Инсон ҳақлари фаоли Баҳром Ҳамроев
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мирзиёев 'Россиядаги ўзбекистонликларни ташлаб қўядиган кўринмайди'

Москвадаги инсон ҳақлари фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, сўнгги пайтлар Россияда ўзбекистонлик сиёсий қочинларнинг қамоққа олиниши ва уларни ватанларига экстрадиция қилиш билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгараётгани аломатлари кўзга ташланмоқда.

Фаолга кўра, шу кеча кундузда қўлга олинган ва Ўзбекистонга топшириш хавфи остида бўлган бир неча сиёсий муҳожир қўйиб юборилган.

"Уларни тергов қилиш ҳамда руҳий босим ўтказиш ҳоллари ҳам камайгани кузатилмоқда", дейди у.

"Айни пайтда Камолов Раҳмиддиннинг озод қилинишини кутяпмиз. Менга ҳозир унинг ҳужжатларини етказишди", дея қўшимча қилади Баҳром Ҳамроев.

Жорий йилнинг августида ўзбекистонлик сиёсий муҳожир Камолов Раҳмиддинни ўғирлашга уриниш бўлгани хабар қилинганди.

Ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев сўнгги ҳолатларни Ўзбекистондаги сиёсий ўзгаришлар билан боғлаш мумкинлигини айтади.

"... қайсидир маънода ўзгаришлар қилиш кераклиги, Каримов олиб борган қатағон сиёсатини давом эттириб бўлмаслиги тушуниб етилди ва бу Мирзиёев ҳукумати учун бу нарса керак", дейди у.

Маълумки, миллионлаб ўзбекистонликлар бугун Россияда меҳнат муҳожирига айланишган. Кўпда улар Россиядаги энг ҳуқуқсиз меҳнат муҳожирлари сифатида таърифланади.

"Россия ҳукуматининг ташлаётган қадамидан билсак бўладики, бугунги Ўзбекистон ҳукуматида ўзбекни қаровсиз ташлаб қўйиш кайфияти йўқ", дейди инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроев.