Мўсул назорати учун жанглар кутилганидан кескин кечмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳайдар ал-Абадий армия ва Курд қўшинлари ўртасидаги ҳамкорликни олқишлаган

Ироқ Бош вазирига кўра, Мўсул шаҳрини "Исломий Давлат" аталмиш гуруҳ назоратидан халос қилишга қаратилган ҳарбий амалиётлар режаланганидан кўра шиддатлироқ кечмоқда.

Ҳайдар ал-Абадийнинг айтишича, мазкур ҳолат Ироқ ва Курд кучлари ягона мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаётганларини кўрсатади.

Унинг изоҳлари Курд жангчилари Мўсул шарқи ва шимолида кенг кўламли амалиётларни бошлашлари манзарасида янгради.

Ироқ армияси жанубдан ҳаракат қилмоқда. Ҳозир жангларга махсус кучлар ҳам қўшилишган.

Мўсул 2014 йилдан бери ИД жангарилари қўлида ва уларнинг Ироқдаги сўнгги йирик таянч нуқтаси бўлиб қолмоқда.

Шаҳар назорати учун ҳарбий амалиётлар душанба куни бошланганди. Ичкарида ҳали ҳам 1,5 миллионга яқин киши қолиб кетмоқда.

Улар кундалик эҳтиёжлари учун зарур озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлари тугаб бораётганини айтишади.

Хабарларга кўра, ИДнинг айрим лидерлари қочиб қолишган, аммо у ерда ҳамон 5,000 нафарча жангарилар борлиги тахмин қилинади.

Парижда Мўсул келажаги борасида халқаро анжуман бўлиб ўтмоқда. Ироқ Бош вазири Мўсулдаги ҳодисалар ривожи ҳақида айни анжуманда видео орқали сўзлаган нутқида маълум қилган.

"Кучлар шаҳар томон ўйлаганимиздан кўра тезлик билан яқинлашишмоқда. Амалиёт режасида қайд қилганимиздан кўра анча тез", деб айтган у.

Айни пайтда у армия ва Курд қўшинлари ўртасидаги ҳамкорликни олқишларкан, Ироқ ҳудудини ИД дан тозалаш учун "бирга" жанг қилишмоқда.

Йиғинга мезбонлирк қилаётган Франция Президенти Франсуа Олланд "Исломий Давлат" аталмиш гуруҳ жангарилари Раққа томон қочаётганларидан огоҳлантирган ва уларни тўхтатиш саъй-ҳаракатлари йўлга қўйилиши кераклигини айтган.

Раққа гуруҳнинг Суриядаги таянч нуқтаси ҳисобланади.

ИД раҳбари Абубакр ал-Бағдодийнинг қаердалиги эса ҳамон ноаниқ қолмоқда. Айрим хабарларда унинг Мўсулда экани, бошқаларида Ироқ шимолига қочгани айтилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг. Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02