Президентликка номзод - Наримон Умаров

Фото муаллифлик ҳуқуқи xalq so'zi
Image caption Narimon Umarov

4 декабрда Ўзбекистон янги президент сайлайди. Бу сайлов натижаларига, ўзбекистонлик журналистлардан бири айтгани каби "ҳатто номзодлар ҳам заррача шубҳа қилишаётгани йўқ". Шунда ҳам мамлакат тарихида ўтган сайловлардан бу галгиси катта фарқ қилади. 4 декабрда ўзбекистонликлар мустақиллик тарихида биринчи бор Ислом Каримовсиз сайловга чиқишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати Ўзбекистон президентлиги учун номзодларнинг таржимаи ҳоллари, дастурлари ва сиёсий қарашлари ҳақида бир қатор мақолалар тайёрлаган.

Шавкат Мирзиёевдан ташқари барча номзодларнинг сиёсий дастурамаллари ва қарашлари сайлов натижаларига таъсир қилмаслигига шубҳа йўқ.

Аммо уларнинг дастурамаллари ва қарашларида фарқ борми?

Мамлакатда расман рўйхатга олинган тўрт партиядан бири "Адолат" ўз раҳбари Наримон Умаровни президентликка номзод сифатида танлаган.

Умаров 2016 йилги Ўзбекистон президенти сайловида иштирок этаётган энг кекса номзод - 1952 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 1974 йили Тошкент политехника институтини муҳандис-гидролог мутахассислиги билан тамомлаган. Геология-минералогия фанлари номзоди.

Фаолиятини 1974 "Гидроингео" илмий-текшириш институтида бошлаган. 1997-2009 йилларда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тизимида ишлаган, 2009-2013 йилларда қўмитага раҳбарлик қилган.

2009 йилдан "Экосан" хайрия жамғармаси бошқаруви раиси, 2013 йилдан "Адолат" партияси сиёсий кенгаши раиси этиб сайланган. 2014 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган, 2015 йилдан палата спикери ўринбосари.

2015 йили бўлиб ўтган Ўзбекистон президенти сайловида мамлакатнинг биринчи президенти Ислом Каримовга рақиб бўлган ва сайловчиларнинг 2,05 фоиз (қарийб 390 минг кишининг) овозини олган. 2012 йили Ислом Каримов томонидан "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.

Оилали, уч нафар фарзанднинг отаси.

Наримон Умаров, "Адолат" социал-демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод

Ҳозирги аҳвол ҳақида қандай фикрда?

Иқтисодий соҳа бўйича

Ўзбекистонда ҳудудлар бошқаруви ҳаддан зиёд марказлашган;

Маблағларнинг асосий қисми Тошкент шаҳрида жамланади ва тақсимлаб берилади, ҳудудлардаги маҳаллий ижро ҳокимиятининг ўз бюджетини тасарруф этиш борасидаги ваколатлари чекланган;

Натижада вилоятлар ва Тошкент шаҳри орасидаги иқтисодий ва ижтимоий номутаносиблик юзага келмоқда, ўз навбатида, ишсизлик ортмоқда, ички миграцияга, кичик шаҳарлар ва чекка ҳудудлар ривожланмай қолмоқда;

2000-2012 йиллар оралиғида ялпи ҳудудий маҳсулот кўрсаткичи бўйича энг яхши ва энг ёмон ҳудудлар орасидаги фарқ 2,5 баробардан 4,6 баробаргача ортган;

Йирик саноат корхоналари фақатгина маълум бир ҳудудларда жойлашиб қолиши ҳудудлараро тафовутнинг кескинлашувига сабаб бўлмоқда;

Маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари зиммасига қонунчилик билан кенг вазифалар юклатилган бўлса-да, уларни амалга ошириш механизми аниқлаштирилмаган;

Маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ҳокимларга бўйсуниши масаласи узил-кесил ҳал этилмаган, ҳокимлар ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишда етарли ваколатларга эга эмас;

Оқибатда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳоким қарор ва буйруқларига беписанд муносабатда бўлишига, ижро интизоми сустлигига, қоғозбозлик ва расмиятчиликка сабаб бўлмоқа;

Вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ҳудуднинг эмас, аввало ўз ташкилотларининг манфаатларини кўзлаган ҳолда фаолият олиб бормоқда;

Айрим тадбиркорлар қўл остида ишлайдиган ходимлар учун зарур ижтимоий, технологик, таълим шароитларини яратмаган;

