Ҳуқуқ фаоллари ушланган
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Бизни қулоқларимиз ичигача текширишди"

Мустақил журналист Малоҳат Эшонқулова ва ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева 9 октябр якшанба куни Олот туманида мажбурий меҳнатни кузатаётганларида, милиция томонидан ушланган.

Эшонқулованинг айтишича, улар милиция ходимлари томонидан ҳақорат қилиниб, бошдан-оёқ текширилган ва узоқ сўроқлардан кейин, қоронғи тушгач қўйиб юборилганлар.

Малоҳат Эшонқулова ва Инсон ҳақлари алянси раҳбари Елена Урлаева биргаликда Бухоро вилояти Олот туманига пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилаётгани ёки йўқлиги борасида мониторинг ўтказиш учун боришган. Маҳаллий аҳолидан сўраб-суриштиришлари натижасида қайси жойларда талабалар ва давлат хизматчилари пахта теримига олиб чиқилганини аниқлаганлар.

Улар далада пахта тераётган Олот туман Молия коллежининг талабалари билан суҳбатлашганларига қарамасдан, назоратчи бўлган ўқитувчининг огоҳлантиришидан сўнг, бир неча талабалар "биз фермер хўжалиги ишчисимиз", "биз кўнгилли бўлиб пахта тераяпмиз", деб айта бошлаганлар.

Ўқитувчи ҳам "ўзларига гап тегиб қолиши"дан хавотир билдирган.

Журналистнинг сўзларига қараганда, пахтага олиб чиқилган шифокорлар билан суҳбатлашиб мактаб ўқитувчилари жойлашган шийпонга бораётганларида ўзларига томон жалб қилинган катта сондаги милиция ва хавфсизлик ходимлари томонидан "гўёки катта жиноий тўдани қўлга олингандек" ушланиб, қишлоқ аҳолисини ҳайратда қолдириб, Ички ишлар бўлимига олиб кетилганлар.

Ички ишлар бўлимида кундузи соат 12.30 лардан токи қоронғи тушгунча овқат ва сувсиз ушлаб турилган. Инсон шаънини ҳақорат қиладиган тарзда "қип-яланғоч" қилиб, "яхшики аёл назоратчи томонидан сочлари, қулоқларининг ичигача текширилган".

Елена Урлаеванинг соғлиги яхши эмаслиги, дори ичиб олиши кераклиги тўғрисидаги илтимосларига қарамасдан, ичишга сув, ейишга нон ҳам берилмаганини айтади журналист.

Далада мажбурий меҳнат ҳолатлари акс этган сурат ва маълумотлар олиб қўйилган, мобил телефонларидаги барча контактлар ўчирилиб, кетадиган пайтларида қайтариб берилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг