Генерал Абдулрашид Дўстум Тошкентда

Генерал Абдулрашид Дўстум Фото муаллифлик ҳуқуқи COURTESY

Маълум бўлишича, генерал Абдулрашид Дўстумнинг Тошкентга сафари бундан анча аввал, ҳали пойтахт Кобулда режаланган ва Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримовнинг қабрини зиёрат қилиб, унга гул қўйишни мақсад қилган.

(Видеолавҳани BBCUZBEK YouTube каналида томоша қилинг )

Афғонистон биринчи вице-президентининг бир ҳафтача давом этиши айтилаётган норасмий ташрифи кун тартиби борасида бундан бошқа тафсилотлар имконли эмас.

Аммо генерал Абдулрашид Дўстумга яқин манбанинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишича, ўз сафари давомида Афғонистон биринчи вице-президентининг Ўзбекистон раҳбарияти аъзолари билан учрашиб, мулоқотлар олиб бориш эҳтимолини ҳам буткул назардан соқит этиб бўлмайди.

Афғонистон биринчи вице-президенти Туркманистонга бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилояти маркази Шибирғондаги уйида экан, унинг Ўзбекистонга жўнаб кетганига оид хабар олинган.

Генерал Дўстум 15 октябр куни Афғонистон шимолида шу йил ҳисобидан учинчи кенг кўламли ҳарбий амалиётларини бошлаган.

Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистонга қўшни иккита энг беқарор шимолий ва шимолий-шарқий вилояти - Фарёб ва Қундузни жангарилардан тозалашга аҳд қилган.

Аммо орадан икки ҳафтача ўтиб, янги ҳарбий амалиётларига фақат Фарёб вилоятининг ўзи билангина якун ясаган ва Шибирғондаги уйига қайтиб кетган.

Фарёбдаги ҳарбий амалиётлар чоғида карвонининг пистирмага дуч келиб, Афғонистон биринчи вице-президентининг яраланганига оид хабарлар ҳам олинган, аммо жаноб Дўстум ва унинг девони бу даъволарни кескин рад этиб чиқишган.

Орада генерал Абдулрашид Дўстумнинг Афғонистон шимолидаги айрим хавфсизлик кучлари масъулларининг фаолиятидан жиддий норози бўлгани ҳам маълум бўлганди.

Буларнинг барчаси ортидан...

Ўтган ҳафта душанба куни жаноб Дўстум Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғаний ва ижроий раиси доктор Абдулла Абдуллаларни кескин танқид остига олган.

Бу икковлонни миллатчиликда айблаган, мамлакат хавфсизлик кучлари ўртасида ҳам худди шунга мувофиқ ҳамоҳанглик йўқлигини айтган ва мавжуд ҳолатни кескин танқид қилган.

Бундан ташқари, президент Ғанийни Афғонистонда қудратни якка ўзининг қўлида жамлашда ҳам айблаган, тезда Лоя Жирга чақириш, мамлакат раҳбари ва муовинлари ваколатларини конституцияга мувофиқ белгилаб берилишига даъват этган.

Президентлик саройи ҳам узоқ куттириб ўтирмаган, орадан кун ўтиб, қарши баёнот билан чиққан, Афғонистон биринчи вице-президентининг бу каби кескин танқидлари лозим идоралар томонидан текширилиши лозимлигини айтганди.

Шу ҳафта якшанба куни Шибирғонда қайта чиқиш қилган генерал Абдулрашид Дўстум яна бир бор худди шундай мазмундаги баёнот берган, бунга қўшимча, ўз танқидлари жиддий инобатга олинмаса, Шибирғондан пойтахт Кобулга қайтиб бормаслиги билан ҳам огоҳлантирганди.

Аммо

Афғонистон биринчи вице-президентининг сўнгги чиқишидан икки кун ўтиб, шу ҳафта чоршанба куни икки ўртада мавжуд зиддиятнинг юмшагани нишоналари пайдо бўлган.

Шибирғондан президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг генерал Абдулрашид Дўстумга сим қоққани, унинг норозилигини жоиз ва талабларини ҳақли, деб билишини айтгани маълум бўлган.

Аён бўлишича, бундан ташқари, президент Ғаний Ғўрмочдаги генерал Абдулрашид Дўстумнинг карвони билан боғлиқ пистирма ҳодисасини текшириш учун вазирлик миқёсида махсус ҳайъат ташкил этилишига ҳам ваъда берган.

Афғонистон биринчи вице-президенти матбуот воизи Башир Аҳмад Таянчнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, мамлакат раҳбари ваъда қилган бу ҳайъат шу кунларда ўз фаолиятини бошлайди.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, президент Муҳаммад Ашраф Ғаний томонидан ўз талабларининг ижроси борасида ҳалича аниқ ваъдалар янграмаган эса-да, генерал Абдулрашид Дўстум сешанба кунги телефон мулоқотидан қониқиш ҳосил қилган.

Аммо бу суҳбатларнинг ҳали яна давом этиши ва ўзларининг айтган сўзларидан ортга қайтмасликларини билдирган.

Яна

Башир Аҳмад Таянчнинг айтишича, телефон мулоқоти манзарасида Афғонистон шимолидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўрганиш учун Жаузжонга пойтахт Кобулдан ҳукуматнинг қатор вазирларни ўз ичига олган махсус ҳайъати ҳам ташриф буюрган.