Баъзи ҳолларда иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатлар меҳнат шартномаси тузилмасдан, "яширин иқтисодиёт" тамойили асосида олиб борилмоқда;

Натижада ходимлар тадбиркор билан муносабатда ҳуқуқсиз бўлиб қоляпти, тадбиркор уларни хоҳлаган пайтда ишан бўшатиши мумкин;

Ходимларнинг пенсия ёшига етганда қилган меҳнатларига яраша нафақа олиши кафолатланмаган;

Ижтимоий муҳофаза соҳа бўйича

Бугун баъзи чекловлар туфайли Ўзбекистоннинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти;

Ўзбекистон фуқаролари айрим тиббий муоалажаларни ўтказиш учун хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқда;

Аҳолининг асосий қисми замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан маҳрум бўлиб қолган;

Ўзбекистон тиббиёт соҳаси илғор жаҳон тажрибасидан ортда қолмоқда;

Ўзбекистонлик юқори малакали врачлар хорижда ишлашни маъқул кўрмоқда;

Тиббиёт соҳасидаги санаб ўтилган муаммолар сабаб, валюта четга чиқиб кетмоқда;

Таълим соҳаси бўйича

Таълим соҳасида камчилик ва муаммолар бор, масалан, олим таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда квоталарнинг мавжуд;

Квоталар мавжудлиги сабаб аҳолининг олий таълим билан қамраб олиниш даражаси бор-йўғи 9 фоизга тенг ва бу кам;

Нималарни ваъда қилмоқда?

Ижтимоий-сиёсий соҳада

Ижтимоий адолат тамойиллари ҳукм сурадиган, аҳолининг даромади бўйича кескин табақаланишга йўл қўйилмайдиган жамият қуриш тарафдори;

Сиёсий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминланиши учун бор кучини сафарбар қилмоқчи;

Давлат органлари фаолиятига ошкоралик, очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кенг жорий этмоқчи;

Давлат хизмати ва давлат хизматчилари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш тарафори;

Бюрократизм ва коррупциянинг ҳар қандай кўринишларини бартараф этмоқчи;

Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти учун янада қулай шароитлар яратмоқчи, уларнинг соғлиқни сақлаш, таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳаларидаги муаммоларни ҳал қилишдаги иштирокини кучайтирмоқчи;

Иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий аҳамимятга молик масалалар юзасидан қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат ижтимоий дастурлари ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини кенг жамоатчилик иштирокида экспертизадан ўтказишни янада кучайтирмоқчи;

Ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини оширмоқчи;

Журналист касби нуфузини оширмоқчи;

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини, соҳа фаолиятининг очиқлиги ва холислигини, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлашга қаратилган суд тизимини комплекс ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошироқчи;

Ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётида самарали натижа бераётган ярашув институтини янада кенгайтирмоқчи;

Қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб бормоқчи;

Ички ишлар, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилиниши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтирмоқчи;

Иқтисодий соҳада

Миллий валюта - сўмнинг барқарорлигини таъминламоқчи;

Четдан қарз олиш масаласига консерватив ёндашади, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришишга ҳаракат қилади;

Бозорнии бошқариш, тартибга солиб туриш зарур, деб ҳисоблайди;

Ҳар бир ҳудуд, ҳар бир вилоят учун ўрта ва узоқ муддатли иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиб, амалга оширмоқчи;

Маҳаллий бюджетларни тасарруф этишда ва инвестицион лойиҳаларни белгилашда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ваколатларини оширмоқчи;

Маҳаллий ва республика бюджетига солиқ ва бошқа мажбурий ажратмаларни тақсимлаш тизимини қайта кўриб чиқмоқчи;

Йирик компанияларнинг марказий бошқарув органларини кичик шаҳарларга кўчирмоқчи;

Кичик шаҳарларнинг ижтимоий ишлаб чиқариш инфратузилмасини республика бюджети ҳисобидан кенг кўламли реконструкция қилмоқчи;

Ҳокимларнинг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортишдаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш тарафдори;

Барча ҳудудий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлигига тавсия этилаётган номзодларни ҳокимлар билан келишиш лозимлигини назара тутувчи меъёрларни татбиқ этмоқчи;

Мамлакатнинг юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолмоқчи;

Маҳаллийлаштириш дастурларини ишлаб чиқиб, Ўзбекистоннинг авваламбор экспортга йўналтирилган иқтисодиётини ривожлантирмоқчи;

Энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантиришга қаратилган замонавий технологияларни кенг миқёсда жорий этмоқчи;

Қайта тикланувчи, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш масалаларига доимий эътибор қаратмоқчи;

"Яшил иқтисодиёт"га ва унга мос технологияларга ўтишни давлат томонидан кенг рағбатлантирмоқчи;

Экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантирмоқчи;

Давлат мулкини ҳимоя қилмоқчи;

Стратегик муҳим объектларни уларнинг социал ва ижтимоий фойдалилигидан келиб чиқиб, давлат тасарруфида қолдирмоқчи;

Фан, янги технологиялар ва экология соҳаларига қўшимча инвестициялар киритмоқчи, бу янги бизнес ва юқори малакали касбларни юзага келтиради, деб ҳисоблайди;

Ижтимоий муҳофаза соҳасида

Давлат фуқаролар ўзларининг жинси, ёши ва кучига тўғри келмайдиган ишлар билан шуғулланмасликларини назорат этиши лозим, деб ҳисоблайди;

Аҳоли бандлигини тўлиқ таъминлаш, ишсизликни минимал даражага пасайтиришга интилади;

Ишчи ва хизматчиларининг олий ўқув юртлари ва бошқа таълим муассасаларида ўқишлари ва малакаларини оширишларига, соғлиғини тиклашга кўмаклашаётган корхона ва ташкилотлар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқчи;

Ходим билан меҳнат муносабатларини расмийлаштирмаган, унинг меҳнатига ҳақ тўлаш, ижтимоий суғурта қилиш, пенсия таъминоти талабларига риоя этмаган тадбиркорларга нисбатан жавобгарликни кучайтирмоқчи;

Дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олишга қарши курашмоқчи;

Трансплантология, ЭКУ (экстракорпорал уруғлантириш) ва бошқа замонавий тиббий хизматларга расман рухсат бермоқчи;

Чет эл врачларини Ўзбекистонда жарроҳлик операциялари ўтказишга доимий асосда ишга таклиф қилмоқчи;

Уй-жой сотиб олиш ва қуриш учун ажратилаётган ипотека кредитлаш жараёнини такомиллаштирмоқчи, унинг фоизларини оптималлаштирмоқчи;

Таълим соҳасида

Ўқитувчилик касби нуфузини оширмоқчи;

Мактаб синфларидаги ўқувчилар сонини оптималлаштирмоқчи;

Аҳолининг олий таълим билан қамралганлигини босқичма-босқич ошириб бормоқчи;

Давлат ва хусусий сектор маблағлари эвазига таълим грантлари ажратилиши тизимини такомиллаштирмоқчи;

Олий таълим муассасаларига қабул қилишдаги квоталар тизимини қайта кўриб чиқмоқчи;

Иқтидорли ёшларни танлаб олиш сифатини ошириб, таълим сифатига қўйилаётган талабларни кучайтирмоқчи;

Хорижда ўқиб келган ўзбекистонликларнинг дипломларини нострификациядан ўтказишни соддалаштирмоқчи;

Халқаро ташкилотлар томонидан ҳар йили жаҳон бўйича энг илғор деб топилган университетларнинг дипломларини автоматик равишда нострификация қилмоқчи;

Ҳудудларнинг муайян иқтисодий ихтисослашуви ва устунликларидан келиб чиқиб, Тошкента жойлашган олий таълим муассасаларини босқичма-босқич тегишли ҳудудларга кўчирмоқчи;

Олий таълим муассасаларини корпоратив турдаги олим таълим муассасаларига айлантирмоқчи;

Корхона ва бирлашмаларнинг инновацион фаолияти, илмий изланиш ва ишланмаларини кучайтирмоқчи;

Қисқа муддатли ўқувларни ташкиллаштирувчи давлат ва нодавлат касб таълими тизимини янада ривожлантирмоқчи;

Ташқи сиёсатда

Ташқи сиёсатда Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон учун устувор, деб ҳисоблайди;

Ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмайди, ҳарбий ташкилотлар билан алоқа қилмайди;

БМТ билан халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни устувор вазифа, деб ҳисоблайди.

Асосий мақсади

Демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

◾ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

◾Instagram - BBC UZBEK

◾Twitter - BBC UZBEK

◾Odnoklassniki - BBC UZBEK

◾Facebook - BBC UZBEK

◾Google+BBC UZBEK

◾YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

◾Skype - uzbekbbclondon

◾bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