собиқ Teliasonera) алоқа ширкатига унинг 2007 йил Ўзбекистон мобил бозорига кириш билан боғлиқ ишини ечиш учун 1,4 миллиард доллар товон пули тўлашни таклиф қилган.

Telia Company ширкати директорлар кенгаши раиси Мари Эрлинг: "Олдин айтганимдек, Telia ширкатининг Ўзбекистонга кириши ноахлоқий ва қонунга хилоф тарзда юз берган. Ва биз бунинг учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммамизга олишга тайёрмиз", деган мухбирларга.

Шу билан бирга Эрлинг хоним айтилаётган тўловнинг жуда катталигини қайд этган.

Унинг билдиришича, ширкат бу борадаги ички муҳокамаларидан сўнг, ҳукумат билан мунозаралар олиб боришга киришиши мумкин.

2012 йил кузида Ҳолландия, Швейцария, АҚШ ва Швеция ҳукуматлари телекоммуникация бозорида Ўзбекистоннинг марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова номи билан боғлиқ шубҳали олди-бердиларга таалуқли текширувларни бошлаган эдилар.

2015 йил мартида Коррупция ва уюшган жиноятчилик бўйича марказ ўзининг Ўзбекистонга боғлиқ ҳисоботини эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Унга биноан, Гулнора Каримова Ўзбекистонда маълум муддат телекоммуникацион соҳани тўлиқ ўз назоратига олган. Ва бунинг ортидан Ўзбекистонда бизнес олиб бориш истагида бўлган жаҳондаги бир неча йирик мобил алоқа операторларидан пора олган.

Коррупция ва уюшган жиноятчилик бўйича марказ (OCCRP)қўлга киритган маълумотларга қараганда, TeliaSonera ширкати Гулнора Каримовага тегишли ширкатга 381 миллион доллар тўлаган ва яна 75 миллион доллар ваъда қилган.

Бундан ташқари ушбу ширкат Vimpelcom ва Alfa Telecom ширкатларидан 176 миллион АҚШ доллари миқдорида пора олган, MTS берган тўлов 350 миллион долларни ташкил қилгани келтирилган. Ҳисоботга кўра, Гулнора Каримова бу ширкатлар ҳисобидан 980 миллион долларга эга бўлган.

Ҳолландия прокурорлари таъкидлашларича, асосий қароргоҳи Ҳолландияда жойлашган Vimpelcom ширкатининг шўъба корхонаси бўлган Unitel ва TeliaSoneraга тегишли Ucell ширкатлари Ўзбекистонда мобил алоқа лизенциясини олиш эвазига Гулнора Каримова ва унинг яқинларига бир неча йил давомида пора бериб келганлар.

2015 йил АҚШ ҳукумати бу уч ширкат иштирок этган ўзбек иши бўйича Ирландия, Бельгия, Люксембург, Швеция ва Швейцария банкларидаги жами 1 миллиард доллар маблағни музлатишни сўраган. Бу пулларнинг бир қисми Bank of New York Mellon банкининг Ирландия, Люксембург ва Белгиядаги бўлимларида очилган ҳисобларда сақланган.

Шунингдек, ўтган йил АҚШ Адлия вазирлиги Ҳолландиянинг VimpelCom ширкати ва унинг ўзбек ҳамкори Unitel Ўзбек ҳукуматининг юқори лавозимли амалдорига 2006-2012 йилларда катта миқдорда пора берганини тан олганини билдирган. Vimpelсom Ўзбекистонда Билайн бренди остида амал қилади.

Нью Йоркнинг Жанубий округи прокуратураси VimpelCom ширкати коррупция айбловлари бўйича 795 млн доллар миқдорда жаримани тўлашга рози бўлганини феврал ойида маълум қилганди.

Ўзбекистон томони ушбу ширкатларга боғлиқ молиявий жиноятлар учун жавобгарлар мамлакатда аллақачон жазога тортилганини айтиб, маблағларни Ўзбекистонга қайтаришга бел боғлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Рустам Мадумаров ва Гаяне Авакян.

Жумладан, Каримова хонимнинг фуқаровий эри Рустам Мадумаров ва "ўнг қўли" деб билинган Гаянэ Авакян иқтисодий жиноятларда айбланиб, Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда. Гулнора Каримованинг ўзи қаерда экани аниқ эмас. Шу пайтгача у уй қамоғида деб ишонилган.

2016 йил январида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Нью Йорк федерал маҳкамасига хат йўллаб Ўзбек томони хориж банкларида Гулнора Каримовага яқин шахслар номига офшор ҳисобларда очилган, айни пайтда музлатилган пулларни қайтариб олиш ниятини билдиргани маълум бўлди.

Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистон ҳукуматининг Гулнора Каримова номи билан боғлиқ хориждаги музлатилган пулларни орқага қайтариш бўйича режаси қандайлиги номаълум қолмоқда.

Айни пайтда Гулнора машмашаси орқасидан 2012 йил ҳукуматдан четлатилган Ахборот-телекоммуникация вазири Абдулла Орипов муваққат президент Шавкат Мирзиёев томонидан қайта ўз лавозимга тайинланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.