'Ўзгаришлар фақат сайловгача бўлмасин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook Salomat Vafo

28 октябр, жума куни Тошкентнинг "Истиқлол" саройида Давлат Солиқ қўмитаси, Бош Прокуратура, Ички Ишлар вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимияти раҳбар ходимлари билан тадбиркорларнинг учрашуви бўлиб ўтган.

Айни тадбирга муваққат президент ва Бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг Тадбиркорлик тўғрисида қабул қилган фармонидан сўнг расмийларнинг кўраётган чора-тадбирлари сифатида қараш мумкин бўлади.

Фармонда 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, хусусан жиноят ишлари доирасидаги текширувлар бекор қилиниши айтилган.

Учрашувнинг ўтказилиши бир неча кун олдин эълон қилинган, иштирокчиларга таклифномалар берилгани баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан хабар қилинганди.

Ўзбекистонда тадбиркорларга нисбатан турли давлат идораларининг ҳаддан зиёд текширувлари уларнинг ишига халақит бериши, бизнес юритмасдан олдин тугашига ёки порахўрлик ҳолатларининг янада олиб келиши бот-бот айтиб келинади.

"Истиқлол" саройидаги учрашувда сўзга чиққан Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев бу ҳолатни тан олиб, текширувлар тадбиркорликнинг ривожланишига ҳақиқатдан тўсқинлик қилишини айтган.

Жаноб Парпиев келтирган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда ҳар йили ўртача тўрт мингдан ортиқ текширувлар ўтказилади. Охирги ҳисоблар бўйича тадбиркорларга солинган жарима миқдори 1,5 миллиард сўм, мусодара қилинган товарлар баҳоси 4,4 млрд сўмга тенг.

Шунингдек, текширувлар орқасидан 200 дан ортиқ корхоналар фаолияти тўхтатилгани эгаларига 25 миллиард сўм зарар етказган.

Солиқ қўмитаси раҳбари бу каби текширувларга чек қўйилгани, қонунга амал қилмаганларга нисбатан чора кўрилиши, тадбиркорлар эса қўллаб-қувватланишига ваъда берган. Гапининг исботи сифатида 2016 йилда хизмат вазифасини суистеъмол қилган 127 ходим ишдан бўшатилгани, ўнлабига жиноий иш қўзғатилганини қайд этган.

Шу билан бирга, эркинликлар тадбиркорларни жавобгарликдан озод этмаслиги, солиқ тўламаган тадбиркорлар жазодан қутулиб қолмаслигини ҳам урғулаган.

Залдагиларнинг саволларига жавоб берган Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев барча соҳалар қатори тадбиркорликка ҳам тўсиқ бўлаётган порахўрликка қарши ҳар ким курашиши лозим, деб айтган.

Истиқлол саройида ўтган учрашув Фейсбук, Одноклассники каби тармоқларда муҳокама қилинган.

Жумладан, тадбирда қатнашган ёзувчи Саломат Вафо ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида тадбир қандай ўтгани, ўзининг таклифлари ҳақида ёзган:

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook Salomat Vafo

"5 минг киши сиғадиган Халқлар дўстлиги саройи одамлар билан лиқ тўла эди. Бир Тошкент шаҳрининг ўзида 48 минг нафар тадбиркор рўҳатдан ўтган экан. Бу катта рақам эди. Тадбиркорларимизнинг мамлакатимиз тақдирига бефарқ эмаслиги ва гражданлик интизоми мени қувонтирарди. Жаноб бош прокурор ва жаноб Парпиев тадбиркорлик ҳақидаги янги қонун фарқлари ва имтиёзларини шундай тушунтиришдики, агар 80 ёшлик инсон ҳам кўчага чиқиб бемалол бизнес қилиш шароитидан миллионер бўлиб кетиши тайин эди. Микрафон олдида кутиб турардим. Навбат менга келиб, ҳунармандчилик соҳасини ривожлантириш ва уларга сайёҳлар кўп бўладиган шаҳар марказида алоҳида миллий расталар қуриш керак деган таклиф айтдим. Чунки Кадешева бозоридаги миллий ва адрас либослар сотадиган дўкончамиз иқтисодий қийинчиликлар туфайли ёпилиб қолган эди.

