Ўзбек иқтисоди "фейкономика"ми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шўро давлати қулашидан сўнг Марказий Осиё минтақаси эски тузумни сақлаб қолган, деб ёзади Ўзбекистонлик сиёсатшунос Рафаэл Сатторов.

Яқинда минтақа ва замонавийлаштиришга бағишланган мақоласида, ҳом-ашё ва меҳнат захираларининг экспорти иқтисодий ислоҳотларнинг заифлигига туртки бўлган деган фикр янгради.

Мустақил сиёсатшуносга кўра, хусусий мулк тўлиқ кафолатланмаган ўлкада «фейкономика» -тақлидий, сохта иқтисод вужудга келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rafael Sattorov
Image caption "Ўзбекистоннинг замонавийлаштирилишига халақит бераётган чекловларни ё сусайтириш керак, ёки умуман йўқ қилиш кераклигини раҳбарлар англаб етганларига мен умид қиламан", дейди сиёсатшунос Рафаэл Сатторов.

Би-би-си жизахлик олим Рафаэл Сатторовни суҳбатга чорлади.

Би-би-си: Аристотелга кўра, фақат бойлар ва камбағалларга бўлинган жамиятда демократия ё олигархиянинг ашаддий шакллари ё-да ҳокимият тепасига келган золим шахсларнинг деспотизм давлат тузуми ўрнатилади.

Нима учун айнан ушбу иқтибосни мақола бошига қўйдингиз?

Рафаэл Сатторов: Ушбу иқтибос пост-совет ҳудудида юзага келган воқеъликнинг реал аҳволини намойиш этади. Давлат тузумининг мазкур тоифаларини биз барча собиқ Шўро мамлакатларида кўришимиз мумкин. Мисол учун, таъбир жоиз бўлса, турли "оломон жўшқинлари" орқали мол-мулкни қайтадан бўлиш жараёнлари Қирғизистонда бўлиб ўтган ва ҳозирда Украинада ҳам бўлиб ўтмоқда. Туркманистон ва Тожикистонда эса биз деспотиянинг ашаддий шаклининг вужудга келишига гувоҳ бўляпмиз. Олигархиянинг ҳукм суриши эса Россия ва Қозоғистонда рўй бераётир. Авторитар давлат тузуми Ўзбекистон ва Озарбайжонларда шаклланиб бўлган. Икки минг йил олдин Аристотелнинг айтган сўзлари Шўро давлати қулашидан кейин бошланган трансформация жараёнини бугунги кунда жуда аниқ ифодалайди. Назаримда, ушбу иқтибосни ҳар бир давлат раҳбари ўз курсисининг тепасига осиб қўйиб, уларнинг сиёсати қандай оқибатларга олиб келишини эслаб туриши керак.

Би-би-си: Иқтисодий масалаларга эътибор қаратилган мақоланинг қисмига кўра, давлат банклари ва муассасалари иштироки катта бўлган минтақада давлат қарамоғидаги иқтисодиёт шаклланиб бўлган. Ҳаттоки бу воқеъликни "фейкономика", яъни сохта иқтисод деб атагансиз. Ўзбекистон мисолида буни қандай тушунтирган бўлардингиз?

Рафаэл Сатторов: "Фейкономика" ёки сохта иқтисод бу бозор иқтисодиётининг механизмларининг амалга ошириш имитацияси деб айтсак бўлади. Яъни, ҳамма бозор шароитларига мослашиб ишлаётгандай бўлади, бироқ реал хўжайин кимлигини аниқ биламиз ва кимнинг шарофати билан дейлик "муваффақиятли" тадбиркорлар ва "чўнтак" олигархлар кун кўраётганларини ҳам англаб олганмиз. "Фейкономика" ё-да сохта иқтисоднинг биринчи аломати бу - статистик маълумотларни қалбакилаштириб кўрсатишдир. Шўролар давридан қолиб кетган бу удумга биз бугунги кунда ҳам мунтазам риоя қиламиз. Мисол учун, вилоят ёки туман ҳокими келади-да хусусий тадбиркор деб саналган фермерни югуртиради ва унга босим ўтказади. Ёки бугун омадли деб билинган тадбиркорни эртаси куни у керакли алоқаларни йўқотгач, ё порахўр, ё-да солиқ тўлашдан бош тортган кимсага чиқаради. Айнан бундай мисоллар "фейкономиканинг" яққол аломатидир.