Афғонистон биринчи вице-президентининг Ўзбекистонга норасмий ташрифи ана шу воқеалардан қисқа вақт ўтмай амалга оширилган.

Агар, матбуот воизининг сўзларига таянилса, генерал Абдулрашид Дўстум келаси йигирма кун ва ё бир ой ичида пойтахт Кобулга қайтади.

Президент Муҳаммад Ашраф Ғаний Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг 3 сентябр куни Самарқандда бўлиб ўтган расмий дафн маросимида шахсан иштирок этган.

21 сентябр куни эса, турли ижтимоий-мулоқот тармоқларида Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилояти қудратли ҳокими генерал Муҳаммад Ато Нурнинг марҳум президент Ислом Каримов қабрига гул қўяётгани суратлари пайдо бўлганди.

Генерал Абдулрашид Дўстумнинг Ўзбекистон ва Қозоғистонга норасмий ташрифи ҳақидаги энг сўнгги хабарлар 2014 йилнинг бошида олинган.

Ўша пайтда жаноб Дўстум апрел ойига режаланган Афғонистон президентлиги сайловларида Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг номзоди учун бу давлатлар дастагини қўлга киритиш ниятида экани айтилган.

Бундан ташқари, бу икки Марказий Осиё мамлакатининг ҳарбий ва техник кўмакларига кўз тикаётган бўлиши эҳтимоллари ҳақида ҳам сўз борганди.

Афғонистон биринчи вице-президентига яқин манбаларнинг Би-би-си Ўзбек Хизматига айтишларича, Ўзбекистонга сўнгги норасмий ташрифнинг президент Муҳаммад Ашраф Ғаний билан икки ўртада яқинда келиб чиққан зиддиятга ҳеч бир алоқаси йўқ.

Яна бир учрашув

Генерал Абдулрашид Дўстум Ўзбекистонга норасмий ташрифини бошлаган бир кунда Афғонистон ижроий раиси доктор Абдулла Абдулла Бишкекда Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов билан учрашган.

Уларнинг икки томонлама учрашувлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши манзарасида бўлиб ўтган.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, икковлон Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида савдо-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатлари муносабатларни янада ривожлантириш масаласини муҳокама қилишган.

Ҳар икки томон ҳам бу халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталарини изчил мустаҳкамлашга тайёр эканликлари қайд этилган.

Сўнгги бир неча ўн йиллик урушлар сабаб, шу пайтгача Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида асосий урғу хавфсизлик масаласига бериб келинган.

Аммо шу ой бошида Ўзбекистон муваққат президенти ва Бош вазири Афғонистонга бевосита чегарадош жанубий Сурхондарё вилоятига қилган сафари чоғида янгича мазмундаги баёнот билан чиққан.

Шавкат Мирзиёев ўзининг Афғонистонга оид илк баёнотида қўшнилари билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш лозимлиги хусусида сўз юритган. Айниқса, савдо-сотиқни кучайтириш масаласига алоҳида диққат қаратган.

Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг Ислом Каримовнинг дафн маросимида иштирок этиш учун Ўзбекистонга қилган ташрифи "ўзлари, эл ва президентга нисбатан ҳурмат белгиси" бўлганини айтган.

Тез орада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилларининг Афғонистонга бориб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича йирик битимларни имзолашларини ваъда қилган.

"Бундан кейин ҳам меҳнаткаш афғон халқи билан ҳамкорликни ҳар томонлама мустаҳкамлаш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун қўлларидан келгунча ҳаракат қилишлари"ни айтганди.

Ва...

Шу кунларда Афғонистон президенти махсус ҳайъатининг пойтахт Тошкентда бўлиб, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашгани маълум бўлган.

Хабарларга кўра, Тошкентдаги бу учрашув чоғида ҳам икки давлат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш истиқболлари ҳақида сўз борган.

Музокаралар чоғида Афғонистонни президент Муҳаммад Ашраф Ғанийнинг Иқтисодий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Ҳумоюн Қаюмий, Марказий Осиё ва Россия билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича махсус вакили Муҳаммад Шокир Коргарлар намоён этишган.

Ўзбекистон муваққат президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга қилган сафари чоғида Абдулазиз Комиловнинг ўтган ой бошида Афғонистонга донор давлатларнинг Брюсселда бўлиб ўтган йирик халқаро анжуманида ҳам афғон раҳбари билан учрашиб, ҳамкорлик масаласини муҳокама этгани аён бўлганди.

Ўзбекистонни Ташқи ишлар вазири намоён этган ва 4-5 октябр куни бўлиб ўтган бу анжуманда халқаро ҳамжамият келаси тўрт йилни кўзда тутиб, Афғонистонга $15 миллиард доллардан ортиқ молиявий ёрдам ваъда қилганди.

Таҳлилчиларга кўра, минтақа давлатлари ва Афғонистон орасида савдо-иқтисодий алоқаларининг кучайиши нафақат иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлади, балки-да, алал-оқибат, йилларки, улар барчасини бирдек хавотирга солиб келаётган исёнчилик муаммоасининг ҳам барҳам топишига замин яратади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