Мирзиёев ёшлар тўғрисида қонун имзолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазир Шавкат Мирзиёев "Давлатнинг ёшлар сиёсати ҳақида" қонунга имзо чеккан.

Қонун матни маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан эълон қилинган.

Бу жаноб Мирзиёев вақтинча президент мақомини олганидан бери имзолаган илк ижтимоий қонун ҳисобланади.

Қонунда жумладан, махсус ҳунар коллеж битирувчилари учун мажбурий минимал иш ўринлари сақланиши кўзда тутилади.

Шу билан бирга, бундай иш ўринлари яратишдан бош тортган корхона раҳбарияти маъмурий жавобгарликка тортилиши айтилган.

Ёшларни ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида ижтимоий ёшлар хизмати ташкил қилинади.

Қонунда кўрсатилишича, ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланиб, ижтимоий ҳимоя қилинади, иқтидорли ва қобилиятли ёшлар давлат томонидан қўллаб-қувватланади.

Кузатувчилар фикрича, Мирзиёевнинг дастлабки қонуни ёшлар ҳақида бўлгани бежиз эмас.

Ўзбекистоннинг меҳнатга лаёқатли аҳолисининг катта қисмини ёшлар ташкил қилар экан, президентликка асосий номзод деб кўрилган Мирзиёев учун ёшларнинг овозини олиш жуда муҳим.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига қараганда, республикада ҳар йили 560 минг ёш махсус ҳунар билим юртлари, лицей ва ўқув юртларини битириб чиқади.

Бироқ ҳукумат уларнинг барчасини иш билан таъминлашга қурби етмайди.

Шу боисдан, миллионлаб меҳнат муҳожирлари ҳар йили тирикчилик илинжида ташқарига, асосан Россия ва Қозоғистонга, иш излаб боришга мажбурлар.

Биргина Россиянинг ўзида расмий ҳисобларга кўра, икки миллион ўзбекистонлик меҳнат қилади, уларнинг аксарияти ёшларни ташкил қилади.

Норасмий манбаларнинг айтишича, бу рақамлар бир неча баробар кўп. Бундан ташқари, ҳуқуқ фаоллари ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлар ўзга мамлакатларда энг ҳуқуқсиз қатлам бўлиб қолаётгани, ҳукумат хориждаги фуқароларини ўз ҳолига ташлаб қўйганини айтишади.

Ўзбекистонни 27 йил давомида бошқариб келган президент Ислом Каримов ўлимидан кейин эндиги ҳукумат муҳожирлик сиёсатида қандай мавқеъни тутиши четда ишлаб юрганларни жуда қизиқтиради.

Олдинроқ, Би-би-си гаплашган Россиядаги бир гуруҳ меҳнат муҳожирлари ватанларида иш бўлса, жон деб уйга қайтишларини айтгандилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.