Би-би-си: Назарингизда, йигирма йилдан бери фахрланиб келган Ўзбекистон иқтисодиётининг ўз- ўзини таъминлай олиш хусусияти "фейкономика" тушунчасига қарши келмайдими?

Рафаэл Сатторов: Айнан шу ҳақда бир нарсани эслатмоқчиман. Яқинда кўзга кўринган Ўзбекистонлик иқтисодчи Юлий Юсуповнинг Қозоғистон ахборот воситаларига берган интервьюсида айтишича, турли расмийлар ўз саноатини ривожлантиришга қаратилган импорталмаштириш борасида гап юритганларида, улар кутган эффект юз бермаслигини тушунишлари шарт. Бу азалдан ютқизилган ҳолатдир.Тарихан, мамлакатлар импорталмаштириш механизмини қасддан била-туриб амалга оширганлари билан, катта ютуқларга эриша олганлари маълум эмас. Бугунги кунда бундай мамлакатлардан Эрон ўз ичида ҳар бир нарсани ишлаб чиқаришга ўринмоқда, лекин бундай ёндашув фақат мамлакат заҳираларини сусайтиради холос. Феррари ёки француз парфюмериясини ҳамма ҳам чиқаролмайди. Демак, қаерда кучинг бўлса, ўша товар ёки соҳани ривожлантириб мукаммаллаштириш керак. "Биз фақат ўз кучимизга таянамиз" деган шиор ишламайди, Ўзбекистон халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиши лозим. Мана Хитойни олсак, Хитой ўзини иҳоталаб қўйгани йўқ, у ерга олиб келинаётган асбобларни йиғиш соҳаси жуда юқори даражага етган.

Би-би-си: Бироқ, Ўзбекистон ҳам йиғиш соҳасини ривожлантирмоқда, бунинг мисоли - Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар, шундай эмасми?

Рафаэл Сатторов: Автомашинани ишлаб чиқармоқчи бўлсангиз, бизга бошқа машиналар кераги йўқ деб айтмаслик керак. Албатта , малакали иш кучи, қулай географик жой, йирик бозорларга чиқиш қобилияти - буларнинг бари жуда муҳим. Бироқ ҳозирги шароитда Ўзбекистонда биз, истеъмолчилар, танловдан маҳруммиз. Мен, масалан, болалигимдан БМВ ҳайдамоқчи эдим, лекин уни сотиб ололмайман, чунки чет эл маркаларига катта солиқ қўйилган ва ўзбек машиналари эса бозорда буткул монополияни ушлаб туришибди. Истеъмолчиларга эса ўзбек машиналарини зўрлаб, куч билан бўйниларига ортишяпти, бунинг устига экспортга белгиланган нархлардан анча юқорироқ сотишяпти.

Би-би-си: Мақолангизга кўра, ҳар қандай жамиятнинг асосий етакчи кучи - бу ўрта синфдир. Бироқ минтақа, хусусан, Ўзбекистонда бундай ролни имтиёзсиз табақалар ўйнайди, деб ёзгансиз. Бу хулосаларингиз нимага асосланади?