Иккинчи саволим: Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудига паспорт рўйҳатидан ўтиш.. ва прописка қилиниши мумкин бўлган 59 та корхона ҳақида: бугунги кунда Тошкент бозорларида пропискасиз болаларини боғчага ва мактабга беролмаётган, бировнинг номига сотиб олган уйларига эгалик қилиша олмаётгани ҳақида ҳикоя қилаётгандим.. Демоқчи эдимки, рўйхатдан ўтиш жараёни реформа қилиниши лозим... Шу вақт...залда йиғилганларнинг вағир - вуғури бошланиб, ҳоким Раҳмонбек ака уларни тинчлантиришга уринди."Биз сизни ҳурмат қилиб чақирдик, сизлар бир - бирингизни ҳурмат қилинглар.." деди. Ва "опа, сиз ҳам чўзиб юбордингиз.." дея қўшиб қўйди. Бирдан саройининг балкондагиларни ҳисобга олмаганда 4 минг одамнинг, 4 минг нигоҳи менга қадалди. Ва залдагилар ҳам "ўтиринг, ўтиринг опа.. пропискага нима бор бу ерда.." дейишди. Энди..менинг ўтиришдан бошқа иожим қолмаган эди. Ҳамма ёғимдан гўё олов чиқаётган эди", деб тасвирлайди ёзувчи ўзининг минбардаги ҳолатини.

Саломат Вафонинг ёзишича, ўйлаб борган ҳамма гапларини раҳбарларга айта олмаган бўлса ҳам, тадбир тугагач, атрофдагилар уни табриклашган. "Метро йўлагига тушгунча ва ҳатто метронинг ичида ҳам мени табриклашарди... сиздай одамлар кўпроқ бўлиши керак" дейишган.

Саломат Вафонинг Фейсбукдаги постига изоҳ қолдирганлар ҳам уни олқишлашган.

Жумладан, Умида Аҳмедова "Барракалло, Саломатхон!" деб ёзган.

Зилолабону Холиқова "Прописка....дейишингиз билан валдираб қолишибдида...охири бахайр бўлсин, лекин жасоратингизга қойил. Бошингиз омон бўлсин. Хозирги энг кераклиги, адабиёт....шу борада бош қотиринглар. Пропискани бошқалар хал қила қолсин. Дангал инсонларни хурмат қиламан" дейди.

Ёзувчи Муҳаммад Исмоил ҳам ўз саҳифасида ҳеч бир изоҳсиз узоқ йиллардан бери матбуот ва телевидениега чиқишига тўсиқ қўйилган бир қатор ёзувчи ва шоирларга эркинлик беришни сўраган Бош вазирдан.

Ушбу мавзуларда мунозараларга қўшилган ижтимоий тармоқнинг бошқа фаоллари "агар ўзгаришлар ростдан ҳам шундай давом этса, айтилган гаплар қоғозда қолиб кетмаса, Ўзбекистонни яқин йилларда яхши ўзгаришлар кутаётгани"дан умидларини изҳор этганлар.

"Одамларга умид берган ўзгаришлар ишқилиб фақат сайловгача бўлмасинда....Порахўрлик, прописка, газ, свет...бу муаммолар ҳал қилинмас экан, эски ҳаммом, эски тос ўзбегим..", деб фикр қолдирган Мистер Икс.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

◾◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾◾Instagram - BBC UZBEK

◾◾Twitter - BBC UZBEK

◾◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾◾Facebook - BBC UZBEK

◾◾Google+BBC UZBEK

◾◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾◾Skype - uzbekbbclondon

◾◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.