Тошкентда яна чинорлар кесилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Fergana.ru

Хабарларга кўра, пойтахт Тошкентнинг Чилонзор тумани Муқимий ва Бунёдкор кўчалари кесишган ҳудудида узунлиги 600 метрга тенг янги кўприк қурилиши бошланган.

Шу муносабат билан Чилонзор туманида ҳам узоқ йиллик дарахтлар кесилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи fergana.ru
Image caption Кўплаб дарахтлар кесишга тайёрлаб қўйилган.

Суратлардан ушбу чинорлар кесилишга хукм этилганини кўриш мумкин.

Fergana.ru сайтининг ёзишича, кўприк қурилиши мўлжалланган жойдаги ўнлаб соғлом чинорлар кесилган ва юк машиналарига ортиб олиб кетилган.

Шу йилнинг феврал ойида хам Чилонзорда карийб 200 чинор ҳеч бир изоҳларсиз кесилгани айтилганди.

Бунинг ортидан маҳаллий аҳоли вакиллари кўп йиллик дарахтларни кесишга карши петициялар ташкил қилишган. "Чинорларни кесишни тухтатинг!" петициясига карийб 4 минг киши имзо чеккан.

Дарахтлар қирғини ўша пайт ижтимоий тармоқларда норозилик изҳор этилган муносабатларга сабаб бўлган.

Жумладан, Ўзбекистон демократия ва инсон ҳукуқлари институти директори Сайёра Хўжаева ҳам Тошкент шаҳар ҳокимига дарахтларнинг ёппасига кесилаётганини одамларга тушунтиришни сўраб хат йўллаган. Бироқ бу ва бошка петицияларга шаҳар расмийларининг изоҳи берилмаган.

Бироқ давлат нашрларида чинорларнинг атроф-муҳитга зарари тўғрисида баъзи мақолалар чоп этилган.

Тошкентда дарахтларни ёппасига кесиш 2009 йилда тўсатдан бошлаб юборилган. Машхур Сайлгоҳдаги юзлаб дарахтлар томири билан купориб ташлаб, арчазорларга айлантирилганди.

Амир Темур хиёбонидаги ёши бир асрдан зиёд бўлган улкан дарахтларнинг таг-томири билан қўпорилгани Ўзбекистон ичкариси ва хорижда кўпчиликни ғазаблантирганди.

Бироқ Тошкентдаги Узметроном веб-сайти муҳаррири Сергей Ежков ёзишича, расмийлар аҳолининг норозилигига парво ҳам қилмайди.

"Ҳокимият органи ҳар бир дарахтни кесиш учун Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг Тошкент бўлимидан рухсат олиши лозим. Агар сиз кўчадаги бир дарахтни чопиб ташласангиз, сизнинг устингиздан камида маъмурий жавобгарлик банди бўйича иш қўзғашади ва улкан жаримага тортишади. Лекин бу ишни ҳокимият органи қилаётган бўлса, табиат қўмитасидан рухсат ҳам олиб ўтирмайдилар ва ҳатто бу ҳақда ўша дарахтларни муҳофаза қилиш учун, Ўзбекистон набототи ҳақида қайғуриши лозим бўлган қўмитадан талаб қилинадиган расмиятчиликни ҳам бажармайдилар. Ўша амалдорлар билишади: бу ўзбошимчалик учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмайди. Назарий жиҳатдан мумкин, аммо Ўзбекистон шароитида бу ишнинг амалий жиҳатдан ҳеч имкони йўқ. Бунинг устига бу ерда Ўзбекистонга четдан дарахт олиб келаётган тизимларнинг тужжорий манфаати ҳам ётипти. Улар олиб келган дарахтлари бу ерда униб-ўсиб кетмаслигини жуда яхши биладилар. Бу тужжорий тизимларнинг эса ижроия ҳокимиятидагилар билан алоқаси борлиги ҳам мустасно эмас. Ўзбекистон шароитида буни исботлаш жуда қийин, чунки бу дарахтларни ким мамлакатга олиб кираяпти? Дарахт олиб кираётган фирмалар ортида ким турипти? Бу ҳақдаги ахборот ёпиқ ҳисобланади. Ўзбекистон ёпиқ давлат, бирор бир ташкилотда сизнинг қўлингизга бу ишларга тааллуқли ҳужжатларни беришмайди. Ўзбекистонда инсонлар ҳокимият қабул қилаётган қарорлардан узиб қўйилганларига анча бўлди. Одамлар билан маслаҳатлашмайдилар, уларнинг фикрини сўрамайдилар. Ўзбекистонда жамият ҳар қандай нормал мамлакатда ўйнаши талаб қилинадиган ролни ўйнамай қўйган. Бугун ҳокимият нима иш қилаётган бўлса, уларга ўз номидан иш кўриш ваколатини бериб қўйган халқ билан ҳисоблашмасдан, ўзбошимчалик билан, амал курсисида ўтирган одамларнинг фойдасини кўзлаб қилмоқда", деб айтганди журналист Ежков Би-би-сига.

Айни пайтда маҳаллий сайтлар Юнусобод ва Мирзо-Улуғбек туманларини боғлайдиган янги йўл қурилиши ҳақида хабар берганлар.

Mega Planet савдо маркази олдидан бошланиб, Кабель заводига туташадиган янги йўл қурилиши маҳаллалар ичидан ўтиши боис бир қанча ҳовли ва бинолар кўчирилиши айтилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.