Мирзиёев Ўзбекистон иқтисодини яхшилайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

https://www.youtube.com/watch?v=mhvZHvZF4MQ

Таҳлилчилар Ўзбекистон ҳукуматини 10 йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келаётган Шавкат Мирзиёев мамлакат иқтисодини яхшилашга қандай таъсир қилгани тўғрисида ўз фикрларини билдиришган.

Уларга кўра, Шавкат Мирзиёев иқтисоддан узоқ бўлмаган одам ва бу масалаларни у ичидан яхши билади, лекин келгусида қанчалар муваффақиятга эришилади буни айтиш мушкул.

Марказий Осиё бўйича эксперт Станислав Притчин:

"Шавкат Мирзиёев ҳукуматни 2003 йилдан буён бошқариб келади.

Ўз сиёсий карьерасининг аксар қисмида у айнан иқтисодни ривожлантириш билан машғул бўлиб келган.

Ўзбек иқтисодининг бугунги аҳволини сифат жиҳатидан яхшилашга эришилади, деб тўла ишонч билан айтиш қийин.

Ҳозирги пайтда жаҳон хомашё бозорида кўп ҳам қулай вазият кузатилмаяпти.

Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари бўлган газ, уран, олтиннинг жаҳон бозоридаги нархлари паст бўлиб турибди.

Бундай вазият қисқа вақт мобайнида иқтисодий аҳволни яхшилашга шароит яратиб беролмайди

Лекин охирги йилларда Ўзбекистонда тезлаштиришга ҳаракат қилиб келинган саноатлаштириш дастурлари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган.

Шунинг учун биз Шавкат Мирзиёев иқтисоддан узоқ бўлмаган одам ва бу масалаларни у ичидан яхши билади, деб айтоламиз.

Шу пайтгача амалга ошириб келинган дастурлар бундан кейин ҳам давом эттирилади, деб ўйлайман. Бироқ. Бу йўлда қанчалар муваффақиятга эришилади- бир нарса дейиш мушкул."

Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий потенциали ҳамон тўла рўёбга чиқмагани айтилади. Янги раҳбарият ҳокимиятга келиши билан бу потенциални очиб ўзгаришларга имконият яратиладими?

Мустақил сиёсатшунос Рафаэл Сатторов:

"Режим қуллаши ёки янги кучларнинг ё ташқаридан, ё-да мамлакат ичидан келиши каби хомҳаёл ғояларга зор-интизор бўлмаслик керак.

Тарихий ҳодислалар намоён этадики, ҳар қандай жамиятнинг мувафақиятли трансформацияси айнан тузумни ичидан билган шахснинг ҳаракатлари туфайли юз берган ва бермоқда.

Мазкур шахс "эски йўл билан ривожланиб бўлмаслигини" англаб олиб, ўзгартиришларни олиб келади.

Бундай ҳолат Жанубий Корея, Сингапур, Тайванда содир бўлган.

Худди шундай трансформация Шарқий Оврўпо мамлакатлари ичида ҳам рўй бермоқда.

У ерда ҳеч қандай дейлик "қувғиндаги ҳукумат" ёки "ташқи мухолиф кучлар" ривожланишга қўл ургани йўқ, тузумнинг ичидан чиққан шахслар ва сиёсатчилар амалга оширганлар.

Ўйлайманки, Ўзбекистонда ўтмишда иқтисодиётда қўлланиб келинган қаттиқ қўл сиёсати, фермерларни террор қилиш каби ҳаракатларга чек қўйилади."

Шавкат Мирзиёев 2003 йилдан буён ҳукумат тепасида. Шу пайтгача иқтисодий муаммоларни ҳал этишга нима халақит берган?

Иқтисодий шарҳловчи Алишер Таксанов:

"25 йил мобайнида мамлакатда қаттиқ ва буйруқ билан бошқариладиган иқтисодиёт шаклланиб бўлган.

Буни англаб олган йирик ва ўртача инвесторлар аллақачон Ўзбекистонни тарк этганлар .

Хорижий капитални жалб этиш учун янги ҳукумат қатъий иқтисодий ислоҳотлар ўтказиши керак.

Ҳукумат реал аҳволни тушуниши керак ва бозор иқтисодиёти механизмларини йўлга қўйиши лозим

Токи либераллаштириш юз бермагунча, хусусий мол-мулкнинг муҳофазаси тасдиқланмагунча ва ётқизган маблағлар қонунан ҳимояланмагунча, хорижий инвесторлар Ўзбекистонга қайтиб бормайдилар."

Халқаро инвесторларни жалб этиш учун Ўзбекистоннинг барча тижорат банкларига хорижий шерикларни топишга буйруқ берилган.

Бу ҳаракат ортида яна қандай сабаб ётмоқда?

"Назаримда, чет эл банклари билан алоқа ўрнатишда коррупцион манфаатларни ҳам кўздан кечирмаслик лозим.

Ўзбекистондан капитални чет элга олиб чиқаётган шахсларнинг тор бир даврасига Орўпода хизмат қилаётган банкларнинг мавжудлиги сир эмас.

Ташқаридан келаётган сармоялар ниқоби остида, Ўзбекистонга музлатилган пулларни ҳам қайтариб беришлари мумкин.

Яъни, бу йўл орқали ўзбеклар ўз пуллари билан ўзларини сармоялашлари эҳтимоли йўқ эмас."

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.