Ўзбек олтинининг тақдири нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

https://www.youtube.com/watch?v=bgPa2Z2Su7U

Олтин қазиб олиш ва ишлаб чиқариш саноати Ўзбекистонда етакчи саноатлардан бири саналади. Дунё бўйлаб Ўзбекистон олтин қазиб олиш бўйича ўнта мамлакат ичида, собиқ шўро давлатлари орасида эса, Россиядан кейин иккинчи ўриндадир. АҚШнинг геологик хизмати чиқарган ҳисоботга кўра, 2015 йили Ўзбекистонда 103 тонна олтин ишлаб чиқарилган. Бу миқдор ҳозирги кун нархларида қанча маблағ бўлади?

Бу саволга Швейцарияда истиқомат қилаётган иқтисодий масалалар бўйича таҳлилчи Алишер Таксанов жавоб берди.

Таксанов: Йилига Ўзбекистоннинг олтин ишлаб чиқариш қуввати 120 тоннага мўлжалланган. Бироқ тоғли жинсларнинг номукаммаллиги ёки баъзи техник муаммолар таъсирида ҳар йили 100 ё-да 105 тоннагача олтин ишлаб чиқарилади. Бозор нархлари ҳақида гапирсак, булар Ливерпул биржасида шаклланади ва бу каби ликвид яъни қадрли товарларга нархлар мунтазам равишда ўзгариб туради. Гарчи икки йил олдин олтин нархлари пасайиши рўй берган бўлса ҳам, сўнгги йилларда олтинга нархларнинг кўтарилиши кузатиляпти. Тахмин қилишимча, ҳар йили ишлаб чиқарилаётган ўзбек олтинининг нархи тўрт миллиард доллар атрофида бўлиши мумкин.

Би-би-си: Иқтисодчи сифатида бу миқдор Ўзбекистон бюджетининг қайси қисмини ташкил этишини айта оласизми?

Таксанов: Одатда мамлакатнинг олтин-валюта заҳиралари Марказий банк томонидан назорат қилиниши керак ва айнан шу сабаб миллий валюта курсининг барқарорлиги ҳам таъминланиб туради. Бироқ бизда тўртта валюта курси, яъни - қора бозор, расмий, биржа ва клиринг курслари мавжуд бўлганлиги туфайли олтин миллий валютани дастаклашда ўта кам иштирок этади деб айтишим мумкин. Ўзбек миллий валютаси нимага осилиб тургани менга маълум эмас.

Би-би-си: Бундай бўлишининг сабаби нимада? Ахир, олтин қазиб чиқиляпти, уни экспорт қилишяпти ёки сотишяпти, ўзбек олтини тақдири ҳақида сизга нималар маълум?

Таксанов: Мана қаранг, 2014 йили Швейцария божхонаси чоп этган рақамларга кўра, август ойининг ўзида Ўзбекистондан 21 тонна олтинни Швейцария импорт қилган. Расман ўзбек томони бу рақамларни ҳеч қандай декларацияда қайд этгани йўқ ва маълумот ошкор қилгани йўқ. Ўзбекистон аҳолиси ўзбек олтини қаерда ва қандай шартлар асосида сақланаётганидан бехабар. Бироқ бу ерда, Швейцарияда, бу ҳақда расман эълон қилишган. Тасаввур қилинг, бир ой ичида қиммати 800 миллион франк атрофида бўлган 21 тонна олтин Ўзбекистондан олиб чиқарилган! Бу миқдор пулли эквивалент сифатида кимнингдир банк ҳисобларига бориб тушганининг эҳтимоли кўпроқ. Мазкур маблағларни ким бошқаради, уларга ким хўжайинлик қилади? - Бу ҳам номаълум. Шаффофлик умуман йўқ. Демак, Ўзбекистон ўз валюта заҳираларини чет элда сақлайди, бироқ ундан қандай истифода этилаётгани, мамлакатнинг тўлов балансига қандай таъсир қилаётгани, ва миллий валютани қўллаб-қуватлашида қандай рол ўйнаганини мутлақ тушуниб бўлмайди.

Би-би-си: Сиз Швейцария ва умуман Ғарбда ўзбек олтинининг тақдирини кузатиб борган иқтисодий журналист сифатида, бу олтин кимнинг номига қайд этилганини айтишингиз мумкинми?

Таксанов: Олтин ягона шахс номига тушганининг эҳтимоли кўпроқ деб тахмин қилишим мумкин. Бироқ, бундай ҳаракатлар Марказий банк ва ҳукумат розилиги билан ҳамда парламент тасдиғидан ўтиб амалга оширилиши керак. Банкдаги ҳисоб юридик шахс номига расмийлаштирилиши керак. Лекин, ўйлашимча, мазкур ҳисоблар шахсий ҳаракатлар орқали муайян бир шахс номига очилади. Ички доирада сотилади, сотувдан тушган маблағ ўша шахс ҳисобига ўтказилади. Яъни, давлат заҳиралари чет элда амалдорларнинг ҳисобларида сақланиши ҳақиқатга яқинроқ.

