"Пахта теримида қатнашиш мажбурий эмас, ихтиёрий"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистон касаба уюшмаси федерациясининг "Пахта йиғим-теримида қатнашиш мажбурий эмас, ихтиёрий ҳисобланади", деган баёноти оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган.

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси пахта теримида хоҳишига қараб қатнашиш ҳуқуқига эга ва деб эслатади Касаба уюшмаси федерацияси. Айтилишича, бу хабар аҳолини ижтимоий-меҳнат ҳуқуқларидан бохабар этишни ошириш кампанияси доирасида маълум қилинган.

Фуқаролар маиший, гигиена, хавфсизлик бўйича белгиланган меҳнат шароитига эга бўлиш ҳуқуқига эга ва исталган вақтда пахта теришни рад қилишлари мумкин, дейилади унда.

Пахта йиғим-теримига боғлиқ барча саволлар бўйича 1092 ва (71) 200−06−01 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш мумкинлиги ҳам қўшимча қилинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шунингдек, Меҳнат вазирлиги сайтидаги хабарда ҳам "Ҳар бир шахснинг меҳнат эркинлиги кафолатланади. Ҳуқуларингиз бузилган тақдирда ишонч телефонларига мурожаат қилинг", дея таъкидланади.

Ижтимоий тармоқларда бу мавзу қизғин баҳсларга сабаб бўлган. Фойдаланувчиларнинг аксарияти уни киноя, кулги билан қарши олганлар.

Бу қарор қачон кучга кираркан?-деб сўрайди Djava Anvarov.

Шох Уринов: Ихтиёрий мажбурий

sweet sweet: Кулгили жуда!!! Мен ТГПУда ўқиганимда ҳар йили бизни пахтага жўнатишган ва биз хоҳлаймизми йўқми сўраб ҳам ўтирилмаган. Бормаслик учун қанақа пуллар берганмиз. Энди бу иш ихтиёрий, деб ёзишмоқда. Бу жуда кулгули!!!

Шуҳрат Каримов: Мен тушунаман пахта бу бойлигимиз, бюджетга пул олиб келади. Лекин мен ҳаётимда пахтага ихтиёрий, шу билан бирга иши, оиласини ташлаб, борганларини эслай олмайман. Агар кимдир бормаса, у ишдан ҳайдалган ёки лавозимидан олинган.

Bekzod Davronov: Биз ҳозир пахтадамиз ва биз билан ярим ой олдин жигарида операция ўтказилган ҳамкурсимиз "ўз хоҳишига биноан" пахта термоқда. Унинг қолиш илтимоси рад қилинди.

Жаҳонгир Асқаров: Афсона бўйича шундай...

Iftikhor Vakhidov: "эртаклар" бўлимидан хабарлар

Jamshid Rasulev: ОК...

AbdulLatif Kh: Бизнинг халқимиз белгиланган стереотип бўйича фикрлашни яхши кўради.

Яна Сайфулова: Гап йўқ...

Anna Stepurina: Қўйсаларингчи, агар ўзининг ҳуқуқларини ҳимоя қилса, ҳаммаси ишлайди. Биздан ишлаганимиз учун пул сўрашгани йўқку!

Nikita Mikryukov: Кўнгилли эмиш, вохаха

jamila Bоeva: Ўзимни таниганимдан буён пахта терганмиз. Пахта теришни рад қилгани учун институтдан ҳайдашлари мумкин. Лекин нимагадир профсоюз талабаларни пахтадаги шароитларини яхшилашда иштирок этмаган. Нима бўлди? Профсоюз уйғондими ёки?

Гуля Галиханова: Албатта, ёки борасан, ёки тўлайсан. Бормасанг ё тўламасанг аризангни ёз. Ишонч телефонига қўнғироқ қилиб кўрчи, ҳаммаси тамом.

Eduard: Ҳақиқатдан, пахта териш- кўнгилли. Теришни хоҳламадингми, 700000 бошлиққа ва озодсан. Ҳаммаси демократик.

Екатерина Ткаченко: Олти ойдан кейин кучга киради.

Ирина Жебрак: ватанпарвар бўлиш керак. Пахтага жўнатишдими, ёрдам бериш керак. Биз бормасак, ким боради?

Olya Olya: Агар вақтинчалик яшашга яхши шароитни яратишганда, ичишга сув бўлганда, ўз вақтида овқат беришганда ва яхши тўлашганда пахтага чиқувчилар етарлича топилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.