'Руфат акага ҳавас қилиб, шу даражага етдик’
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Руфат акага ҳавас қилиб, шу даражага етдик’

‘Болалар, жамоамиз – ҳаммаси у кишини ҳурмат қилади. Ҳаммамиз бориб, ёнларига ўтириб, суҳбатларини, яна бир бор қўлларини олишга ҳаракат қиламиз’, - дейди Рио Ёзги Олимпиада Ўйинларининг кумуш медали совриндори Шаҳрам Гиясов Руфат ака Рисқиевнинг ҳозир касалхонада экани, оёғида жарроҳлик амалиёти ўтказганига оид хабарга муносабат билдираркан.

Ўзбекистондан душанба куни олинган хабарлардан қорасон бошлангани сабаб, тошкентлик шифокорлар ўз даврининг энг номдор боксчиларидан бири бўлган Руфат ака Рисқиевнинг бир оёғини тиззасидан пастини кесиб ташлашга мажбур бўлишгани аён бўлганди.

Руфат ака Рисқиев эса, Ўзбекистон тарихида Ёзги Олимпиада Ўйинларининг совриндори бўлган ва кумуш медалини қўлга киритган биринчи боксчи ҳам бўлади.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг у киши билан сўнгги суҳбати ҳам айнан ўзбекистонлик боксчиларнинг шу йил август ойида бўлиб ўтган Рио Ёзги Олимпиадасидаги шов-шувли иштироки ва Ўйинларда қайд этган тарихий натижаси ҳақида бўлганди.

Ўзбекистонлик боксчилар Рио Олимпиадасида рекорд (11 та) сонда иштирок этишган, Ўйинларнинг жаъми 7 та медалини қўлга киритиб, тарихда илк бор кимсан Куба дохил қолган барча иштирокчи давлатларни ортда қолдиришган, медаллар жадвалида биринчи ўринни эгаллаб, жаҳонда энг пешқадам жамоага айланишганди.

Ўтган олти Ёзги Олимпиада Ўйинларида кузатилмаган бир даражада Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Риода энг кўп медалларини (шу жумладан, олтинларини (3та) ҳам) бокс спорт турида қўлга киритганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Таъкидлаш жоиз, Рио Ёзги Олимпиадасида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси ҳисобидаги илк олтин медалини ҳам айнан бокс спорт турида қўлга киритган.

-45 кг вазн тоифасида боксчиси Ҳасанбой Дўстматов Ўзбекистон тарихида 16 йил деганда Олимпиада чемпионига айланган иккинчи боксчи бўлганди.

Руфат ака Рисқиев ўшанда Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бунақаси Ўзбекистон тарихида ҳалича бўлмаганини алоҳида эътироф этган, уларнинг жангларини сакраб, сакраб туриб томоша қилишгача борганликларини яширмаганди.

“Бизнинг боксчиларимиз фазога етишди, Гагарин бўлиб кетишди. Ҳали яна финалга чиқиши мумкин бўлган боксчилар бор. Бу тарихда бўлмайдиган нарса. Бу ерда ҳаммамиз оёғимиз ерга тегмай, осмонда юрибмиз”, - деганди ҳаваскор бокс бўйича Монреал Олимпиадаси кумуш медали совриндори бўлган суҳбатдошимиз.

Би-би-си Ўзбек Хизматига Тошкент касалхонасидан туриб берган сешанба кунги суҳбат тафсилотларидан аён бўлишича эса, Руфат ака, ҳатто, уларни кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортига чиқишни ҳам режалаган, аммо ўша куни имконлари бўлмай, бу ниятлари амалга ошмай қолган.

“Руфат ака аэропортга чиқаман, деб ният қилган эканлар. Бизнинг жангларимизни кўриб, ишқибозлик қилиб, хурсандчилик билан томоша қилган эканлар, биз у киши билан фахрланамиз”, - дейди, ўз навбатида, Шаҳрам Гиясов.

“Бизлар ўша кишига ҳавас қилиб, мана шу даражаларга етдик. Биз шундан хурсандмиз. Эслайман, ҳали ёш эдим ўшанда, бир куни залимизга келган пайтларида менга бир “брелок” бериб, “Мана бу сенга эсдалик совға, сен ҳам Худо хоҳласа, мендек бўласан, мендан ҳам ўзасан”, дегандилар. “Илоҳим мен ҳам ўша кишидек бўлай”, деб совғаларини олган эдим. Мана, мен ҳам Рио Олимпиадасига бориб, кумуш медалини олиб келдим...”.

“Шу биринчи келганларида, “Болам, ўғлим, укам, деган эдилар. Мана шу залда тренировка қилаяпсан, эрталаб келасан, кечаси келасан, вақтингни зоега ўтказмагин. Келаяпсанми, демак, ўзингнинг устингда ишлаб, ҳар бир кунингдан озгина бўлса ҳам, бир томчи бўлса ҳам, бир наф олгин. Томчи, томчи бўлиб, дарё бўлади. Ҳар бир қилган меҳнатингнинг таги олтин, роҳат бўлади, деган гаплари менга катта ёрдам бўлиб, ҳалигача ана шу гапларини эслайман. Ана шу гаплари учун у кишига миннатдорчилик билдираман”, - дея суҳбатимиз якунида Руфат ака Рисқиевга ўз ташаккурларини изҳор этади Рио Ёзги Олимпиадасида ўзининг боксчилик маҳорати билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган, тан олдирган Шаҳрам Гиясов.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.