Би-би-си: Олтин заҳираларини сақлаш протоколи борми? Протоколда бу ҳақда нима дейилган?

Таксанов: Қонун-қоидага кўра, олтиннинг бундай миқдори ва бу каби маблағ назорат остида бўлиши шарт. Давлат юридик шахсни ва имзо қўйиш маъсулияти бўлган шахсни ҳам тайинлаши лозим. Бироқ бутун жараён шаффоф бўлмаганлиги туфайли, ҳисоблар ягона бир шахс номида сақланаётганини гумон қилишимиз мумкин. Давлат бу ҳақда ҳисобдор бўлиши керак, балки кимгадир ҳисобот берилади, бироқ, буниси бизга маълум эмас. Яъни биз ўзбек олтини қандай ишлатилаётганидан, умуман олганда, бехабармиз.

Би-би-си: Бир неча йил олдин "Коммерсант" газетасида чоп этилган мақолага кўра, марҳум президент Ислом Каримов Ғарб давлатларининг бирига ташриф билан келганида, гуёки у "бўлажак сармоялар учун кафолатларни бир неча чемоданда" олиб келганлигини айтган экан. Яъни, бунга ўхшаш ҳодиса рўй бериши мумкин бўлганми?

Таксанов: Ҳа, бундай бўлиши мумкин эди, эслатиб ўтаман, хаттоки 1995 йили Каримов чет эллик инвесторларни таклиф этиб, уларнинг фаолиятларини кафолатлаш учун у ўзбек олтинининг 100 тоннасини Ғарб банкларида жойлаштирганини расман эълон қилганди. Яъни, агар хорижий ширкатларнинг фаолияти муаммога учраб қолса, ўзбек олтини уларнинг сарф этган пулларини қайтариш учун кафолатдек хизмат қилади, дегани эди бу. Бироқ, бу сўзларга ишонган жуда кўп хорижий ширкат куйиб қолган: Oxus, "Зарафшон -Нюмонт" ва бошқалар Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлганлар. Табийки, уларга олтин заҳираларидан ҳеч ким қарзларини тўлагани йўқ. Менимча, бу шунчаки ташвиқот бўлган, пулларига нима бўлгани ҳам маълум эмас. Назаримда, олтинни давлатдан ўғирлашган. "Сармоя учун кафолат" баҳонаси билан олтин Ўзбекистондан олиб чиқарилган ва кейинчалик қандай ишлатилганини ҳеч ким билмайди.

Би-би-си: Швейцария банкларида бир ёки икки шахс номига қайд этилган олтин ҳисоблари тақдири энди нима бўлади? Уларни Ўзбекистонга қайтариш эҳтимоли борми?

Таксанов: Шундай йирик маблағга эга бўлган шахс кучли адвокатлардан иборат бўлган нуфузли бир гуруҳни ёллаши эҳтимоли катта. Улар эса мазкур пуллар Ўзбекистонга ҳеч қачон қайтиб бормаслиги ва маблағ ўша шахснинг номида қолиши учун ўз кучини аямайди. Бу очиқдан-очиқ талон-торож деб биламан. Бошқа томондан, Ўзбекистондаги бутун молиявий тизим шаффоф бўлмагани туфайли миллий заҳиралар ва активлар қаерда сақлангани ва қандай ишлатилганидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Ҳали анча вақт, олиб чиқилган олтин миқдори қанча эканлиги, кимнинг номида сақланилаётгани ва қандай фойдаланаётганини билмай турамиз. Чунки шубҳали схемалар орқали бу ишлар қилинмоқда, келажакда агар ҳокимият ўзгарса ва Ўзбекистонда иқтисодий ҳаётни тиклаш учун маблағ керак бўлса, чигаллашган молиявий тизимни ревизия ўтказишга бел боғлаган шахслар изни йўқотиб қўйишлари мумкин.

Шу вақтга қадар, Гулнора Каримовага тегишли бир миллиард доллар музлатилган. Ғарб бу пулларни Ўзбекистонга қайтаришни эп кўрмайди, чунки ҳокимиятдагилар қайтарилган пулларни янада ўзлаштиришади деб ўйлайди. Умуман, бутун дунё бўйлаб диктаторлар Швейцария каби мамлакатларда ўз пулларини сақлашга ҳаракат қиладилар. Кимга қайтариш керак? Муҳолифатнинг бу пулларга эгалик қилиш учун қонунан ҳаққи йўқ. Шунинг учун, Швейцария ҳисобларидаги пуллар швейцар иқтисодида айланиб, бу мамлакатга фойда олиб келмоқда. Табиийки, Швейцария бу пуллардан осонгина воз кечмайди. Ўйлайманки, келажакда Ўзбекистонда ҳаттоки демократик кучлар ҳокимиятга келса ҳам, улар бу пулларни қайтариб олишлари ўта мушкул.

https://www.youtube.com/watch?v=bgPa2Z2Su7U

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.