Ўзбекистон Жанубий Кореядан 250 млн доллар қарз олади

Фото муаллифлик ҳуқуқи PHOTO FLICKR ALEKSANDR ZYKOV

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Молия вазири Рустам Азимовнинг Сеулдаги музокаралари сўнггида Жанубий Корея билан янги ҳужжат имзоланган.

Ўзаро бир-бирини тушуниш меморандумига биноан, Жанубий Корея Ўзбекистонга 250 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз беради, бу маблағ Тошкент аэропорти биносини қайта қуриш ҳамда миллий маълумот марказини ташкил этишга йўналтирилиши кўзда тутилган.

Жанубий Кореянинг Стратегия ва Молия вазирлиги хабарига кўра, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги янги битим Ўзбекистонда янги инфратузилма лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган.

Янги битимда 250 миллион доллар Жанубий Кореянинг Иқтисодий Тараққиёт ҳамкорлиги жамғармасидан ажратилиши кўзда тутилган.

Тошкент аэропортининг янги халқаро терминали ва Ўзбекистоннинг Миллий маълумот марказини барпо этишга Ўзбекистон тарафи 100 миллион долларга тенг маблағ ажратишга қарор қилгани хабар берилмоқда.

Тошкент халқаро аэропортининг 4-терминалини шу йил бошлаш, 2019 йилга бориб қурилишни якунига етказиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, "Тошкент-4" терминали соатига 1500, йилига эса 5 миллион 700 минг йўловчига хизмат кўрсатишга қодир бўлиши керак.

Ушбу келишув Ўзбекистон ҳукуматининг президент Ислом Каримов вафотидан кейин ўзаро ҳамкорлик борасида эришган дастлабки келишувидир.

Ўзбекистонни 27 йил мобайнида бошқариб келган 78 ёшли Ислом Каримовнинг 2 сентябр куни оламдан ўтгани хабар қилинди.

2003 йилдан буён Бош вазир лавозимини эгаллаб келган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон муваққат президенти этиб тайинланди.

Президентлик сайлови 4 декабрга белгиланди.

Ислом Каримов вафоти муносабати билан Ўзбекистон раҳбариятига таъзия изҳор этар экан, Сеул расмийлари Жанубий Корея бундан кейин ҳам Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш тарафдори эканини маълум қилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.