Ўзбекистонда пахта яккаҳокимлигидан қутулиш бошландими?

Муваққат президент, Бош вазир Шавкат Мирзиёев. Фото муаллифлик ҳуқуқи SCREEN SHOT OF UZBEK TV

Ўзбекистон расмий маълумотларига кўра, 2016 йилнинг тўққиз ойи мобайнида мамлакатдан четга мева-сабзавот олиб чиқиш 40 фоиз ўсган.

Айни пайтда пахта майдонларини йилдан-йилга қисқартириб, сув кўп сарфланадиган ҳамда меҳнати машаққатли пахта экини ўрнига боғлар ва иссиқхоналар барпо этиш зарурлиги таъкидланмоқда.

Мустақил таҳлилчилар узоқ йиллардан буён 1 гектар майдондаги пахта қанча даромад келтирадию, шунча майдонга экилган картошка-пиёз ёки қовун-тарвуз ёхуд олма-гилос боғига айлантирилган боғ қанча даромад беришини ҳисоб-китоб қилиб, пахта ўзини оқламаслигини айтиб келадилар.

Бунинг устига, минтақанинг асосий сув манбалари бўлган Қирғизистон ва Тожикистондаги кўп асрлик музликлар эриши шиддатлашган, бундан кейин Ўзбекистоннинг пахтачиликка ихтисослашган бутун бошли туманларига сув етказиб бориш йил сайин қийинлашиши кутилмоқда.

Мамлакат раҳбарияти кўп йиллардан буён пахта майдонларини қисқартириш режаси борлигини айтиб келади.

Бироқ шу йил баҳоридан бир замонлар Ўзбекистоннинг "ўзиники" ҳисобланиб келган Россиянинг мева ва сабзавот бозорларини қайта қўлга киритиш йўналишидаги ҳаракатлар бошланди, дейиш мумкин.

Апрел ойида Ўзбекистонда мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини хорижга олиб чиқиш ва четда сотиш билан шуғулланадиган "Ўзагроэкспорт" ширкати ташкил этилди.

Июл ойида Тошкентда бўлиб ўтган халқаро мева ва сабзавот ярмаркасида муваққат президент, Бош вазир Шавкат Мирзиёев 2020 йилга бориб Ўзбекистон мева-сабзавот ишлаб чиқаришни йилига 32 миллион тоннага етказишни режалаштираётганини айтди.

Жаноб Мирзиёев айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 160 мингдан ортиқ фермерлик хўжалиги боғбонлик ва полиз маҳсулотлари етиштирмоқда.

Сентябр ойида четга мева-сабзавот экспорт қилувчиларнинг мажбурий валюта тўловини икки баробар камайтиришга қарор қилинди.

Агар 9 ойлик сарҳисобига қараладиган бўлса, Ўзбекистондан 543 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилинган. Бу 2015 йилнинг 9 ойига солиштирганда 40 фоиз кўп дегани.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг қурултойида ўзининг президентликка номзод сифатидаги сайловолди дастурини эълон қилган Бош вазир Шавкат Мирзиёев келгуси йил 18000 гектар пахта ва 1000 гектар ғалла майдони қисқартирилиб, уларнинг ўрнига боғлар, токзор ва иссиқхоналар ташкиллаштириш режаланганини айтган.

Шунингдек, бутун республика бўйлаб қўшимча 200 минг тонна мева-сабзавотни сақлашга мўлжалланган совуқ омборхоналар қурилиши мўлжаллангани маълум қилган президентликка номзод Шавкат Мирзиёев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.