Руфат Рисқиев оёққа турди

Руфат Рисқиев Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru

Бокс бўйича ўзбекистонлик собиқ жаҳон ва биринчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари совриндори, донгдор боксчининг Тошкентдаги касалхонадан Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, қўлтиқтаёқ ёрдамида бўлса-да, оёққа туриш ва юришга муваффақ бўла бошлаган.

Ўзини касалхонадаги дастлабки кунларидан кўра анча тетик ҳис қилмоқда ва оғриқлари ҳам анча босилган.

Қорасон бошлангани сабаб, тошкентлик шифокорлар ўтган ҳафта Руфат Рисқиевнинг бир оёғини тиззасидан пастини кесиб ташлашга мажбур бўлишганди.

Сўнгги суҳбатимиз тафсилотларидан аён бўлишича, Руфат ака пойтахт Тошкентдаги ўзи жарроҳлик амалиётини ўтказган 16-сон шаҳар касалхонасида қолмоқда.

У кишининг яна қанча муддат шифокорлар назорати остида бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, шифокорлар бу хусусда ҳалича аниқ бир гап айтишмаган, ўзи ҳам сўраб ўтирмаган.

Аммо Россиянинг "Спутник" интернет нашри хабар беришича, Руфат ака Рисқиев яна икки ойча касалхонада қолади ва шундан сўнг унинг оёғига протез ўрнатиш масаласи ҳал қилинади.

"Спутник" бу ҳақда донгдор боксчини куни-кеча касалхонага бориб, кўриб қайтган таниқли мураббий Мурот Эргашевнинг сўзларига таяниб, хабар берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ferghana.ru

Аммо Руфат ака Рисқиевнинг биз билан суҳбатида айтишича, ўзининг таваллуд куни шифокорлардан уйга рухсат беришларини сўраб кўради.

Суҳбатдошимиз индинга - 2 октябр куни 67 ёшни қаршилайди.

У кишининг айтишича, агар, шифокорлар рухсат беришса, туғилган кунини уйда, ўз яқинлари ва дўстлари даврасида, ёшлик хотираларини эслаб ўтказмоқчи.

"Таваллуд айёмингизни қандай таом билан нишонламоқчисиз?", - деган саволимизга эса, Руфат ака: "Энди, биласизми, ўзбекчиликда ошдан бошқа ҳеч нарса йўқ-да...Ошни ўзим яхши дамлайман. Аммо ҳозир дамлай олмайман...", деркан, ўзларига мумкин эмаслиги ҳам яқинлари ва дўстларини палов билан сийлашига тўсқинлик қила олмаслигини айтади.

Руфат акага кўра, уларни дастурхон атрофида кўриб, баҳра олиш ҳам ўзларига кифоя қилади.

Аммо, агар, шифокорлар уйга изн беришмаса, у ҳолда туғилган кунимни шу ерда - касалхонада нишонлайман-да, дейди у киши.

"Ҳозир касалхонада нималар билан бандсиз?", - деган саволимизга эса, Руфат ака, яқинлари ва дўстларининг гурунги билан эканлигини айтаркан, гап устида "7 ёшидан бошлаб китоб шайдоси, рус классик ёзувчиларининг ўзлари ўқиб битирмаган асарлари ҳам деярли қолмаганини" ҳам қўшимча қилишни унутмайди.

Ўзбекистонлик таниқли боксчи 75 кг вазн тоифасида 1974 йилги жаҳон чемпиони.

1976 йилги Монреал Олимпиада Ўйинлари кумуш медали совриндори, қатор халқаро турнирлар ғолиби.

Руфат ака, бундан ташқари, Куба Очиқ чемпионатининг икки карра чемпиони ҳам бўлади.

У киши ҳаваскор рингда ўзининг маҳорати билан "Тошкент йўлбарси" лақабини қозонган боксчидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.