Би-би-сига айтаман: 'Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватламоқчиман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Шер ўргатувчининг тақдир битиги, йиртқич шерни қўлга ўргатиш бўлганлиги учун ҳам, у шундай таҳликали ишнинг бошини тутар экан. Агарда унга ўз тақдирини битиш ихтиёри берилса эди, шак-шубҳасиз, у қўйни ўргатишни танлаган булар эди, аммо афсуским қўйни қўлга ўргатиб бўлмас, ўргатилса-да тамошабоп бўлмас , сабабиким қўй хеч қачон шер бўла олмас, шунга кўра "укратитель"нинг тақдир битигига ёзилмас экан.

Шунинг учун ҳам, шер ўргатувчи тақдирига тан берган ҳолда йиртқич шерни, чидам ва билим, самимийлик ва мехр билан ўргатишни, бунда доимо бир қўлида шер учун емакни , иккинчи қўлида эса доимо узун хипчинни ушлаб туришни канда этмас экан. Аммо, шер йиртқич шер бўлганлигини теран англаган ўргатувчи уни фақат емак бирла сийлаб, яхши гап бирла қўлга ўргатар-ўз йўлига солар, аммо зинҳор ба зинҳор, хеч вақт узун хипчинни шерга қарши ишга солмас экан, акс ҳолда ўзи шерга емак бўлар экан!

Қиссадан ҳисса шуким, ҳа, мен Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 8 сентябрда президент вазифасини вақтинча бажарувчи бўлишига қарши эдим, аммо минг афсус ва надоматларким, хеч ким қўлламади, ёлғизлик қилдим Ниғматилла Йўлдошев ва Рустам Азимовларни гапиришдан не фойда...

Аммо, мен реал ҳаётда Ўзбекистонда болаларим билан яшамоқдаман ва шерга қарши хипчин ишлатишни эмас, аксинча ўргатувчи тақдири ва йўлини танлашга мажбурман! Аммо, кўр-кўрона хушомад билан эмас, аксинча ўз ҳақ-ҳуқуқимизни ҳимоя қилишларини сўраш билан, яъни бир қўлда доимо узун хипчинни ушлашни канда этмаслик билан Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватламоқчиман.

Тўғри тушунасизлар деган умиддаман, мени хеч қачон менга қарши фикрлар ташвишга солмайди, ҳар доим ҳар қандай вазиятда ўз фикр-мулоҳазаларимни исботлашга, ҳаттоки нотўғри бўлсам, узр сўрашга тайёрман. Аммо, бирёқламалик-савиясизлик, мени буткул ташвишга солади.

Бир қирғоқдагилар, онгсизларча фақат иғво-фасод билан яшасалар, иккинчи қирғоқдагилар эса, бугунги куннинг тинчини ўйлаб, онгсиз ва худбинларча, хушомад-лаганбардорлик билан кўр-кўрона Шавкат Мирзиёевга ҳамду-санолар ўқиш билан машғулликлари мени буткул ташвишга солади, шундай бўлгач эртанги кунинг не бўларди, сенга не бўлди , бечора ўзбегим!-дея ҳайқириб юборгинг келади баъзан!

Қисқача мақсадга ўтаман: мен 55 йиллик умримда бирор марта ҳам пора бермадим-олмадим, ҳоҳ ишонинг-ҳоҳ ишонманг, Оллоҳ билса бас, ҳалол меҳнат ва билимим билан яшадим, аммо бугунги кунда деярли яшаш имкони бўлмаяпти.

Тўғриси, мен Ўзбекистон халқи учун куйиб ёнмас эдим, агарда менинг қоним ва тарбиям билан яшайдиган фарзандларим Ўзбекистонда бўлмаганларида эди, аммо тақдиримиз экан, Ўзбекистондамиз.

Шунга кўра, бутун халқнинг онги- маънавий дунёси ўзгармас экан, бизнинг ҳаётимиз ҳам ўзгармайди, аслида бизда порахўрлик эмас-пора беришга иштиёқмандлик авж олган, жамиятда зулм эмас-мазлумлик авж олган, демак мазлум халқ ҳар доим ва мудом зулмга маҳкумдир, аммо зулмга ва хақсизликка фарзандларим чидаб билмаслар....

Айнан шунинг учун ҳам, интернетда бўлиш мен учун ортиқча харажат-оила бюджети учун камомад, болаларим ҳаёти учун таҳликали ҳолат бўлсада, барибир шунга мажбурман. Шунга кўра, менга ҳам минбар керак. Имкон қадар холисона ва ҳақиқат фикрлар-таҳлиллар билан, умухалқ фикри ва дунёқарашини ўстириш керак...

Ҳурмат ва эҳтиром билан Баҳром Абдураҳимов.