Ўзбекистонда зулук қўйиш оммалашаяптими?

Ўзбекистонда охирги пайтда мияга қон қуйилиши мавзуси долзарб мавзуга айланганини кўриш мумкин.

2 сентябр куни Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқариб келган Ислом Каримовнинг 78 ёшида оламдан ўтгани хабар қилинди.

Ҳукумат тарқатган расмий хабарда Ислом Каримовнинг вафотига мияга қон қуйилиши сабаб бўлгани билдирилди.

Сентябр ойининг бошида ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилари орасида "инсульт", "мияга қон қуйилиши" сўзлари билан қидириш кўпайгани ҳам кузатилди.

Бу мавзу оммавий ахборот воситалари эътиборидан ҳам четда қолмади.

Телеканалларнинг саломатликка бағишланган кўрсатувлари ҳам қон мавзусига бағишланган.

Хусусан, "Ўзбекистон" телеканалининг "Ойдин ҳаёт" кўрсатуви навбатдаги сонларидан бири гирудотерапия(зулук солиш) ҳақида бўлди.

Зулук солиш инсультнинг олдини олиш чораларидан бири сифатида тафсия этилди.

"Варикоз касалликларини даволаш учун герудатерапияга мурожат қилганингиз жуда ҳам тўғри иш. Чунки зулук ёрдамида веналарнинг кенгайиши ёки ўша қон димланишини камайтирамиз ва қон айланиши яхшиланади. Бу ерда варикоз кассалигидаги белгилар йўқолади. Бундан ташқари, яна бошқа кўп касалликларда ишлатишимиз мумкин. Масалан, турли хил бош оғриқларда, юқори қон босимида, гипертония касаллигида, мигренда, тиш ва милк оғриқларида ишлатишимиз мумкин. Бундан ташқари, ички аъзолар касалликларида ҳам зулук фойда беради. Реабилитация мақсадида ҳам биз зулукни Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида инсультдан кейинги фалажликларни, юрак-ишемик касалликларини, умуртқа поғонаси касалликлари ва жароҳатларни даволашда қўллаб келмоқдамиз," деб айтган "Ойдин ҳаёт" кўрсатувида Тиббиёт фанлари номзоди Наргиза Эргашева.

Табиатда 400 хил зулук мавжуд, лекин уларнинг барчасини ҳам шифобахш бўлмайди, - дейди Эргашева. - Фақатгина тиббий қўлланиладиган шифобахш зулуклар, халқ тили билан айтганда, "ҳаром қонни" сўриб ташлайди. Зулукнинг 270 та майда тиши бўлиб, улар орқали терини тешиб олади ва инсон қонига ўз ферментатив моддаларини юбориб, қонни суюлишига ва уни яхши айланишини таъминлайди. Бу эса ўз ўрнида иммунитетни оширади, - дейди Наргиза Эргашева.

Зулук қўйишнинг мавсуми йўқ, уни йил бўйи олиш мумкин.

"Зулук билан даволаш фақат мутахассиснинг назорати остида бўлиш керак, чунки шифокор касалликнинг турига қараб зулук солинадиган нуқталарни аниқлайди. Бундай шифокор ҳам Тошкент шаҳар шифокорларлар малакасини ошириш институтида 144 соатлик гирудотерапия курсини тугатган бўлиш керак", дейди шифокор.

Ҳар қандай соғлом инсон ҳам йилда бир марта зулук олиши мақсадга мувофиқ. Зулук фақатгина бир марта ишлатиш учун яроқлидир. Юқумли касалликлар тарқалиши олдини олиш мақсадида у бир марта ишлатилади.

Баъзи одамларга зулук солиш маън этилади. Гемофилия касаллиги билан оғриган беморлар кўп қон йўқотишлари мумкин. Қон босими паст одамларга ҳам зулук солиш тавсия этилмайди. Ҳомиладор аёллар ёки зулукка аллергияси борлар ҳам зулук солмасликлари керак, дея маслаҳат беради шифокорлар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