Президент сайлови: Мирзиёев номзоди бир овоздан тасдиқланди

Шавкат Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Сўнгги янгилик Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) нинг Тошкентда бўлиб ўтган хос қурултойи ортидан янграган.

Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазири Ўзбекистон президент сайловида иштирок этиш учун номзоди ўз партияси томонидан расман маъқулланган тўртинчи даъвогар бўлган.

Бунгача Ўзбекистонда расман фаолиятда бўлган қолган уч сиёсий партия: "Миллий Тикланиш", Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва "Адолат" ўз қурултойларини ўтказиб бўлишган.

Бу қурултойлар ортидан, Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуродов, Ҳотамжон Кетмонов ва Наримон Умаровлар 4 декабрга белгиланган президент сайловларида беллашажак дастлабки уч номзод бўлишганди.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Шавкат Мирзиёев номзоди расман тасдиқланиши кутилган қурултойи шу йилнинг 14 октябр кунига режаланган.

Аммо худди ўша куни Ўзбекистоннинг қатор интернет нашрларида бу қурултойнинг 19 октябрга қолдирилганига оид хабарлар пайдо бўлган, аммо уларда бу қарорнинг сабаблари тафсилотлари очиқланмаганди.

Би-би-си Ўзбек Хизматининг ЎзЛиДеП Тошкентдаги қароргоҳига телефон қилиб, бу хабарга ойдинлик киритиш уринишлари эса, бесамар қолганди.

Бошқа тарафдан, таъкидлаш жоиз, Шавкат Мирзиёев номзоди ўз партияси томонидан президент сайловига илгари сурилган биринчи сиёсатчи бўлганди.

Энди-чи...

Сайлов қонунчилигига мувофиқ, энди бу тўрт номзод Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси томонидан расман рўйхатга олиниши лозим бўлади.

Бунинг учун ҳар бир сиёсий партия комиссияга жаъми сайловчилар умумий сонининг 1 фоизига тенг миқдорда (214.350 та) имзо акс этган варақаларини ҳам топширишлари тақозо этилади.

Ўзбекистонда амалда бўлган "Сайлов тўғрисида"ги қонунчиликка мувофиқ, 30 сентябр куни бошланган президент сайловига номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни 20 октябрга қадар давом этади.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 2 сентябр кунги кутилмаган вафоти ортидан, мамлакат конституциясига мувофиқ чақирилаётган сайловлар шу йилнинг 4 декабр кунига белгиланган.

Ҳозирча Ўзбекистондан бирор бир мустақил номзоднинг бўлажак сайловларда иштирок этиш ниятини расман изҳор этганига оид хабар олинмаган.

Аён бўлишича, мавжуд қонунчиликка мувофиқ, сайлов эълон қилинган кундан олти ой аввал рўйхатдан ўтган сиёсий партияларгина Ўзбекистон президент сайловида иштирок эта олади.

Ўзбекистон ичкарисида фаолиятда бўлган бу тўрт сиёсий партиянинг барчаси орада кечган вақт давомида марҳум президент Ислом Каримов сиёсатини дастаклаб келганликда танқид қилиб келинишган.

Мухолифатдаги "Эрк" Демократик партияси ва "Бирлик" Халқ ҳаракати фаоллари эса, узоқ йиллардан буён асосан хориждан туриб фаолият юритиб келишади.

Сайловлар

Расмий хабарлардан аён бўлишича, Ўзбекистон президенти сайловларига ҳозирлик ва уни ўтказиш ишлари билан Марказий Сайлов ҳайъати шуғулланади.

"Ўзбекистон Республикаси президенти сайловлари тўғрисидаги" қонунга мувофиқ, барча тадбирлар "очиқ ва ошкора" амалга оширилади.

Ўзбекистондаги илк муқобил президент сайловлари 1991 йилда бўлиб ўтган, унда 1990 йил Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан президент этиб тайинланган марҳум Ислом Каримов ғалаба қозонганди.

Ўзбекистон Конституциясига мувофиқ, бир шахс фақат икки муддатга президент этиб сайланиши мумкин.

Аммо орада кечган сайловлар, турли референдумлар ва президентлик муддатини узайтиришга оид амаллар ортидан, ўтган 25 йил давомида Ўзбекистонни фақат ягона президент - Ислом Каримов бошқариб келган.

Шу пайтгача бўлиб ўтган сайлов ва референдумларнинг бирортаси халқаро ҳамжамият томонидан адолатли ва эркин, деб эътироф этилмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.