Husainov
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Жаҳон банкининг маблағи ишсизликни камайтирадими?

Ўзбекистон ҳукумати янги иш ўринлари яратиш учун Жаҳон банкининг 100 миллион доллар миқдорида маблағини жалб қилиш ниятида.

Ўзбекистон Молия вазирлигига кўра, янги стратегик ҳамкорлик 2016-2020 йил учун мўлжалланган дастурга киритилган.

Шу мақсадда янги иш ўринларини кенгайтириш ва замонавий иқтисод малакаларини яхшилаш лойиҳаси Жаҳон банки вакили Жан Питер Олтерс бошчилигидаги ҳайъат ва Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан муҳокама қилиниши кутилади.

Жаҳон банки ҳайъати қатор вазирликлар ва идоралар, шунингдек тижорат банклари ва банкнинг республикадаги ижтимоий ҳамкорлари билан музокаралар ўтказиши айтилган.

Жаҳон банки директорлар кенгаши июн ойида Ўзбекистон билан 4 йилга мўлжалланган ҳамкорлик концепциясини тасдиқлаган эди.

Янги концепциянинг мақсади- келгуси беш йил ичида Ўзбекистон ҳукуматига 500 минг янги ишлаб чиқариш ва барқарор ишчи ўринларини яратиш учун қўллаб қувватлашдир, деб айтган вазирлик вакили.

2015 йил охирида Олий мажлис сенати (парламентнинг юқори палатаси) 2016 йилда аҳолини бандлигини таъминлаш учун 993 минг, ундан 148 минги Россия ва бошқа жойлардан қайтувчи меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган ишчи ўринлари яратилишини кўзлаган дастурни тасдиқлаган эди.

Дастурга кўра, ишсизлик 719 минг киши даражасида қолиши кўрсатилган, бу мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли қисмининг 5 фоизидан ортиқроғини ташкил қилади. Кузатувчилар бу рақамларни шубҳа остига оладилар.

Ўзбекистон аҳолиси расмий ҳисобларга кўра, 31 миллион 807 минг киши. Ундан 3-4 миллиони четда, аксарияти Россияда меҳнат муҳожирлигида деб кўрилади.

Агар улар қайтадиган бўлса, кўлами янада кенгаядиган ишсизлик муаммоси қандай ҳал қилинади?

Ўзбекистонда ҳар йили миллионга яқин иш ўринлари яратилгани ҳақида ҳисоботлар янграйди. Бироқ реал ҳаётда вазият ўзгача экани айтилади.

Қоғозда яратилаётган бундай иш ўринлари жамиятдаги ишсизлик муаммосига барҳам бермаётгани, ёшлар муаммони ўз билганича ҳал қилаётгани таъкидланади.

Меҳнат вазирлиги маълумотларига қараганда, республикада ҳар йили 560 минг ёш махсус ҳунар билим юртлари, лицей ва ўқув юртларини битириб чиқади. Муваққат президент Шавкат Мирзиёев қабул қилган "Ёшлар тўғрисида" қонунга кўра, махсус ҳунар коллеж битирувчилари учун мажбурий минимал иш ўринлари сақланиши кўзда тутилади.

Шу билан бирга, бундай иш ўринлари яратишдан бош тортган корхона раҳбарияти маъмурий жавобгарликка тортилиши таъкидланади.

Ўзбекистон ҳукумати ҳар йили қарийб миллионга яқин ишчи ўринлари яратилаётганини айтишига қарамасдан, ишсизлик юқори, ташқарига иш излаб кетаётганлар сони камаймаяпти.

Ўзбек ҳукумати айтаётган иш ўринлари Ўзбекистон шароитида ишлайдиган киши ва унинг оиласи эҳтиёжини қондирадиган маош билан таъминлашга қодирми?

Жаҳон банки билан ҳамкорлик, қўшимча иш ўринлари учун маблағ ажратилиши муаммони қанчалик енгиллаштиради? 100 миллион доллар нималар қилишга қодир ва қаерларга сарфлангани маъқулроқ? Би-би-си бу мавзуда иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаинов билан суҳбатлашди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.