Рафаэл Сатторов: Биласизми Кембридж дорилфунуни олими Алекансандр Эткиндга кўра, ресурсга қарам бўлган ва меҳнатга қарам бўлган жамиятлар мавжуд. Заҳираларга асосланган давлатлар оддий қилиб айтганда, ўз бойликларини экспорт қилиб, даромад кўради. Бундай модель яратувчи ғояларни талаб қилмайди. Нефть, газ, олмосларни сотиш билан бирга аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳал этилмаса, бу тангликка йўл қўяди. Мисол учун, Саудия Арабистони заҳираларига қарам бўлиб қолган мамлакат. Япония эса, меҳнатга қарам давлат бўлиб, уларда табиий бойликлар йўқлиги туфайли бюджетнинг асосий манбаси - солиқлар бўлиб қолади. Бюджет дефицитга учрамаслиги ҳамда мудофаа, иқтисод ва ижтимоий соҳалардаги эҳтиёжларни қоплашга керак бўлган солиқлар ғазнага оқиб келиши учун мамлакат ичида соғлом иқлим яратилган, "креатив" ғоялар устида иш олиб борилмоқда. Яъни, аҳолининг оч-яланғоч қолмаслиги ва ўқимишли бўлиши, сарсон-саргардон юрмаслиги мақсадида, ижтимоий барқарорликни таъминловчи харажатларга уч баробар кўпроқ маблағ ажратилмоқда. Заҳираларга қарам бўлган мамалкатларда эса табиий бойликларга нархлар тушгани билан социал норозиликлар пайдо бўлиши мумкин. Хулосам шуки - меҳнатга қарам бўлган мамлакатларда аҳоли - миллий бойлик мақомига эга, заҳираларга қарам бўлган ўлкаларда эса аҳоли - ортиқча омил, бош оғриқ сифатида кўрилади.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг иқтисодий потенциали жуда катта деб айтишади ва бу потенциал ҳамон ҳам тўла амалга оширилмаган. Назарингизда, энди янги раҳбарият ҳокимиятга келганида, бу потенциалнинг реализация этилиши учун имкон пайдо бўладими?

Рафаэл Сатторов: Мен умид-ишонч билан қарамоқчиман. Биласизми, нимага? Режим қулаши ёки янги кучларнинг ё ташқаридан, ё-да мамлакат ичидан келиши каби хомхаёл ғояларга зор-интизор бўлмаслик керак. Тарихий ҳодисалар кўрсатадики, ҳар қандай жамиятнинг муваффақиятли трансформацияси айнан тузумни ичидан билган шахснинг ҳаракатлари туфайли юз берган ва бермоқда. Мазкур шахс "эски йўл билан ривожланиб бўлмаслигини" англаб олиб, ўзгартиришларни олиб келади. Бундай ҳолат Жанубий Корея, Сингапур, Тайванда содир бўлган. Худди шундай трансформация Шарқий Оврўпо мамлакатлари ичида ҳам рўй бермоқда. У ерда ҳеч қандай, дейлик "қувғиндаги ҳукумат" ёки "ташқи мухолиф кучлар" ривожланишга қўл ургани йўқ, тузумнинг ичидан чиққан шахслар ва сиёсатчилар амалга оширганлар. Ўйлайманки, Ўзбекистонда ўтмишда иқтисодиётда қўлланиб келинган қаттиққўл сиёсати, фермерларни террор қилиш каби ҳаракатларга чек қўйилади. Албатта, бу ўзгаришларни тез орада кутмаслигимиз керак... "Шок терапияси" каби ғоялар зеҳниятимизга шундоқ сингиб кетганки, одамларда бу фақат катта қўрқувларни уйғотади. Жамиятимиз ташвиқот таъсирида аста-секинлик билан иш юритиш керак, деган тушунчага ўрганиб қолган. Шу билан бирга, ўзгаришлар сиёсатчининг шахсий омилларига ҳам боғлиқ. Яъни иқтисодий ҳаётда ўзгаришларга йўл очиб бериш учун маъсулиятни ким ўз зиммасига олади? Бугунги кунда ҳам жуда кичик кўринган янги қадамлар қўйиляпти, булар давом этишига ишончим комил. Ҳозирги моделни келаси 20 йилга чўздириш - системани хаддан ташқари ичидан қиздириб юбориши хавфи бор. Камчиликлар кўпайиб бориб, алал-оқибат чирий бошлайди ва бундай ҳолат ҳам мамлакат, ҳам халқнинг тинка-мадорини қуритиб юборади. Назаримда, ўтмишда у ёки бу сабаб туфайли кескин ўзгартиришларга бормаган "янги-эски" раҳбариятимиз оқибатларни тушуняпти, деб ўйлайман. Ўзбекистоннинг замонавийлаштирилишига халақит бераётган чекловларни ё сусайтириш керак, ёки умуман йўқ қилиш кераклигини раҳбарлар англаб етганларига мен умид қиламан. Авваламбор, мен қишлоқ хўжалигидан бошлаб, у ердаги Ўзбекистон учун энг катта хавф бўлиб турган деградацияни (таназзулни) тўхтатиб, аҳволни тузатишга ҳаракат қилардим.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.